Убайдуллаевнинг Нестеров дарвозасига чалқанча гол ургани ҳақида - Менимча у бундай зарбага тайёр эмасди

Турнинг чиройли, шиддатли ва кутилмаган натижаларидан бири Тошкентдаги “Локомотив” – “Металлург” баҳсида кузатилди.

Агар беллашувдан аввал кимдир бекободликларнинг жавобсиз учта гол уриши ҳақида айтса, бунга кўпчилик ишонмаган бўларди. Лекин футболда ҳамма нарса бўлиши мумкинлигини “Металлург” футболчилари амалда яна бир бор кўрсатиб қўйишди.

Бундан ташқари, тажрибали дарвозабон Игнатий Нестеров ўз дарвозасидан жуда аламли голларни ўтказиб юборди. Айниқса, захирадан майдонга тушган ҳужумчи Шаҳзод Убайдуллаевнинг чалқанча усулда Нестеров дарвозасига урган голи жуда чиройли чиқди. Ўйин тугаганидан сўнг ушбу футболчи Sports.uz мухбирининг саволларига жавоб қайтарди ва дастлаб учрашув ҳақидаги таассуротлари билан ўртоқлашди.

-  Карантиндан кейин ҳаммага ҳам қийин бўлди, - дея гап бошлади, Убайдуллаев. - Менимча, жамоадошларим бугун характер кўрсатишди ва шунинг эвазига ютиб кетдик деб ўйлайман.

-  Киритган голингиз нафақат турнинг, балки мавсумнинг энг чиройли голларига даъвогарлик қилади. Ўша вазиятда зарбани таваккал йўллаганмидингиз ёки...

-  Ҳаммаси олдиндан ўйлагандек бўлди. Нимагаки, ҳар доим машғулотларда ҳам чалқанча зарба бериш устида ишлайман. Айниқса, ёшлигимдан мана шундай голлар уришга қизиқаман.

-  “Локомотив” дарвозасини Игнатий Нестеров қўриқлаётганди ва у Ўзбекистоннинг энг кучли посбонларидан бири. Шу боис Нестеровга бундай гол уриш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди. Балки ўйиндан аввал ушбу дарвозабоннинг ожиз томонларини ўрганганмидингиз?

-  Юртимиздаги ҳамма дарвозабонлар ўзига яраша кучли. Шунчаки, уларга зарба бериш керак. Кирса кирди, кирмаса йўқ! Ҳақиқатан Нестеров кучли дарвозабон. Менимча, унинг кучсиз жиҳатлари қаерда эканлигини ҳам билмасам керак. Назаримда,  у бундай зарбага тайёр эмасди. Менинг бундай ҳолатда тепишимни кутмаган бўлса керак.

-  Аммо ҳеч ким ўйиндан олдин “Металлург”нинг сафарда 0:3 ҳисобида ғалаба қозонишини кутмаганди. Сиз ҳам бундай ҳисобни ўйламаганмидингиз?

-  Учрашувдан аввал жамоадошим Аброр Тошқўзиев билан гаплашиб, захирадан майдонга тушиб, битта-битта гол уриб, жамоамизни ғалаба сари етаклаймиз, деб гаплашгандик. Ғалаба қозонишимиз учун кўнглимиз тўқ эди. Захирадан майдонга тушиб голлар уришни ният қилгандик ва бунга эришдик ҳам.

-  “Металлург” устози Андрей Шипилов учрашувдан аввал сизларга қандай кўрсатмалар берганди?

-  Тўғриси, мураббийимиз мени уч-тўрт кундан бери захирадан майдонга туширишга тайёрлаб бораётганди. Барибир карантиндан сўнг футбол ўйнашга ҳамма қийналади-ку. Шу боис мураббийимиз улар чарчашган пайтда сен тайёр бўлиб майдонга тушасан ва жамоага ёрдам берасан деб менга ишонч билдираётганди. Демоқчиманки, менинг захирадан ўйинга қўшилишим олдиндан ўйланган режа эди.

-  “Металлург” бу йил нечанчи ўрин учун курашади?

-  Кучли бешталикка ҳаракат қиламиз.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!