Усик-Жошуа ўртасидаги реванш жангида кимнинг имконияти юқори? Ўзбекистон бокс олами вакиллари жавоб берди

  • 18 август, 2022, 12:13
  • 0
  • Бокс

20 август куни профессионал бокс оламидаги ажойиб тўқнашувни гувоҳига айланамиз. Оғир вазн тоифасида WBO, IBF, WBA, IBO чемпионлик камарлари учун украиналик Александр Усик ҳамда британ боксчиси Энтони Жошуа ўртасида реванш жанги ташкил этилади. Дастлабкисида Усик ғалаба қозониб, айнан Жошуага тегишли бўлган камарларни қўлга киритганди.

Биз анъанага мувофиқ, ушбу реванш жанги борасида юртимиз бокс олами вакилларининг фикри билан қизиқдик.

Акромходжа Шадиходжаев - Lift промоутерлик компанияси раҳбари 

- Бу сафар аввалгисидан кўра, шиддатлироқ ва қизиқарли жангни гувоҳига айланамиз. Ҳар иккисида ғалаба қозониш эҳтимоли юқори. Лекин биласизми, бу жанг дуранг ёки Жошуанинг ғалабаси билан якунланиши ҳам мумкин. Чунки, профессионал бокс бу  қайсидир маънода бизнес ва бундай жанглар катта молиявий фойда келтириши мумкин. Улар ўртасидаги 3-жангга бўлган қизиқиш ҳам аввалгилари каби катта эътиборга сабаб бўлади. Шундай экан, бу жангда ҳар нарса рўй бериши мумкин.

IMG_20220818_121612_811_1

Абдувоҳид Жалолов - мураббий

- Бу галги жангда Энтони Жошуа ғалаба қозонади. Ҳар иккиси ҳам жисмоний ва тактик жиҳатдан жуда юқори даражадаги боксчилар саналади. Бу ерда руҳий жиҳат муҳим рол ўйнайди ва айнан шу томонлама Усик имкониятни бой бериб қўяди. Чунки барчага маълум Украина ва Россия ўртасидаги можоралар Усикка ўз таъсирини ўтказмай қолмайди. Албатта, бу менинг шахсий фикрим. 

IMG_20220818_121500_071_1

Алишер Тўйчиев - мураббий

- Тўғриси, Усикни жанг олиб бориши жуда ёқади ва унга мухлислик қиламан. Стердаунларини томоша қилиб, Усикда барчаси жойида эканлиги ва руҳий жиҳатдан ҳам тайёр эканлигини намойиш этди. Бу сафар Усик янада яхши ҳаракат қилади ва ғалаба қозонади, деган фикрдаман. 

IMG_20220818_121515_751_1

Сардор Раҳимов - журналист

- Бу жангда аввало, ҳар иккисининг жисмоний ҳолати муҳим роль ўйнайди. Агар, бу сафар ҳам аввалги жанг сценарийси остида давом этадиган бўлса, Усик яна ғалаба қозонади. Чунки, олдинги жангда Жошуа тезлик бобида имкониятни бой бериб қўйганди. Ҳа, Усик ундан анчагина тезкорроқ, биласиз у енгилроқ вазн боксчиси эди. Шундай экан, Жошуа агар аввалги жангдан хулоса қилиб, ниманидир ўзгартирмаган бўлса, ғалаба қозониш имконияти паст. Бироқ, мен  барибир 70/30 Усикни ғалаба қозонади, деб ўйлайман. 

IMG_20220818_121452_733

Баҳодир Жалолов - боксчи

- Бу сафар ҳам Усик ютади, деган фикрдаман. Чунки, унинг мактаби жуда яхши йўлга қўйилган. Оёқда ҳам ажойиб ҳаракатланади. Умуман олганда унинг ҳаваскор боксдаги тажрибаси қўл келади. Бироқ, бу профессионал бокс ва бунда битта зарба ҳам жанг тақдирини ҳал қилиб қўйиши мумкин. Агар, Жошуа ўзининг зарбасини теккиза олса...

IMG_20220818_121632_264

Жасурбек Латипов - боксчи

- Реванш жанги ҳам қизиқарли ўтиши тайин. Сабаби, бир-бирига мос рақиблар. Биринчи жанг шуни кўрсатдики, украиналик боксчи рақибига нисбатан жуда тезкор ва тактик жиҳатдан ажойиб ҳаракатлана олиши ҳамда ҳар қандай рақибга йўл топа олишини кўрсатди. Шунинг учун жанг 12 раунд давом этадиган бўлса, Усик очколар ҳисобида ғалаба қозонади, деган фикрдаман. Бироқ, бу оғир вазн тоифаси ва Жошуанинг зарба кучи барибир Усикникидан кучлироқ, деб ўйлайман. Шундай экан, британиялик боксчи бирорта ўйлаган зарбасини ўтказа олса, ғалаба у томонга ўтиб кетиши ҳам мумкин. имкониятларни 50/50 дея баҳолаган бўлардим. 

IMG_20220818_121554_796

Мирзакамол Неъматов - боксчи 

- Бу жангда Усикни имконияти юқори деб ўйлайман. Жошуа у қадар зарба кўтара олмайди. Лекин 1-жангдан Жошуа хулоса қилгани аниқ ва бу сафар Усикка қийин бўлади. Аммо, унда тезлик жуда юқори ва бу сафар ҳам ғалаба қозонса керак. 

IMG_20220818_122819_166

Жалол Аҳмедов - журналист

- 20 август куни бизни оғир вазнлилар ўртасидаги яна бир ажойиб тўқнашув кутиб турибди. Икки Олимпиада чемпионлари Усик ва Жошуа ўзаро реванш жангини ўтказади. Албатта, бу жангда Усик фаворит. Биринчи баҳсдаги ғалабадан сўнг, унда руҳий жиҳатдан устунлик ҳам бор. Техникага келадиган бўлсак, Усик анча тезкор ва гарчи оғир вазнда жанг қилса ҳам ўзини анча яхши ҳис қилади. Жошуа эса жойида кўп туриб қолади ва нисбатан секинроқ ҳаракат қилади. Мен ушбу реванш жангида ҳам очколар ҳисобида Усик ғалаба қозонади, деган фикрдаман.

IMG_20220818_121417_317

Баҳромжон Фозилов - боксчи

- Тўғриси, бу сафар Жошуанинг имкониятларини юқори баҳолаган бўлардим. У 1-жангдан тўғри хулоса чиқара олган. Чунки, Унинг Энди Руис билан жангларини ҳам кўрганмиз. Дастлабкисида мағлуб бўлиб, кейинги тўқнашувда тўғри тактика қўллай олганди. Бу сафар ҳам у Усик тўсиғига қарши керакли тактика қўллайди, деган фикрдаман ва бу жангда нокдаун ва нокаут кўрсак керак. 

IMG_20220818_121405_095

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!