Улуғбек Бақоев: "Футболда ҳамма вақт ютишнинг иложи йўқ"

Про лиганинг 12-турида “Бухоро” клуби Муборакда “Машъал” меҳмони бўлди ва 1:0 ҳисобида ютқазди. Шу тариқа, Улуғбек Бақоев жамоаси илк бор чемпионатдаги мағлубиятини тан олдилар. Учрашувдан кейин Бақоев бир қатор саволларга жавоб қайтарди.

- Ўзингиз кўрдингиз, ўйин бошидаёқ гол ўтказиб юбордик. Кейин бироз ўзимизга келдик ва ҳисобни тенглаштириш учун иккита имкониятга эга бўлдик. Лекин “Машъал” яхши ҳимояланди. Иккинчи бўлимда эса объектив томонидан олиб қараганда ўйин тенглашди. Яққол голга тортадиган имкониятлар кейинроқ бўлмади ҳисоб. “Машъал”ни табриклайман. Энди йигитлар билан навбатдаги учрашувга ҳозирлик кўрамиз.

- Легионерларнинг ўйини сизни қониқтирдими?

- Легионерларга келсам, улар ўз даражасида ўйнашди. Футболда ғалаба ва мағлубиятлар бўлиб туради. Шу боис ҳозир кимнидир айблаш нотўғри. Аксинча, мавсум давом этаётганини унутмаган ҳолда ишлашда давом этиш керак бўлади.

- Захирадан майдонга туширган футболчиларингиз қанчалик ишончингизни оқладилар?

- Захирадан ўйинга қўшилиш осонмас. Кимдир дарҳол киришиб кетади. Ўйин жамоа учун қийин ўтаётган маҳалда эса бу футболчининг ўзига ҳам осон кечмайди. Айтишим керакки, кимдир ўйинга қўшилиб кетди, айримлар эса имконияти даражасида тўп сура олмади. Ўйин якуни борасида албатта ҳаммасини ўрганиб чиқамиз.

- Ҳужум уюштирилган вазиятда кўпроқ кимни айбдор деб биласиз: дарвозабонними ёки ҳимоячиларними?

- Боя айтганимдек, ҳозир бирор нарса дейиш, кимнидир айблаш тўғри бўлмайди. Ўйинлари учун йигитларимизга раҳмат айтмоқчиман.

- Нима деб ўйлайсиз, “Бухоро” кучлими ёки “Машъал”ми?

- Ҳозирча “Машъал” билан учта ўйинда икки бор 0:0 ва бугун 0:1 ўтказдикми? Ҳали яна улар билан учрашамиз ва ким кучлироқ эканлигини мавсум охирида билиб оламиз.

- Ўйин бошидаёқ тезкор гол ўтказиб юбординглар. Буни қандай қабул қилдингиз ва режаларингизга қанчалик таъсир ўтказди?

- Тезкор гол ўтказиб юборганимиз ўйинга таъсирини ўтказмасдан қолмади, албатта. Лекин бунинг бир қанча объектив сабаблари бор. Регламентга кўра кечки соат 18:00 га етиб келишимиз керак эди. Бунинг учун эса саҳар йўлга чиқиш керак бўлади. Йўлнинг ҳам ўзига яраша машаққатлари бўлади. Эҳтимол, йигитларимизнинг ўйинга киришиб кетишларига ҳам бу ҳол ва тезкор гол таъсир ўтказган бўлиши мумкин. Айнан нималар эвазига шундай бўлганини айтиш қийин.

- Ҳакамлар томон кўп эътирозлар билдирдингиз?

- Ҳакамлар масаласи борасида фикр билдиришни истамаган бўлардим. Қолаверса, уларнинг ишини назорат қиладиган комиссия, ҳакамлар қўмитаси бор. Бош ҳакам ўйинчимизга нисбатан қўпол ҳаракатни кўрмай қолса ва бу пайтда тўртинчи ҳакам аралашса, ўз-ўзидан нималар дейишингизни назорат қила олмаслигингиз мумкин. Футбол - эҳтиросларга бой ўйин.

- “Бухоро”да Жасур Ҳасанов, Виталий Денисов, Артём Филипосян, Даврон Ҳошимовга ўхшаган ёши катта футболчилар билан бирга ёш ўйинчилар уйғунлаштирилган. Тезкор “Машъал”га қарши учрашувда жамоангизнинг режалари ўхшамади. Жамоани кучайтириш учун бошқа режалар ҳам борми?

- Саволингиздан кўзланган мақсадни сира тушунмадим. Бугун биз мавсумдаги илк мағлубиятга учрадик. Катта ёшдаги футболчи бўладими ёки ёшларми, бунинг нима фарқи бор?!  Бу менинг фикрим. Футболда эса ҳамма вақт ютишнинг иложи йўқ. Яна қайтараман, бугун биринчи марта мағлуб бўлдик ва бундан қандайдир ажиотажни юзага келтириш ярашмайди. Шогирдларимга ишонаман. Улар кучли бўлмаганида ҳозир жамоа аъзолари ҳисобланмас эдилар.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!