Улуғбек Бақоев: "Бундай ўйинларда фаворит ёки аутсайдер бўлмайди"
Суперлига 2-тури доирасидаги «Сўғдиёна» - «Динамо» учрашувидан (1:0) кейин жиззахликлар бош мураббийи Улуғбек Бақоев ўз фикрини билдирди.
- Ёмғирли об-ҳавода майдонда футбол кам эди, асосан кураш ва жанг кечди. Шу боис ўйиндан кейин футбол ҳақида нимадир гапириш қийин. Бундай шароитда футболчилар характери, тартиб ўз сўзини айтади. Йигитларимиз босимни енгишди, гол уриб, мавсумдаги илк ғалабамизга эришишди. Бу билан жамоамни ва қўллаб-қувватлаган мухлисларимизни табриклайман.
«Динамо» жамоаси менга ёқди. Ҳа, кетма-кет икки мағлубиятдан кейин уларга руҳан осон бўлмайди. Шунга қарамай, Самарқанд жамоасига кейинги ўйинларда омад тилаб қоламан.
- Ёмғирли об-ҳаво ўйин олди режаларингизга қандай таъсир қилди?
- Юз фоиз таъсир қилди. Бундай об-ҳавода жамоалар даражаси қандай бўлмасин, майдон икки томон кучини тенглаштириб қўяди. Бундай ўйинларда фаворит ёки аутсайдер бўлмайди. Бу шароитда 1-2 та вазият ўйин тақдирини ҳал қилади. Яъни, биринчи гол урган жамоа ютиб кетарди. Ҳисоб 0:0 бўлганида «Динамо» жуда яхши вазиятидан гол уриши мумкин эди. Рақиб ура олмагач, биз ғалаба голини киритдик. Бундай иқлим шароити жамоалар кучини тенг қилади.
“Динамо” матбуот хизмати.
Фикрлар