U-23 Осиё кубоги. Ўзбекистон бош мураббийи Эронга қарши ўйиндан кейин фикр билдирди
Саудия Арабистонида 23 ёшгача бўлган терма жамоалар ўртасида Осиё кубоги давом этмоқда. “C” гуруҳининг иккинчи туридан ўрин олган учрашувда Ўзбекистон Эрон билан 0:0 ҳисобида дуранг қайд этди. Беллашувдан сўнг терма жамоамиз бош мураббийи Равшан Ҳайдаров ўйин ҳақида ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
"Бу жамоага қарши очиқ футбол кўрсатиш қийин эди. Бунга сабаб — уларнинг тезлиги ва жисмоний жиҳатдан устунлигини инобатга олдик. Шунга қарамай, тактик жиҳатдан ишлаб чиқилган режаларимиз бор эди. Масалан, узун паслар — бу режанинг бир қисми эди. Ўйин давомида кўрганингиздек, бир-икки марта самара берди. Дарвозабоннинг узатмасидан сўнг иккинчи зонадан очилиб, ҳужум уюштириш ҳам тайёрланган вариант эди. Ҳар доим ҳам майда паслар билан ўйнаш ва олдинги чизиқда доимий прессинг қўллаш хавфли бўлиши мумкин.
Шунингдек, рақибнинг ҳимоячилари юқорига кўтарилиб ўйнади. Натижада биринчи бўлим давомида ҳар икки жамоада ҳам бир неча хавфли вазиятлар юзага келди. Амирбек Саидов ушбу тактикада муҳим роль ўйнади, чунки у ҳимоячиларни ўзига жалб қилиб, Ибрагимов ҳамда Алиев учун бўш ҳудудлар очиб берди.
Футболчиларда ҳеч қандай қўрқув йўқ. Биринчи навбатда тартиб-интизомга эътибор қаратяпмиз. Ҳозир биз ривожланиш босқичидамиз. Ўйлайманки, келгусида кучли жамоаларга қарши ҳам ҳужумкор футбол кўрсата оладиган даражага етамиз", — деди мутахассис.
Маълумот учун, кейинги турда Ўзбекистон U-21 терма жамоаси Жанубий Кореяга қарши майдонга тушади. Учрашув 13 январь куни бўлиб ўтади.
Фикрлар