"Умрбод эсдан чиқмайдиган воқеа бўлди, олтин медални қўлга киритишдан тўхтамоқчи эмасмиз" - Марко Станоевич!

“Насаф”нинг Ўзбекистон Кубоги қўлга киритилишида сербиялик легионери Марко Станоевичнинг ҳам катта меҳнати бор. Жамоада ўз ўрнига эга бўлган футболчининг йўқлиги албатта қаршиликлар учун катта йўқотишга айланиши шубҳасиз.

Аммо унинг майдонда борлиги “Насаф”нинг имкониятини сезиларли даражада ошириши турган гап. “Навбаҳор”га қарши баҳсда ҳам шунинг гувоҳи бўлдик. Станоевич ўтган йилги финалда ўйнай олмаганди, бу йил эса илк бор Кубок финалида майдонга тушди. Sports.uz журналисти Маркони ғалаба билан табриклаб, у билан суҳбатда бўлди.

- Марко, Ўзбекистон Кубоги қўлга киритилгани билан табрикламоқчиман. Легионер сифатида бошқа давлатда соврин ютишнинг гашти бошқача бўлса керак-а?

- Албатта, сен легионер ё маҳаллий, катта ёки ёш футболчи эканлигингдан қатъий назар бунинг унчалик фарқи йўқ. Ўйинни ғалаба билан тамомлар экансан, бу ҳаммага ёқади. Бизнинг ишимиз мухлисларни қувонтиришдан иборат. Ўз навбатида ютуқ биз ўйинчиларни руҳлантириб, катта иштиёқ билан ишлашга ундайди.

- “Навбаҳор”га қарши учрашув сиз кутгандек кечдими?

- Учрашувнинг осон кечмаслигини билардик. Қолаверса, рақиб ҳам анойи эмасди. Аммо биз шундай бўлса-да, ғалаба қозониш учун имконимиз борлигидан умид қилгандик ва якунда омад бизга кулиб боқди.

марко4

- Айтинг-чи, беллашувнинг қайси вақтига келиб кўпроқ асабийлашдингиз?

- Эҳтимол, бу ўйиннинг аввалида юз берган бўлса керак. Биз ҳам, рақиб ҳам ғалаба учун астойдил тўп суришга киришиб кетдик. Айтишим керак, ўйин кейинчалик эҳтиёткорона ҳатти-харакатлар туфайли бироз даражаси пасайди.

- Кубок финалидаги ғалабани кимга бағишладингиз?

- Футбол мухлислар учун ўйналади ва биз уларни хурсанд қилиш мақсадида майдонга тушамиз. Ишқибозларимизга раҳмат. Бу бизнинг умумий ғалабамиздир.

марко3

- Ғалабадан сўнг жамоани Қаршида мухлислар ажойиб тарзда кутиб олдилар. Бу онлар сизда қандай таассурот қолдирди?

- Мухлисларимизнинг бизни кутиб олишлари, кейинчалик кўча-куйда ҳам олқишлашда давом этишлари умрбод эсдан чиқмайдиган воқеа бўлди. Бундан барчамиз бошқача бўлиб кетдик. Ишқибозларимиздан бехад миннатдормиз.

- “Насаф” кетма-кет иккинчи йилдирки, Ўзбекистон Кубогини қўлга киритмоқда. Аммо ўтган йили Самарқанддаги финалда майдонга тушмагандингиз. Бу йил илк бор финалда қатнашиб, Кубок соҳибига айландингиз...

- Ҳа, қизил карточка туфайли Самарқанддаги финал ўйинида майдонга туша олмагандим. Лекин учрашувни стадионда кузатгандим. Ўшанда ҳам ғалабамиздан жуда қувонганман. Биз бир жамоа, бир оиламиз. Ғалабаларга ҳам биргаликда эришамиз!

марко2_1

- “Насаф” бу мавсумда олтин дубль қайд этишга яқин турибди. Бизнингча ҳам асосий мақсад чемпионликка қаратилган. Кубок қўлга киритилганидан кейин чемпионлик масаласида ҳам энди шубҳаланмаяпсизми?

- Мавсум аввалида чемпионлик учун кураш сўнгги турга қадар давом этишини айтгандим. Амалда ҳам бу борада қилган тахминим ўзини оқламоқда. Имкон бор экан, чемпионат ғолиблари учун бериладиган олтин медални қўлга киритишдан тўхтамоқчи эмасмиз.

- Кубокдаги ғолиблик учун қанча бонус ваъда қилинган?

- Бонуслар миқдори ҳақида бир нарса дея олмайман. Ҳарқалай қуруқ қолмасак керак. Умид қиламанки, мавсум якунида чемпионлик меддалари ҳам бизга насиб этади. Ҳаммаси ўз қўлимизда.

Шуҳратбек Жўраев.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Олға насаф
01/11/2022 08:59
Зўр!!!. Насафга омад. Худо хохласа суперлига чемпионлигини ҳам мухлислар бирга нишонлаймиз .