UFC афсонаси Жейк Полни ММАдаги дебют жангига тайёрлайди!
Машҳур боксчи-блогер Жейк Пол аралаш жанг санъатларидаги дебюти олдидан UFC афсонаси Ройс Грейси билан ҳамкорликда машғулотлар ўтказиш бўйича музокараларни бошлади. Бразилия жиу-житсу устаси ва унинг оила аъзолари америкалик спортчига партерда ишлаш сирларини ўргатиши кутилмоқда.
Бу ҳақда MVP асосчиларидан бири Накиса Бидариан "New York Post" нашрига берган интервьюсида маълум қилди.
"Пол бу қарорни қабул қилган заҳоти бутунлай машғулотларга шўнғиди. Кеча кечқурун биз Ройс Грейси билан суҳбатлашдик, у ва оиласи Полнинг жиу-житсу бўйича тайёргарлик жараёнида ёрдам беришини сўрадик. Жейк бирор ишга киришса, ўзига хос тарзда унга тўлиқ бел боғлайди", — деди Бидариан.
Аввалроқ, Жейк Пол боксда бир қатор UFC жангчилари — Андерсон Сильва ва Нейт Диаз устидан ғалаба қозонган. Блогернинг октагондаги илк баҳси ҳам айнан MVP лигаси ташкил этилиши кутилмоқда.

Фикрлар