"Уммон билан келишувга эришдик". Терма жамоамиз Осиё чемпионатига қандай тайёрланяпти? Таркибда муаммолар йўқми? Равшан Ҳайдаров хавотирда эмасми?
Март ойида юртимизда U-20 Осиё чемпионати бўлиб ўтади. Равшан Ҳайдаров бош мураббийлигидаги Ўзбекистон U-20 терма жамоамиз мезбон сифатида муҳим мусобақада иштирок этади.
Вакилларимиз “А” гуруҳида Индонезия, Ироқ ҳамда Сурия термаларига қарши майдонга тушади.
Осиё чемпионатига ҳам тобора оз фурсат қоляпти. Шу боис Sports.uz журналисти терма жамоамиз устози Равшан Ҳайдаров билан мусобақага кўрилаётган тайёргарлик ҳақида гаплашди.
- Равшан Акмалович, Осиё чемпионатига тайёргарлик кўриш мобайнида барча ишлар сизни қониқтиряптими ёки хавотирли жиҳатлари ҳам борми?
- Биринчи йиғинимизни декабрь ойида ўтказдик. Ташкилий масалалар кўрилди ва футболчиларни таътилдан қайтганидан кейинги ҳолатини ҳам текширдик. Йигитларни тиббий кўриклардан ўтказиб олдик. Ўша пайтда легионер ўйинчиларимиз ҳам шу ерда эдилар. Айнан Умарали Раҳмоналиев ва Абдуқодир Хусанов ҳам Тошкентда эди. Шундан фойдаланиб декабрь ойида йиғинимизни ўтказиб олдик. Кейинги йиғинимиз 16 январдан мўлжалланган. Умид қиламанки, бу йиғинда ҳам яна тўлиқ таркиб билан тўпланамиз. Футболчиларни ўйин амалиётига киритиб боришимиз керак. Кейин февралнинг бошида Туркияда ўқув-машғулот йиғинини ташкил қиламиз. У ерда ўйинимизни маромига келтириб олмоқчимиз. Туркияда бир қанча халқаро ўртоқлик учрашувлари мўлжалланган. Биласиз, 1 март куни Осиё чемпионати бошланади. Барча йиғинларимиз режа асосида давом эттирилади. Футболчилар январнинг бошидан ўз клубларида тайёргарлик кўришяпти. Январнинг иккинчи ярми ва февраль ойи биз учун муҳим саналади ва режадаги барча ишларимизни амалга оширишимиз керак.
- Адашмасам, январдаги йиғинда ҳам назорат ўйини ташкил этилади-а?
- 20 январдан кейин халқаро ўйин бўйича келишувга эришиляпти. Бу амалга ошганида албатта хабар берамиз. Боя айтганимдек, январнинг иккинчи ярми ҳамда февралдаги йиғинлар бизга муҳим. Биз бу давр мобайнида ўйин тонусига кириб боришимиз лозим. Жисмоний томондан ҳам ўйинимизни шакллантириб олишимиз борасида катта ишларни бажаришимиз даркор.
- Мусобақа олдидан рақибларни ўрганиш ишлари қандай давом этяпти?
- Албатта, рақибларни ўрганиш ишлари давом этяпти. Тайёргарлигимиз жараёнида гуруҳимиздаги рақибларимизга мос бўлган жамоалар билан ўйнашга ҳаракат қиляпмиз. Масалан, 20-21 февраль кунларига Уммон терма жамоаси билан келишувга эришганмиз. Бу охирги назорат ўйинимиз бўлади. Ўйлайманки, Осиё чемпионати мусобақасигача 3-4 та халқаро ўйинларда майдонга тушамиз.
- Таркиб сиз учун деярли оптимал ҳолатдами ёки айрим позицияларда муаммо борми?
- Терма жамоамизда асосий таркиб негизи пайдо бўлган. Легионерларимиз ҳам бор. Ҳар доим уларни жалб қилиш муаммолари бор. Шу тарафлама ўтган йили бироз қийинроқ бўлди. Лекин уларни асосий таркибимиз аъзоларига айланишганидан ўзимиз ҳам хурсандмиз. Аммо терма жамоамизнинг йиғинлари ҳар доим ҳам ФИФА кунларига тўғри келмагани боис ўзимиз истаган барча футболчиларни чақира олмаймиз. Барибир ҳамма ўйинчиларимизни бирдек тайёрлаб боряпмиз. Барчага имконият бериляпти. Ўтган йили бир қатор халқаро мусобақаларда қатнашишди ва йигитларга ўйин амалиётларини бериб бордик. Жамоамиз ўзаги бор. Етакчиларимиз ҳам бор. Ўша пайтга келиб ҳамма соғ-саломат ва оптимал формага кира олишса биз учун яхши. Бундан ташқари, “Насаф”, “Бунёдкор” каби клублардаги футболчилар асосий таркиб билан шуғулланишяпти. Керакли пайтда клубларимиз бизга ўйинчиларни етказиб беришади. Бу тўғрисида раҳбарлар ва мураббийлар билан гаплашиб олганмиз.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар