
Унинг жамоасида қўрқув йўқ, тажовузкорлик бор ёхуд Суперлигада 13-тур олдидан
Бугун Суперлигамизнинг 13-тури бошланади. 23 июнь кунига қадар давом этадиган баҳслар жуда кескин ва қизиқарли ўтиши аниқ. Хўш, жамоаларнинг имкониятлари қандай?
19 июнь
20:00. “Андижон” – “Қизилқум”
Куни кеча ўзининг янги базасига эга бўлган “Андижон” клуби байрамона муҳит арафасида ўз уйида “Қизилқум”ни қабул қилади. Биласиз, яқинда навоийликларда бош мураббий ўзгарди, Акмал Рустамов вақтинчалик жамоани бошқариб турибди. Максим Шацких ва унинг жамоаси олдига эса қўйилган вазифа бор ва бунинг фонида албатта ютиб, мухлисларини қувонтириши лозим. “Қизилқум” қандай қаршилик кўрсатаркин? Кузатамиз.
20:00. “Сўғдиёна” – “Хоразм”
Ўзига ўхшамаётган “Сўғдиёна” бу сафар “Хоразм”ни қабул қилади. Айтиш лозимки, Ҳаким Фузайлов бошчилик қилаётган урганчликлар илиқ таассурот қолдиришяпти ва про лигадан чиққанига қарамай, ҳозирда 14 очко билан 9-ўринда. Иван Бошкович жамоаси эса 10 очко билан 14-поғонада. “Хоразм” исталган рақибига очиқ ва ҳужумкор футбол таклиф қилмоқда. Муҳими, улар ҳеч кимдан чўчимаяпти. Фақат ижрочилик маҳорати устида янада ишлашса натижалар яхшиланиб бораверади. “Сўғдиёна” негадир кутилган ўйинни кўрсата олмаяпти.
20 июнь
20:00. “Нефтчи” – “Бухоро”
Ўтган турда сафарда “Сурхон” билан 0:0 ўйнаган “Нефтчи”нинг навбатдаги рақиби “Бухоро” саналади. Ўз навбатида бухороликлар ҳам ўтган турда Самарқандда номинал мезбон сифатида “Андижон”ни қабул қилиб 1:1 ўйнади. Тан олиш керак, “Нефтчи” ҳар томонлама рақибидан кучли. Лекин бу ўйин олдидан фақат оғиздаги гаплар. Амалда нима бўлишини эса кўрамиз.
20:00. “Машъал” – Насаф”
Қизиқарли дерби кутяпти. “Машъал” Суперлигага қайтгач, охирги пайтларда ўзини ўнглаб олди ва 8-поғонага кўтарилди. Ўтган турда Қўқонда жавобсиз 4 та гол ургани “Насаф”га қарши беллашув олдидан “Машъал” футболчиларининг кайфиятини кўтариб юборгани аниқ. Ҳозирча Рўзиқул Бердиев жамоаси мағлубиятсиз одимламоқда. Воҳа дербисида мухлислар иккига бўлинади. Қизиқ, бу гал “Машъал”нинг кучи етармикин?
21 июнь
20:00. “Навбаҳор” – ОКМК
Турнинг марказий ўйини сифатида эътироф этилаётган “Навбаҳор” – ОКМК баҳсига шубҳасиз қизиқиш катта. Иккаласи ҳам яхши жамоалар ва ўзининг анъаналарига эга. Исталган жамоа учун Наманганда ўйнаш қийин. Сергей Лушчан бу йил “Навбаҳор”ни бошқача жамоага айлантирганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Унинг жамоасида қўрқув йўқ, тажовузкорлик бор. ОКМКнинг кучини эса биламиз. Имкониятлар тенг, ўйиндан кейин таблода қандай ҳисоб порлашини кузатамиз.
22 июнь.
20:00. “Пахтакор” – “Қўқон-1912”
Сўнгги бешта ўйиндан бери мағлубиятга учраб келаётган қўқонликларни олдинда яна бир оғир ўйин кутяпти. Баҳром Ҳайдаров жамоаси Тошкентда “Пахтакор” билан баҳс олиб боради. Чемпионлик учун курашиш йўлида очколарни жамғараётган “Шерлар” табиийки навбатдаги учрашувда ҳам фаворит саналяпти. “Қўқон-1912” кетма-кет бешта мағлубиятдан қандай хулоса чиқарганига ушбу турда гувоҳ бўламиз.
22:00. “Шўртан” – “Сурхон”
“Шўртан” Олмалиқда ОКМК билан 0:0 ўйнаб, ғалабага тенг дурангга эришди. Ўзбекистон Кубогида эса “Арал”ни йирик ҳисобда ютиб чорак финалга чиқди. “Сурхон” билан учрашувда ғузорликлар чемпионатдаги иккинчи ғалабаси учун жанг таклиф қилиши аниқ. Чунки клуб барибир охирги ўринда ва жон сақлаб қолиш йўлида уларга очколар жуда зарур.
23 июнь
20:00. “Динамо” – “Бунёдкор”
13-тур Самарқанддаги яна бир жиддий ўйин билан якун топади. Мағлубиятсиз одимлаб, иккинчи ўринга чиқиб олган “Динамо” “Бунёдкор”ни қабул қилади. Ўйин услублари ўхшаш бўлган иккала жамоа ўртасидаги учрашув охирги дақиқагача мухлисларни хаяжонда ушлаб турса ажаб эмас.
Фикрлар