Улуғбек Бақоев: "Ҳозирги ҳолатда футболчилар Суперлига даражасига жавоб бермайди, мухлислар сабрли бўлишсин"
“Бухоро” – “Бунёдкор” (0:2) учрашувидан сўнг мезбонлар бош мураббийи Улуғбек Бақоев мағлубият сабаблари хусусида гапирди.
«Тўғрисини айтсам, бошида ўйинимиз ўхшамади, йигитларлар негадир ҳаяжон билан тўп суришди. Бу нима билан боғлиқ билмайман. Кейин эса керак бўлмаган тўп дарвозамизга киритилди. Шундан сўнг нимадир қилишга уриниб кўрдик. Лекин кўриниб турибдики, ҳозирги вақтда футболчиларнинг ҳолати ҳам жисмонан, ҳам руҳий томондан Суперлига даражасига жавоб бермайди. Бу тўртинчи мағлубият, жамоа қаттиқ руҳий тушкунликка тушган, улар ушбу ҳолатдан чиқишлари керак. Шу сабабли ўйин учун йигитларга раҳмат, улар ҳаракат қилишди.
Ҳеч қайси футболчимга эътирозим йўқ. Ишлашда давом этамиз. Мухлисларга айтар гапим сабрли бўлишсин. Айтишади-ку, Москва дарров қурилмаган. Уларни хурсанд қилиш учун ҳаракатларимизни сусайтирмасдан, чемпионат ва Кубок баҳсларига тайёрланиб, ўз устимизда ишлашда давом этамиз».
“Бухоро” матбуот хизмати.
Фикрлар