Улуғбек Бақоев ўйин дурангга мос бўлгани, "Навбаҳор" ҳақида нега ёмон фикр билдирмаслиги ва "лочинлар" ҳам мақсадига эришиши ҳақида гапирди
Ўзбекистон Суперлига 5-туридан ўрин олган “Навбаҳор” – “Сўғдиёна” (1:2) учрашувидан кейинги матбуот анжуманида меҳмонлар бош мураббийи Улуғбек Бақоев иштирок этиб, журналистларнинг саволларига жавоб берди. Бу ҳақда "Навбаҳор" клуби матбуот хизмати хабар берди.
- Барчангиз бугун ажойиб ўйинга гувоҳ бўлдинглар. “Навбаҳор”нинг жорий мавсумда ўз олдига қўйган мақсади, таркибдан маҳоратли футболчилар ўрин олгани, клуб раҳбарияти ҳам футболга меҳр қўйган инсонлардан иборат эканлиги барчага маълум. Шу боис, наманганликлар ҳар бир ўйинда бор куч билан ҳаракат қилишмоқда. Биринчи ўринда икки жамоага ҳам ажойиб ўйин учун раҳмат айтаман. Учрашув борасида гапирадиган бўлсам, тезкор гол урдик. Жавоб голи ҳам узоқ куттирмади. Иккинчи бўлимда мезбонлар кўпроқ ҳужум қилишди. Бу эса тушунарли, боиси, жамоа ўз майдонида тўп тепди. Биз эса ўз имкониятимизни қарши ҳужумлардан изладик. Умуман олганда, икки жамоада ҳам кўплаб ҳужумлар якунига етмади. Дуранг натижа бугунги ўйин учун адолатдан бўларди. Сўнгги дақиқада футболчимиз гол уриб, ғалаба келтирди. “Навбаҳор”га кейинги ўйинларда омад тилайман.
Майдонда кураш бўлди. Мураббийнинг вазифаси ҳар бир баҳсда натижа кўрсатиш. Жамоа натижа учун ўйнайди. Биз иккинчи рақам остида ўйнадик. Чунки “Навбаҳор” кучли жамоа. Топ-футболчиларга эга. Халқаро майдонда Жиззах эмас, бутун Ўзбекистон номидан қатнашамиз. “Навбаҳор” ҳам ОЧЛ ёки ОФК кубогига чиқса, биз ҳам мухлислик қиламиз. Бу ерда битта жамоа эмас, бутун юрт шаъни турибди. Ўйин тугайди. Аммо дўстона муносабатлар йўқолмаслиги керак. Футболда натижа бўлиши учун боримизни берамиз.
Олдимизга босқичма-босқич ривожланишни мақсад қўйганмиз. Максимал натижа учун ҳаракат қиламиз. Мавсум якунида самарасини кўрамиз. Агарда ўйин дуранг билан тугаганда бунга рози бўлар эдик. Чунки сафарда ўйнаяпмиз. Менинг шахсий фикрим шундай.
Ўйлайманки, “Навбаҳор” жорий мавсумда ўз олдига қўйган мақсадига эришади. Чунки мавсум узун, 8 ой давом этади. Ҳали олдинда кўплаб ўйинлар бор. “Навбаҳор”га бу борада омад ёр бўлишини тилайман.
Учрашув тенг ва курашларга бой тарзда ўтди. Рақибнинг кучсиз чизиқлари ҳақида гапирмайман. Ўз вақтида “Навбаҳор”да ўйнаганман, фаолиятимни Наманганда якунлаганман. Шу боис, мезбон жамоа борасида ёмон фикр билдирмаган бўлардим, - деди Улуғбек Бақоев.
Фикрлар