Умиджон Ўринов: "Тошкентда жуда катта бокс оқшоми бўлади"
Профессионал бокс оламида боксчининг яхши натижалар қайд этишида промоутер ҳамда менежерларнинг ўрни муҳим саналади. Юртимизда ҳам аста-секин ушбу соҳа ривожланиб бормоқда. Промоутерлик компаниялари ташкил этилмоқда, менежерлар фаолияти кўзга ташланиб бораяпти. Ана шундайлардан бири ҳозирда ажойиб натижалар қайд этаётган Мирзакамол Неъматов ҳамда Баҳромжон Фозиловнинг менежери ҳамда ҳомийси Умиджон Ўриновдир.
Биз ушбу мутахассис билан боғланиб, баъзи саволларга жавоб олдик.
- Профессионал бокс бўйича менежерлик фаолиятини бошлашингизга қандай омил туртки бўлди?
- Боксга бўлган жиддий қизиқишим, қолаверса ёш истеъдод эгаларига яқиндан ёрдам қўлини чўзиш асосий сабаб бўлди, десам янглишмаган бўламан.
- Сиз ҳозирда Мирзакамол Неъматов ҳамда Баҳромжон Фозилов билан ишламоқдасиз, айнан уларнинг танлашингизга сабаб нима бўлганди?
- Албатта, уларни ёшлигидан буён биламан. Ўзига хос маҳоратга ва салоҳиятга эга боксчилар. Иккисини ҳам профессионал боксга ўзим олиб кирдим ва ўйлайманки, биргаликда яхши натижалар қайд этамиз.
- Барибир профессионал боксчи учун АҚШда жанг қилиш, жаҳоннинг нуфузли промоутерлик компаниялари билан шартнома имзолаш бош мақсади ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан, Мирзакамол ҳамда Баҳромжоннинг бу борадаги имкониятини қандай баҳолаган бўлардингиз?
- Биласизми, бу борада ишлар бошлаб юборилган. Июль ойининг 16- санасида Тошкентда ЗЎР ТВ аренасида жуда катта бокс оқшоми ташкил этмоқдамиз. Ушбу кечада ҳар иккиси WBA Asia камари учун ринга кўтарилади. Шундан сўнг, АҚШдаги промоутерлик компаниялар билан ишлаймиз.
- Умуман олганда хорижлик промоутерлардан қизиқиш борми?
- Қизиқишлар бор. Юқорида таъкидлаб ўтганимдек, Тошкентдаги жанг кечасидан кейин улар билан музокарага киришамиз.
- Бошқа ўсиб келаётган ёш истеъдод эгаларидан ҳам кўз остингизга олганингиз борми ёки эътиборингиз фақат юқоридаги икки боксчига қаратилганми?
- Албатта, ёш талантли чармқўлқоп усталарини ҳам кузатиб келаяпман. Насиб қилса, уларга ҳам ёрдам бериш ниятим бор.
- Тошкентда бўладиган бокс оқшомида Мирзакамол Неъматовга рақиб сифатида собиқ IBF чемпиони Жулиус Индонга рақиб бўлади. Бу қанчалик ҳақиқат?
- Рақибларнинг менежерлари билан музокаралар якунланган.
- Бокс билан боғлиқ яна қандай режаларингиз мавжуд?
- Ўзимизнинг промоутерлик компаниямизни очиш ниятидамиз.
- Ҳозирги кунда юртимизда ММА ҳам анчагина оммавийлашиб бормоқда. Бу борада ҳам қизиқишлар бордир?
- Бу борада ҳам қизиқишлар йўқ эмас. ММАда фаолият юритадиган укаларимиз ҳам бор. Улар билан ишлаш ҳам режадан ўрин олган.
- Эҳтимол, ММА бўйича промоушен очиш ҳам режангизга киритилгандир?
- Ҳозирча профессионал бокс бўйича катта мусобақалар ўтказишга бор эътиборимни қаратганман. Балки, кейинчалик ММА промоушени ҳам очармиз...
- Суҳбат учун ташаккур ва келгуси фаолиятингизга омад тилаймиз!
- Ката раҳмат! Эътибор учун хурсанд бўлдим.
Фикрлар