"Уларда легионерлар бор, бизда-чи? Фақат қора кўзлар" ёхуд катта футболга қайтган Баҳром Ҳакимовни қандай саргузаштлар кутмоқда?
Қўқонлик тажрибали мураббий Баҳром Ҳакимовни мухлислар жуда яхши билишади. Ўз вақтида бир қатор клубларни бошқарган. Айниқса, унинг “Насаф”даги муваффақиятли фаолиятини кўпчилик яхши эслаб қолган.
Охирги пайтларда Ҳакимовни бирор-бир клубда фаолият олиб бораётганини кўрмаётгандик. Сўнгги марта 2019 йилда “Турон” жамоасига бош мураббийлик қилгани ёдимизда эди. Энди бўлса, тажрибали мутахассис Фарғонанинг “Истиқлол” жамоасини бошқаришга киришди.
Шундай қилиб, мутахассис бор эътиборини ушбу клубга қаратмоқда. Тўғри, унинг янги жамоасидаги дебюти омадли чиқмади. Ўз майдонида “Динамо”га қарши баҳсда 1:2 ҳисобида ютқазиб қўйишди. Шунга қарамай, Ҳакимов “Истиқлол”нинг ўйинини кучайтириши тахмин қилинмоқда. Sports.uz мухбири эса Баҳром Мамажонович билан боғланиб бир қатор саволларга жавоб олди.
- Баҳром ака, яна катта футболга қайтганингиз билан табриклаймиз. Бунгача иш фаолиятингизни қаерда давом эттираётгандингиз?
- Эшитган бўлсангиз, Қўқонда “Ахмадхон” номли шахсий футбол мактаби бор. Бунгача ўша ерда ишлаб келаётгандим. Баҳром Аъзамов, Рустам Аъзамов, Равшан Турсунов ва яна бошқа мураббийлар билан бирга ишладик. “Турон”дан кейин ушбу футбол мактабида эдим. У ерда 120 дан зиёд болалар таҳсил оладилар. Футбол мактабида ўз маслаҳатларим билан ҳам ўртоқлашдим. Ўзимнинг гуруҳимдан ташқари, бошқа гуруҳларга ҳам ёрдам бериб келдим. 5-6 нафар тарбияланувчимизни “Одил Жуниор”га олиб кетишди. Айтмоқчи бўлганим, мен футболдан кетмагандим.
“Истиқлол” раҳбари Мухтор Юлдашев мени жамоасига таклиф қилди. Бир-икки кун ўйлаб кўришимни айтдим ва сўнг яна қўнғироқлашдик, учрашиб гаплашиб олдик. Биргалашиб “Истиқлол”ни кўтаришга ҳаракат қиламиз. Лекин бу осон бўлмайди. Қишки йиғинда жамоа “Ҳоким Кубоги” финалида ўйнади. Шундан кейин бир қатор футболчиларни бошқа клублар олиб кетишди. Лекин таркибда яхши йигитлар бор. “Динамо” билан баҳсга келсак, ўзимизнинг индивидуал хатолар эвазига ютқаздик. Йигитларнинг ҳаракати бор. Бироқ ҳали ўйин услуби яхши шаклланмаган. 1:2 ҳисобида ютқазаётган пайтимизда ҳам футболчиларга пас орқали ўйнашларини тушунтириб бордим. “Истиқлол”га келгач, тўрт кун жамоа билан танишишга вақт кетди. Ҳаттоки, ўйин чоғида ҳам айрим ўйинчиларнинг исмлари ёдимдан чиқиб қолиб, ёрдамчиларимдан сўраб турдим. Раҳбариятдан сабрли бўлишини сўрайман. Кўряпсиз, про-лигада ҳам яхши жамоалар йиғилган.
- Олдингизга қандай мақсад қўйилди?
- Мақсад? Мен қаерга борсам албатта ўз олдимга мақсад қўяман. Ишлаганингиздан кейин битта вазифа бўлади: фақат олдинга қараб интилиш.
- Про-лигани кузатиб келаётганмидингиз? Савия ўсгани сезилаётгандир-а?
- Про-лигадаги савия ҳам анча ўсган. Олдинги йилларга қараганда, фарқи бор. 3-4 та клуб бемалол Суперлигада иштирок эта олади. “Янгиер” билан “Нефтчи” баҳсини кўрдим. “Оқ-тепа” – “Бухоро” ўйинини ҳам кузатдим. Қолаверса, про-лигда қандай мураббийлар ишлаяпти? Ҳаким Фузайлов, Даврон Файзиев, Тимур Кападзе, Илҳом Мўминжонов...Элдор Сакаев вақти келганда “Андижон”ни Суперлигага олиб чиққан. Уларда легионерлар бор. Бизда-чи? Бизда фақат қора кўзлар (кулади).
- Умуман айтганда, қачондир катта футболга қайтиш борасида режангиз бормиди?
- Бош мураббий лавозимига бўлмаса ҳам, маслаҳатчи сифатида яна ишга қайтиш ниятим бор эди. Лекин ўзимни жойим ҳам яхши эди. Шуни айтишим керакки, “Истиқлол” раҳбари Мухтор Юлдашев билан бир неча йил илгари танишгандик, ўшанда яхши таассурот қолдирганди. Мана, тақдир экан, бирга ишлаш насиб қилди. Биринчи ўринда шароит яратиш керак, буни ўзига ҳам айтдим. Ўзи ҳам барчасини яхши тушуниб турибди ва жамоани ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёр. Бирга маслаҳатлашиб иш қиляпмиз. Нима айтсам ҳам йўқ демайди. Тадбиркор сифатида кўплаб ишчиларни боқяпти, савоб иш қилишяпти. Футболда ҳам яхши ном қолдириш мақсадида жиддий ишга киришишган.
- Таркибдаги бор ўйинчилардан фойдаланишга мажбурсиз, чунки ўзингиз истагандек ўзгаришларга қўл ура олмайсиз. Бу ҳолат ишингизга таъсир қилмайдими?
- Ҳар бир ўйинга охирги баҳсга тайёрлангандек ҳозирлик кўрамиз. Ўйин услубимизни яхшироқ шакллантириш устида ишлаймиз. Жамоада яхши ўйинчилар жамланган. Лекин таркибдаги кўп футболчилар бир-бири билан ўйнашмаган. Уларга жахл қилиб гапиришнинг фойдаси бўлмайди. Фақат яхши гапириб, ўйинимизни кучайтириб боришимиз лозим. Қайсидир ўринни оламиз десам нотўғри бўлади. Раҳбар билан гаплашганимда ҳам ундай ёки бундай қилиб бераман, деган гапни айтмадим. Муҳими, биз барчамиз биргалашиб жамоани кучайтириш йўлида жиддий ишлашда давом этамиз. Қолганини вақт кўрсатади.
- Навбатдаги турда “Нефтчи”га қарши муҳим ўйин кутиб турибди. Баҳс олдидан нима деган бўлардингиз?
- Ўйиндан олдин нима дейиш мумкин? Ҳаммага омад! Мана бундай ўйнаймиз дея олмайман. Иккала жамоани мухлислари бор. Улар учун ҳам қизиқарли учрашув бўлади. Битта нарсани биламанки, ҳар бир учрашувга жиддий тайёргарлик кўриб чиқамиз. Охиригача курашамиз. Йигитларга нимага қодир бўлсанглар, майдонга чиқиб кўрсатинглар деяпман. Тўғри ёки нотўғри қилганини ўйинни таҳлил қилиш жараёнида ўргатиб борамиз. “Нефтчи” кимларни олди? Таркибини кўрдингиз, кучли. Лекин биз шунчаки таслим бўлмаймиз. Футболчиларимизга майдонда фақат ўз ишини бажаришини, тартибли ўйин кўрсатишини уқтиряпман. Мана, “Динамо” билан баҳсда ҳам йигитларимиз ҳакам билан ортиқча тортишишмади. Бир вазиятда ўйинчимиз ҳакам билан тортишмоқчи бўлганди, шу заҳоти унга овозини ўчиришини, фақат ўз ўйинини кўрсатишини айтдим. Аста-секин ҳар томонлама тарбиялаб борамиз. Ҳамирни мен қилмаган бўлсам ҳам нонни аста-секин ёпамиз (кулади). Биз ҳар доим охиригача курашамиз.
Фикрлар