UFC чемпионининг мураббийи Ўзбекистонда! (Интервью)

  • 12 август, 2022, 17:24
  • 0
  • MMA

Бразилиялик Токио Олимпиадаси чемпиони Хеберт Консейсаонинг юртимизга ташрифи ва 13 август куни "Ҳумо Арена"да ташкил этилувчи профессионал бокс оқшомида дебют қилиши ҳақида батафсил маълумот бергандик. 

Бугун ташкил этилган вазн ўлчаш маросимида унинг мураббийи Луис Дореага қисқача саволлар билан мурожаат қилдик. Эътиборимизни тортган жиҳати, ушбу мураббий  бразилиялик ТОП ММА жангчиларига ҳам устоз эканлиги бўлди ва биз табиийки, у билан ММА борасида ҳам суҳбатлашдик. 

- Жаноб Дореа, сизни нафақат Хебертнинг, балки бразилиялик кучли ММА жангчиларининг ҳам устози эканлигингиз ҳақида эшитдик?

- Ҳа, кўплаб ММАда фаолият юритадиган шогирдларим бор. Аксарияти UFC чемпионлигини ҳам қўлга киритган. 

- Келинг, уларнинг ким эканлигига ҳам ойдинлик киритсак?

- Энг машҳурлари Рожериу ҳамда Родриго Ногуэйра, Витор Бельфорт, Андерсон Сильва. 

- Уларга боксдан сабоқ берганмисиз?

- Ҳа, албатта. Мен бокс мураббийиман. 

- Андерсон Сильва ҳамда Витор Бельфорт ўзаро жанг қилганди. Ўшанда қандай ҳолатга тушгансиз?

- Мен ёлғон гапира олмайман. Тўғриси, Андерсон Сильвани ютишини хоҳлаганман. Чунки, у билан 20 йил ишлаганман. Бельфорт билан эса 6 йил шуғулланганман. 

-  Юқорида санаб ўтган шогирдларингизнинг қай бирини вазн тоифасидан келиб чиқиб, "панчер" деб ҳисоблайсиз?

- Албатта, Андерсон Сильва. 

-  Андерсон Сильва Крис Вайдмандан учралган мағлубиятдан, даҳшатли жароҳатдан кейин ўзига кела олмади ва муваффақиятсизликлари кўпайиб кетди. Мураббийи сифатида сиз ўз вақтида спортни тарк этишини айтмаганмисиз?

- Вайдмандан кейин яна ўша оёғидан жароҳат олди. Мен 1 йил мобайнида ундан фаолиятини якунлашини сўраганман. Бироқ, у ўша вақт катта спортни тарк эта олмади. 

- Қизиқ жиҳати, Сильва профессионал боксда кичик Хулио Сезар Чавесни мағлуб эта олди. Ўша жангга ҳам сиз тайёрлаганмидингиз?

- Худди шундай. Биласизми, у расмий тарзда профессионал боксда фаолият юритишни хоҳламоқда ва тайёргарликни жиддий равишда олиб бормоқда. 

- Бразилия футболи, деса кўз олдимизга Пеле келади. Жиу-житсу борасида Грейсилар оиласи, волейболда Жибани айтишимиз мумкин. Бразилия боксидачи?

- Эдер Жофри. 

- Яна бир бизни қизиқтирган воқейликлар юзага келди. Бразилия матбуоти ҳамон Хеберт Консейсаони профессионал боксдаги дебютини 26 августда бўлади, деб ёзмоқда?

- Илк жангимизни ўтказиш учун Ўзбекистонга келдик. 2-жангимиз Бразилиядаги дебютимиз бўлади. 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!