У пул учун эмас, ўзбек футболига ҳиссасини қўшиш мақсадида келмоқда - Алишер Шоғуломов

Про-лигада иштирок этаётган “Оқтепа” жамоаси бир жойда тўхтаб қолишни истамайди. Шу боис қандайдир изланишлар ва ўзгаришларни хуш кўради. Бунга мисол қилиб айтадиган бўлсак, шу кунларда жамоада испаниялик мутахассис иш бошлаши кутилмоқда. Бу эса чиндан ҳам клуб учун жиддий бурилиш десак муболаға қилмаган бўламиз. “Оқтепа” бу билан катта мақсадларни кўзлаётганини билиш мумкин. Айни пайтда клубни бошқариб турган собиқ футболчи Алишер Шоғуломов янги келаётган мутахассис ҳақида гапирди.

Испаниялик мураббий билан музокаралар қандай кечди?

-  Жамоамизда Фаррух исмли мутахассис маркетинг бўлимида ишлаб, клубни ривожлантириш ишлари билан шуғулланаётганди, - дея гап бошлади, Шоғуломов. - У билан бирга четдан мураббий олиб келиш режасини ўйладик ва ўзимдан келиб чиққан ҳолда хориждан яхши мутахассис олиб келиб, бирга ишлаш ниятимизни амлага оширишни бошладик. Натижада асли аргентиналик бўлган Серхио Маринангели билан музокараларга киришишдик. У Испанияда мураббийлик фаолиятини олиб боради. Маринангели билан алоқага чиқдик, маслаҳатлашдик. Фикримиз бир-бирига мос тушди. Тўпни назорат қилиш, прессинг уюштириш каби услубларда ишлашни у ҳам ёқтирар экан. Испаниялик мутахассис нафақат асосий жамоамизда ишлайди, балки академия ва клуб структурасида фаолият олиб боради. Айтишим жоизки, биз уни ўзимиз топиб, ўзимиз алоқага чиқдик. Олдин ишлаган жамоалари билан қизиқдик. У тўғрисида ҳамма жойда фақат яхши гаплар бўлди. Охир-оқибат ўзи билан ҳаммасини бафуржа гаплашганимиздан сўнг маъқул келди.

У қачон келади?

-  Худо хоҳласа, 23 сентбярь куни кечки пайт Тошкентга келади. Йўқ, у бош мураббий лавозимида ишламайди. Ҳозирча клуб структурасига ёрдамчи мураббий бўлиб келяпти. Оғзаки келишувга кўра, дастлаб шу мавсум охирига қадар ишлайди. Кейинчалик унга ҳам, бизга ҳам маъқул келса, яна ҳамкорликни давом эттирамиз. Гарчи асосий жамоамиз билан мавсум охиригача келишувга эришган бўлса-да, академиямизда ундан кейин ҳам ишлашни давом эттираверади.

Хорижлик мураббий қанча ойлик маош олади?

-  Тўғрисини айтсам, ойлик маошини мен эмас, клуб раҳбарлари ҳал қилишади. Аммо унинг учун ҳам бу янги чақирув бўлди. Очиғи, испаниялик мутахассис бу ерга пул учун келмаяпти. Бу ерда ўзини кўрсатиш ва ўзбек футболига ҳиссасини қўшиш мақсадида келяпти. Клуб томонидан қўйилган вазифа шундайки, ушбу мураббийдан фойдаланган ҳолда терма жамоаларимизга иқтидорли ёшларни ўстириб келиш мақсадида олиб келиняпти. Биз ўзбек футболига янгилик олиб киришни ва бу борада ўсиши учун ҳиссамиз тегиши мақсадида ҳаракат қиляпмиз. Биласиз, “Оқтепа” шахсий клуб. Аммо кимдир нотўғри тушуняпти. Жамоамизга келиб, ишлаш структурамизни кўргач, фикрлари ўзгаради.

Жамоанинг бу йилги вазифаси қандай?

-  Ҳар йили “Оқтепа” олдига максимал вазифа қўяди. Бу йил ҳам Суперлигага чиқиш мақсади қўйилган. Бироқ пандемия сабабли клубда молиявий тарафдан муаммолар бўлди. Бундай ҳолат биргина бизда эмас, бошқа жамоаларда ҳам юз берди. Шунинг учун 4-5 нафар етакчи футболчиларимизни ижарага беришга мажбур бўлдик. Ўйлайманки, ҳозир ҳаммаси яхши, вазият жойга тушяпти. Аста-секин ижарадаги ўйинчиларимизни ҳам қайтарамиз. Бу йил қўлимиздан келса, мақсадимизни бажаришга ҳаракат қиламиз. Бунинг учун бор кучимизни сарфлаймиз. Ушбу мақсадимиз йўлида янги келаётган хорижлик мутахассис ҳам ўз ҳиссасини қўшади деб ўйлайман.

Клубда бош мураббий ким?

-  Ҳозирча жамоада ўзим бош мураббийлик қилиб турибман. Чунки Александр Ежов оилавий сабабларга кўра, Хоразмга кетди. Ўйлайманки, про-лигадаги “Оқтепа”, “Шўртан”, “Динамо” каби жамоалар Суперлигадаги “Қизилқум, “Бухоро”, “Андижон” сингари клублар билан бемалол беллаша олади. Улардан кучли бўлса кучлики, кам жойи йўқ. Бу йилги про-лигада яхши ўйинлар бўляпти ва чемпионат қизиқарли кечяпти.

 

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)

Минбар

Барча блоглар