UFC жангчиларимиздан бири Саидёқуб Қаҳрамонов яна октагонга қайтмоқда. Эҳтимолий рақибларни таҳлил қиламиз

  • 28 сентябрь, 2022, 21:20
  • 0
  • MMA

Сўнгги кунлардаги яна битта кичик эълон ҳаммага ёқиб тушди. Саидёқуб Қаҳрамонов навбатдаги жангини 17 декабрь санасидаги турнирда ўтказишини билдирди. Ҳа, биз ҳам унинг кетиш ҳақидаги миш-мишлари якунига етгани ва яна ишга қайтганидан хурсандмиз. Аммо, рақиб ким экан деган саволлага Саидёқубнинг ўзи ҳам тайинли жавоб бермади. Шу тариқа SPORTS.UZ жамоаси кичик бир изланишлар олиб борган ҳолда бир қанча тахминлар орқали бўлғуси рақибни таҳмин қилиб кўрдик.

1. Джавид Башорат (13-0)

1

Ўтган йили Dana White Contender Series‘да шов-шув кўтаришга ва "террорист" деб атаган рақибига аслида сифатли жангчи эканини намойиш қилган афғон жангчиси рўйхатимизнинг юқори ўрнида. Джавид билан Саидёқуб ҳам анча сан-манга бориб қолгани сир эмас. Устига-устак анчагина тажрибали ушбу жангчи ҳам худди ҳамюртимиз каби жангларни ишончли тарзда ўз ҳисобига ёздириб қўймоқда.

2. Дэйви Грант (12-6)

2

Вақтида анчагина умидлар билан The Ultimate Fighter шоусининг 18- мавсумига жалб қилинган ва британия бозорига киришда беназир ёрдам кўрсата олади дея тахмин қилинган жангчи. Сўнгги пайтларда яққол кайфият жангчиси ва ҳаминқадар потенциал соҳиби эканлиги равшанлашмоқда. Анча вақтдан бери промоушен шарафини ҳимоя қилиб келаётгани ва Марлон Вера, Луис Смолка каби жангчиларни ютганини эътироф этсак, Қаҳрамонов учун фаолиятининг айнан шу нуқтасида ушбу жангчи билан октагонни бўлишиш анчагина тажриба мактаби бўла оларди.

3. Крис Гутьеррез (18-3-2)

3

Навбатдаги яққол бошоғриқ бўлиши кутилаётган рақиб. Албатта, унинг етти жангдан иборат мағлубиятсиз серияда кетаётгани (6 ғалаба, 1 дуранг) бу жанг анчагина масалаларда орани очиқ қилиб олиш учун етарли сабабларни топиб беришини намоён қилмоқда. Шунингдек, бу жангчининг UFC‘га келмасидан олдин Джимми Флик, Тимур Валиев, Аарон Филлипс каби жангчиларни энггани ғалаба рақибга яхшигина резьюме тақдим қилишини англатмоқда.

4. Коди Стэманн (20-5-1)

4

Рўйхатдаги энг феноменал вариантлардан бири. Вақтида деярли биринчи енгил вазн титуль даражасига етиб бора олган ва вақтида Алехандро Перез, Брайан Кейруэй каби топ-10 жангчиларини ютган "Спартан" сўнгги вақтларда стабиллик етишмаслики сабабли пиёдалар ўтиш йўлаги сфетофори каби рекорд қайд этмоқда. Бу жангчини ютиш орқали эса бемалол топ-15 қадамларни жадаллаштириш мумкин.

5. Адриен Янез (16-3)

5

Ва, имкон қадар бўлса айтиш мумкинки, рўйхатдаги ҳақиқий dream opponent! Адриен Янез - Dana White‘s Contender Series орқали танилган ва ўз вазн тоифаисига нисбатан анчагина кучли бомбаларга эга жангчи. 9 та жангдан иборат ғалабали серия ва шу жангларида 7 та нокаут қайд этган стойка соҳиби билан жанг ҳар қандай фаолият учун "торт устидаги олча" бўла олади. Аммо, ижтимоий тармоқда Қаҳрамонов рақиб бу жангчи эмаслигини таъкидлаган бўлсада, яқин келажакда улар тўқнаш келиши эҳтимоли йўқ эмас. Қолгани, матчмейкер ва жангчилар қўлида.

Нима бўлишидан қатъий назар, биз ҳамюртимиз ғалаба қозонишини ва ўзбек номини UFC октагони узра ёйишда давом этишини хоҳлаймиз!

Маҳмуджон Жабборов тайёрлади

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!