Улар қандай каромат кўрсатади ёхуд Суперлигамиздаги европалик мураббийлар ҳақида

Натижа учун жавобгар бўлган бош мураббийларда ҳамиша масъулият ва босим юқори даражада бўлади. Гарчи бу масалада ўзини анча-мунча овутса-да, барибир натижа унинг хаёлидан чиқиб кетмайди. Чунки мураббийнинг ишини белгилаб берувчи жиҳат ҳам айнан унинг жамоаси кўрсатадиган ўйинлари ва ўша натижаларга тақалади.

Айниқса, хориждан келган мураббийлардаги босим янада юқорироқ бўлади, десак муболаға бўлмайди. Эътибор берсангиз, ўзимизнинг чемпионатда ҳам четдан келган бир қатор мутахассислар фаолият кўрсатишяпти. Албатта, уларнинг ишига баҳо бериб борилади. Табиийки, ҳаммасини натижалар кўрсатиб беради. Қизиғи, Суперлигамизда ишлаётган хорижликлар асосан европалик мутахассислар. Улар чемпионатимиз ва футболимизга қандай фойда келтира олишади?

“Пахтакор” - Бош мураббий: Питер Хюистра. Фуқаролиги: Нидерландия

Тўлиқ исми Питер Эгге Хюистра бўлган мураббийни сиз ўқувчиларга алоҳида таъриф билан таништиришнинг кераги йўқ. Ахир у биз учун янги мураббий эмас-да. Юртимизда, аниқроғи “Пахтакор”да ишлаётганига уч йилдан ошди. Фақат ўтган вақт мобайнида Шота Арвеладзге ёрдамчи эди. Бу йилдан эса, Хюистра мустақил бош мураббийга айланди. Нидерландиялик мутахассиснинг “Пахтакор”ни эплаб кетишига кимдир ишонди, яна кимдир йўқ. Ҳозирча ички чемпионатда доимгидек “Пахтакор” етакчиликни ўзида сақлаб турибди. Ҳаммадан кўра, Осиё Чемпионлар лигасидаги иштироки барчамиз учун муҳим эди. Бироқ Хюистра жамоасини кейинги босқичга олиб чиқа олмади. Тўғри, бунга бир нечта жиддий сабаблар бор. Фақат ўша мусобақада битта ҳолат кўпчиликни овутди. У ҳам бўлса, клубда янги ёш иқтидорлар етишиб чиқаётгани ҳамда бош мураббий уларга қўрқмасдан имконият тақдим этаётгани билан боғлиқ. Хюистранинг нималарга қодирлигини мавсум якунида билиб олиш мумкин. Раҳбарият томонидан унга ишонч билдирилган ва ҳозирча у ишини давом эттирган ҳолда асосий эътиборини Суперлига билан Кубок баҳсларига қаратган. Лекин кўпчилик унинг Арвеладзе каби ижобий натижалар кўрсатишига шубҳа билан қарамоқдалар. Бу ҳақиқатга айланадими ёки йўқ, вақт кўрсатади.

хюистра_1

“Локомотив” – Бош мураббий: Микаэль Секейра. Фуқаролиги: Португалия

Португалия номи доим футбол шинавандалари учун жарангдор эшитилади. Чунки у ердан бир-биридан ажойиб футболчилару, мураббийлар етишиб чиққан ва чиқмоқда. Ўзбекистон чемпионатида эса бу йил илк маротаба португалиялик мураббий иш бошлади. 48 ёшли Микаэль Секейранинг “Локомотив” томонидан таклиф қилингани яхшигина шов-шувли хабарга айланиб кетди. Охирги иш жойи – “Брага” эди. Таъбир жоиз бўлса, ҳаммамиз унинг қандай каромат кўрсатишини кутдик, тўғрими? Дарвоқе, одатда хориждан келган ҳар қандай мураббийга мослашиши ва ўзининг футбол фалсафасини сингдириши учун вақт керак, айниқса, у илк бор келган бўлса! Секейра бир неча бор ўз футболчиларига Ўзбекистонга сайр учун эмас, соврин ютиш мақсадида келганини айтди. Шунга қараб, таркибни ҳам ўзи йиғди. Ҳозирча “Локомотив” Секейра бошчилигида барқарорликни топишга ҳаракат қилмоқда. Чемпионатни иккита мағлубият билан бошлагач, фикрлар ўзгарди, кейинчалик жамоа ғалабалар қозонишни бошлагач, Секейранинг юзига ҳам табассум югирди. Ҳозирда унинг жамоаси 4-ўринда. Ўтган вақт давомида португалиялдик мураббий футболимизга бир мунча кўникди, лекин бу жараён ҳали тўлиқ якунланмаган ва давом этяпти, десак тўғрироқ бўлади. У Ўзбекистонда ўзи учун янги жиҳатларни кашф қилаётган бўлса ҳам ажаб эмас.  Ҳозирча Секейра томонидан яққол кўзга ташладиган иш услубини кўрганимиз йўқ. Ҳаммасига вақт олий ҳакам деганларидек, буни мураббийнинг ўзи ҳам яхши тушуниб турибди.

секейра_5

“Машъал” Бош мураббий: Александр Хомяков. Фуқаролиги: Россия

Ҳа, бу ўзимизнинг Хомяков! Ҳайрон бўлманг, Ўзбекистонда ишлаётганига аллақачон 10 йилдан ошиб кетган. Шунинг учун Александр Андреевич деярли ўзимизники бўлиб қолган. Лекин расмий жиҳатдан у барибир Россия фуқароси. Шундай экан, Хомяков шубҳасиз хорижлик мутахассис саналади. Биласиз, у ўтган йиллар давомида бошидан турли саргузаштларни ўтказди. Охир-оқибат яна ўзи учун қадрдон бўлган “Машъал”га қайтиб келди. Мавсум бошланишига яқин россиялик мураббий жамоага қайтарилди. Вақт тиғизлигига қарамай, Хомяков жамоани ўзининг тактик схемасига мослаштиришга эришяпти, дейиш мумкин. Ҳар ҳолда “Машъал”нинг ўйинларида мураббийнинг имзоси кўриниб турибди. Жуда меҳнаткаш, асосан маҳаллий ёшлар ва ўртамиёна ўйинчилар билан ишлаб, уларни яхши даражага чиқариш бўйича малакага эга. Шунга яраша ўзи ҳам камтар мураббий. Лекин ишининг сифати бор. Кўпчилик уни яна Муборакка қайтганида ўз жойини топгани ҳақида айтишди.

хомяковццц

“Турон” Бош мураббий: Богуслав Баниак. Фуқаролиги: Польша

Суперлига дебютанти  - “Турон” учун мавсум қийин ўтяпти-а? Турнир жадвалида биргина ушбу жамоанинг ғалабалар бўйича кўрсаткичи 0 бўлиб турибди. Натижада ўтган сафар бош мураббий Ислом Исмоилов истеъфога чиқарилди. Ўрнига польшалик Богуслав Баниак вақтинча бош мураббий этиб тайинланди. У биз учун янги мураббий. Бунгача у ҳақида маълумотларга эга эмасдик. Баниакнинг бош мураббийликдаги дебюти мағлубият билан бошлангани ёдингизда бўлса керак. Термизда “Сурхон”га қарши учрашувда “Турон” ягона гол эвазига ютқазди. Айни пайтда Баниак жамоасини навбатдаги ўйинларга тайёрламоқда. Яқинда sports.uz сайтига берган интервьюсида жамоани Суперлигада қолишига ишонаётгани хусусида гапирганди ҳамда вазиятни ўнглай олишига ҳам тўхталган. У сўзини устидан қанчалик чиқишини биргаликда кузатамиз.

баниак2_1

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Shaymardonov Nurbek Nasimovich
06/06/2021 00:26
bulani hammasini bitta qilib tahlasa ham bitta Uzbek murabbiy Ruziqul Berdiev. bulolmaydi.