"UFC 270" турнирининг марказий жангларида кимнинг имконияти юқори? (Таҳлил)
Хабарингиз бор, 23 январь куни “UFC 270” турнири ташкил этилади. Мазкур жанг кечасидан икки чемпионлик жанги ўрин олган. Марказий жангда оғир вазн тоифаси чемпиони “Йиртқич” номи билан машҳур Фрэнсис Нганну даъвогар Франция вакили Сирил Гандан ўз титулини ҳимоя қилади. Иккинчи марказий жангда эса супер енгил вазн тоифаси чемпиони Брендон Морено принципиал рақиби Дейвесон Фигередо билан баҳс юритади. Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, бу уларнинг учинчи тўқнашуви ҳисобланади.
Хуллас, бизни ажойиб ва қизиқарли ўтиши кутилаётган жанглар кутиб турибди. Биз эса, юқорида тилга олинган икки жанг борасида ўз таҳлилий қарашларимиз билан ўртоқлашамиз.
Брэндон Морено – Дейвесон Фигередо
Ушбу трилогия ҳам барчани диққат эътиборида бўлади, десак янглишмаган бўламиз. Шу ўринда уларнинг дастлабки тўқнашувларидаги натижаларга тўхталадиган бўлсак, илк жанг дуранг ва иккинчи баҳсда Морено сабмишен эвазига ғалаба қозонганди.
Умуман олганда дастлабки дуранг жангида ҳам Морено рақибига қарши яхшироқ ҳаракат қилган эди. Учинчи жанг ҳам шубҳасиз, муросасиз тарзда ўтиши турган гап. Албатта, Фигередо чемпионлик титулини қайтариб олиш учун бор имкониятини ишга солади.
Энди, имкониятларга эътибор қаратадиган бўлсак, мазкур баҳсда ҳам Моренода бироз устунлик жиҳатлари бор. Биринчидан, унинг Фигередога нисбатан “иммунитети” яъни руҳий устунлиги мавжуд. Қолаверса, Фигередони вазни, габарити ҳам Моренога нисбатан катта ва у вазн ташлашда рақибига нисбатан бироз қийинчиликка дуч келади. Яъни, кўпроқ вазн ташлайди ва қайсидир маънода кўпроқ энергия сарфлаган ҳолда етиб келади. Шунингдек, ҳар иккисининг арсеналига эътибор қаратадиган бўлсак, Моренонинг арсенали мукаммалроқ ҳамда кучлироқдек кўринади.
Шу нуқтаи назардан, ушбу қарама-қаршиликда 55/45 ҳисобидаги устунликни Моренога берган бўлардим. Албатта, бу шахсий фикрим ва юқоридаги омилларнинг бари нисбий тушунча...
Фрэнсис Нганну – Сирил Ган
Шубҳасиз, йил жангига даъвогарлик қиладиган тўқнашув десак, янглишмаган бўламиз. Нганну доимгидек зарба кучига таянса керак. Аввалги Стипе Миочич билан жангига тайёргарлик жараёнида у Камару Усман билан ҳам ишлаганди. Яъни, Усман ўша “кемпинг”ида иштирок этганди. Қайсидир маънода Усман уни сабрли бўлишга, ўзини чарчатмасликка ва техникага эътибор қаратишга ўргатган эди. Агар, Нганну техникага урғуни қаратадиган бўлса, уни мағлуб этиш жуда қийин. Чунки, уни нокаут қилишни ўзи бўлмайди. Аксинча, у қарши ҳужумда “ухлатиб” қўйиши мумкин. Сирил Ганга қарши жангда у ўзининг кучли босими ва “даҳшат”ли зарбасига таянган ҳолда, тезроқ нокаут қилишга уринадими ёки бошқа, буни жанг куни билиб оламиз.
Сирил Ган эса вазнига нисбатан жуда тезкор жангчи ҳисобланади.Айниқса, оёқлари гўёки енгил вазн тоифасидаги жангчиларники каби ҳаракатланади, десак муболаға бўлмайди. Қолаверса, Ганчалик Нганнуни яхши биладигани бўлмаса керак. Чунки улар авваллари бир жамода машғулот ўташган, кўплаб спаррингларда иштирок этган. Қисқа қилиб айтганда, франциялик жангчининг тактикаси Нганнуни чарчатиб, очколар эвазига ютишга қаратилган бўлса, ажаб эмас. Умумий олиб қараганда имкониятлар 50/50.
Албатта, бу шунчаки тахминлар холос ва шахсий фикр! Юқорида таъкидлаб ўтганимдек, ММАда жумладан, UFC промоушенидаги чемпионлик жангида ҳар қандай ҳолат юзага келиши мумкин.
Шунингдек, бу жанг кечасида яна бир тўқнашув борки, ушбу қарама-қаршилик барчани қизиқишига сабаб бўлаётганлиги тайин. Яъни, Мовсар Евлоев ҳамда Илия Топурия баҳси... Бу борада кейинроқ сўз юритамиз.
Фикрлар