UFC чемпионларининг кушандаси ёхуд Дана Уайтнинг армонига айланган чемпион!
ММА оламида Фёдор Емельяненконинг ҳурмати жуда юқори. Уни бутун дунёда қадрлашади ва эъзозлашади. “Сўнги император” деб ҳам бежизга ном беришмаган. Узоқ йиллар жаҳоннинг биринчи рақамли жангчиси сифатида дуч келган рақибларини мағлуб этиб келди. Гарчи, у ММА йўналишида жаҳоннинг биринчи рақамли промоушенига айланган UFC да бирор марта жанг ўтказмаган бўлса-да, ўз вақтида унданда машҳурроқ бўлган “Pride”даги фаолияти орқали жаҳондаги барча мухлисларни меҳрини қозона олганди. Ҳали-ҳануз уни ушбу спорт тури бўйича биринчи рақамли жангчи сифатида эътироф этишади. Юқорида таъкидлаб ўтганимиздек Емельяненко бирор марта UFC турнирида жанг ўтказмаган. Лекин фаолияти мобайнида ушбу промоушеннинг 6 нафар чемпионини мағлуб эта олганди.
Қуйида ушбу натижалар билан танишинг:
1. Атонио Родриго Ногуэра
Бразилиялик мазкур жангчи 2008 йил UFC нинг вақтинчалик чемпионлик камарини қўлга киритади. Фёдор у билан икки бор, 2003 (Pride 25) ва 2004 (Pride FC - Final Conflict) йилларда тўқнаш келади ва ҳар иккисида ҳакамларнинг якдил қарорига кўра, Емельяненко ғалаба қозонади.
2. Марк Коулман
ММА оламининг афсоналаридан бири билан ҳам Емельяненко икки бора дуч келади. Улар ҳаётда қалин дўст бўлишганлигини ҳам таъкидлаб ўтиш зарур. Дастлабки жанг 2004 (Pride FC - Total Elimination ) йилда бўлиб, россиялик жангчи биринчи раунднинг ўзида қўлни тортиш “армбар” усули билан ғалаба қозонади. Иккинчи тўқнашув 2006 (Pride 32) йил бўлиб, биринчи жанг сценарийси такрорланади. Фақат бу сафар иккинчи раундда муваффақиятли “армбар” дан сўнг жанг якунланади. Дарвоқеа, Марк 1997 йил UFC чемпионлигини қўлга киритган эди.
3. Кевин Рендлмен
2004 (Pride FC - Critical Countdown )йилги бу жангни барча яхши эсласа керак. Чунки жанг бошланиши биланоқ “The Monstr” Фёдорни қийин ҳолатга солиб қўяди. Барча бу сафар “Сўнги император”ни омади келмади, деб турган вақтида россиялик афсона ташаббусни ўз қўлига олади ва фаолиятидаги энг муваффақиятли “кимура” (қўлни қайриш) услуби эвазига ғалабага эришади. Кевин 1999 йил UFC чемпионлигини қўлга киритганди.
4. Тим Сильвия
UFC да 2006 йил чемпионликка эришган ушбу атлет 2008 (Affliction – Banned) йил Емельяненкодан қақшатқич мағлубиятни қабул қилиб олади. Жанг бор йўғи 36 сония давом этади. Тим россиялик жангчи томонидан қўл билан йўлланган кетма-кет зарбаларни ўтказиб юборгандан сўнг, мувозанатни йўқотади ва қулайди. Фёдор бундан унумли фойдаланган ҳолда “сабмишн” (бўғиш) билан зафар қучади.
5. Андрей Орловский
“Питбуль” номи билан машҳур бўлган беларуслик Орловский 2005 йилда UFC чемпионлигини қўлга киритади. 2009 (Affliction - Day of Reckoning) йил у Фёдорга қарши октагонга кўтарилади. Андрей жанг бошланиши билан ташаббус кўрсатиб ҳужумга ўтади ва бу унга қимматга тушади. Қарши ҳужумдаги қўл билан йўлланган, Емельяненкони ташриф қоғозига айланган зарбаси уни даҳшатли нокаутга туширади.
6. Фрэнк Мир
Тошкентда ташкил этилган GFC турнирига ташриф буюрган Фрэнк Мир UFC нинг 2008 йилги вақтинчалик чемпиони бўлганди. Кейинчалик ўз фаолиятини “Bellator” промоушенида давом эттирган АҚШлик жангчи 2018 (Bellator 198 ) йил Фёдор билан жанг қилади ва биринчи раунддаёқ нокаут эвазига мағлубиятга учрайди.
Гарчи, россиялик спортчи сўнги вақтда бир неча бор мағлубият аламини тотиб кўрган бўлса-да, унга бўлган чексиз ҳурмат ММА оламида асло сўнгани йўқ. Нафақат мухлислар, балки унинг рақиблари ҳам Фёдорни ҳақиқий афсона эканлигини тан олишади. Ҳаттоки, UFC президенти Дана Уайт ҳам Емельяненко ва Брок Леснар тўқнашувини ташкил қила олмаганлигидан, умуман “Сўнги император”ни UFC да жанг ўтказмагани, ҳозирча армони эканлигини таъкидлаб ўтганди.
Бир сўз билан айтган-да, Емельяненко ўзининг бетакрор жанг услуби, рақибларига бўлган хурмати ва интизоми билан бундай юксак эҳтиромга эриша олди.
Фикрлар