"UFC 308" турнирининг асосий кард дастлабки жанги "темир оёқлар" тўқнашуви бўлади

  • 16 октябрь, 13:49
  • 0
  • MMA

ММА ихлосмандлари шубҳасиз "UFC 308" турнирини кутаётганлиги сир эмас. Чунки кард шунчалик зўрки, ҳатто ММАга қизиқмаган инсонлар ҳам бу жанг оқшомига бефарқ бўла олмасалар керак. Хуллас, "файт-карт" ажойиб кўриниш олган. Биз ушбу турнирнинг асосий кард тўқнашувлари ҳақида қисқача таҳлилий фикр юритишни лозим топдик. Дастлаб асосий кардни очиб берувчи тўқнашув - Шарабутдин Магомедов ва Армен Петросян тўқнашувига тўхталамиз. 
 
Шарабутдин Магомедов (Шара Буллет (14-0) - Армен Петросян (9-3)

-
Бу жангда услублар тўқнашувини томоша қиламиз десак, янглишмаган бўламан. Таъбир жоиз бўлса, "темир оёқлар" баҳсини кўрамиз. Петросян ҳам Шара каби муайтай, кикбоксинг вакили саналади. Петросянга UFCда  катта ишончлар билдирилган эди. Сабаби у ярим оғир вазн тоифасида AMC Fight Night Global чемпиони бўла олган. Бу йўлда Артур Алиаскеров, Дмитрий Минаковларни ҳам мағлуб эта олганди. Бироқ Петросян UFCда 5 та жанг ўтказди ва уларнинг 2 тасида мағлубият аламини тотиб кўрди. Дастлаб Кайо Боральо уни тўхтатган бўлса, сўнги жангида у Родолфо Виейрадан ҳам мағлуб бўлди. Маълумки, у UFCга қадар асосан ярим оғир вазнда (93,кг) ҳаракат қилган. UFCда эса ўрта вазн (83,9 кг) тоифасида жанг қилмоқда. Албатта, унда вазн ташлаш муаммоси ҳам йўқ эмас. Қолаверса, у бу дивизион учун бироз секинроқдек ҳам тассавур уйғотади. 
 
Шара Буллет ажойиб ғалабали серия билан келмоқда. Ҳа, UFC учун имидж ҳам муҳим роль ўйнаши аниқ. Шара учун алоҳида рақиблар танланмоқда десам янглиш гумон бўлмаса керак. Дастлаб Бруно Силва, кейин Михал Олексейчук ва Армен Петросян. Ҳозирча Шара Буллетни кураши кучли бўлган рақибларга рўбарў қилмаса керак. Чунки Дана Уайтга мана шундай шоу кўрсатиши мумкин бўлган жангчилар кўпроқ керак. Хуллас, учта рақиб берилди ва барчаси "ударник" ва асосан "стойка"да жанг олиб борувчилар саналади. 


Имкониятларга тўхталсак, юқорида айтиб ўтганимдек, Петросян бироз секинроқ ва Шара бундан унумли фойдаланса керак. Тўғри, зарба кучи борасида Петросян мақтана олади. Аммо, ундан-да нокаут қилувчи кучга эга 19 та ғалабасининг 14 тасини нокаут ва техник нокаут билан ютган Олексейчукнинг зарбаларига ҳам Шара дош бера олди. Демак, унинг зарба кўтариши, жағи бақувват эканлигини ҳам айтиб ўтиш даркор. 

Демак, "стойка"да Шара Буллетда устунликлар бор. Петросян "стойка"да омади келмаса, (худди Лерой Данканга қарши кечган жанг каби) жангни "партер"га кўчиришга ҳаракат қилади. Чунки унинг кураши Шараникидан кўра анча яхшироқ. Бироқ, грепплинги борасида, "партер"даги назорати ҳақида бирор фикр билдириш мушкул. Шаранинг дебют жангини томоша қилиб, у ётган ҳолатида ҳам позицияни яхши танлай олиши ва тирсак зарбалари билан ажойиб ишлай олишига гувоҳ бўлгандик. Хуллас, Шара Буллетда плюс жиҳатлар кўп ва бу жангда унинг имконияти юқорироқдек кўринмоқда. Жанг  тўлиқ давом этган ҳолда очколарга кўра Шара ғалабани қўлга киритса керак деган фикрдамиз. Имкониятларни 55/45 дея баҳолаган бўлардик. Албатта, бу нисбий тушунча ва шахсий фикримиз холос. Аслида, ким ғалаба қозонишини 26 октябрь куни билиб оламиз!

Кейинги қарама-қаршилик - Магомед Анкалаев ва Александр Ракич бўлади. Бу борада ҳам тез фурсатлар мобайнида тўхталамиз...

                                                                                                                                                                                                                                                           Аҳмадбек ЭШМАТОВ тайёрлади

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!