Усмон Тошев: Европа мураббийларидан ўрганиш керак, кўчириш эмас!

Европа билан ўзбек футболини таққослаб кўрганлар кўп ва бу борада фарқланиш қандайлигини ҳамма билади. Бунинг устига кучли бешлик чемпионатини кузатишнинг завқи барибир бошқача. Орамизда унинг ихлосмандлари ниҳоятда кўп.

Бу масалада ҳар кимнинг фикри турлича. Кимгадир униси, кимгадир буниси ёқади. Европа футболини, мураббийлари, клублари ва терма жамоаларини муҳокама қилиш, бунинг ичига кириб бориш мақсадида ўзимиздаги тажрибали мутахассислардан бири Усмон Тошевни танладик.

У мураббийликдан ташқари, ОФК ҳамда ФИФАда инструкторлик ҳам қилади, дунё кезади ва кўплаб мамлакатларнинг футболини ўрганади. Табиийки, Тошевда Европа футболи билан боғлиқ кўплаб ўзига хос фикрлар ва тушунчалар мавжуд.

Ҳозирда Тожикистон терма жамоаси бош мураббийи сифатида фаолият олиб бораётганидан яхши хабардорсиз. Яқинда БАА йиғинини якунлаб қайтди. У ерда Баҳрайн ва БАА билан назорат учрашувларини ўтказди. Мураббий аввало ушбу йиғин тўғрисида гапирди ва шундан кейин Европа футболига “йўл олдик”.

БАА йиғини ҳақида

-  БАА йиғини яхши ўтди, муҳими жароҳатларсиз, ҳамма соғ-саломат. ФИФА кунларидан унумли фойдаланиб иккита ўртоқлик учрашувини ташкиллаштирдик. Асосий футболчиларимиздан уч-тўрттаси кела олмади, ўрнига ёшларни олиб кетдик. Баҳрайн билан ўйинимиз яхшироқ чиқди. Лекин кутилмаган голни ўтказиб юбордик. Аммо иккала таймда ҳам ўйин назорати жамоамиз томонида бўлди. Афсуски, гол ура олмадик. БААга қарши учрашувдан олдин футболчиларимиз билан бошқача йўналиш устида гаплашдик. Шундай яхши савиядаги термалар билан ўйнайдиган вақт келганини, аслида уларни ҳам юта олишимиз мумкинлигини айтдим. Мияда рақибни юта олмаймиз, деган ўй-хаёлларни чиқариб ташлашларини, руҳий тикланиш бўлиши муҳимлигини уқтирдим. БАА билан учрашувни яхши бошладик ва биз 2:0 ҳисобида ғалаба қозонаётгандик. Аммо кейинчалик учта гол ўтказиб юборишимизни ўйламагандик. Барибир мана шундай ўйинларда маҳорат камлиги билинди. Натижада кераксиз жойларда хатолар қила бошладик. Ўзбекистоннинг Сурия билан ўйинини кўрдим. Биз эса сурияликларни олдин 2:0 ҳисобида ютгандик. Ўзбекистон билан учрашувда улар битта гол уришди ва кейин хато қилмасдан тартибли ҳимояланишди. Ваҳоланки, Ўзбекистонда гол уриш учун вазиятлар кўп эди. Биз эса БААга иккита гол урсак ҳам барибир уни ушлаб қола олмадик. Барибир жамоамиз ўсяпти. Ўртоқлик ўйини эса катта машғулотга киради. Футболчиларда ишонч пайдо бўляпти.

Европанинг энг кучли клублари хусусида

-  Биласизми, аниқ бир клубни энг кучлиси, деб айта олмайман. Қаранг, баъзида “Ливерпуль”, баъзида эса “Манчестер Сити” кучли ўйин кўрсатади. Энди бўлса Германия клубларининг ўйинлари кишини завқлантиради. Европа Чемпионлар лигасида ҳам улар яхши кўриняпти. Менимча, асосийси, тартиб-интизом билан ишни 100 фоиз тўғри бажариш жуда муҳим. Лекин бундан ташқари, мураббийнинг бир қадам олдинда юриши ва бу орқали жамоанинг қандай ўйин кўрсата олишини сезиши ҳам яхши ҳислат. Рақибга қарши қандай тактика билан ҳаракат қилишни топа олса ва буни футболчилар бажара олса, албатта ғалаба бўлади. Шуни “Лейпциг” мисолида кўриш мумкин. Кўпчилик ҳозир шу клуб ҳақида гапиряпти. Таркибини кўряпсизми, уларда бирорта юлдуз йўқ. Нима учун? “Лейпциг”да жамоавий ўйин яхши шаклланган ва албатта тартиб юқори. Шунинг учун бу жамоа биринчи қадамдан охирги қадамгача режа бўйича тўп суради. Лекин ўзингизни учрашувга тўғри йўналишда тайёрлай олмасангиз, рақибнинг кучига тўғри баҳо бермасангиз, унда кўчадаги жамоага ҳам ютқазасиз. Футболчининг ўзини ҳам руҳий томондан тайёрлаши шарт. Ҳеч қачон машғулотда 50 фоиз кучини бериб енгилроқ ишлаб, асосий ўйинда ҳаммасини бажараман, деб ўйласа хато қилади. Менга қандай жамоа ёқади? Пас билан ўйнайдиган, тўп билан ва тўпсиз ҳаракатланадиган жамоавий ўйинни ёқтираман. Ҳозирги замонда керак бўлса узун паслар билан ҳам ўйин ташкил қилинади. Тезкор ҳужум, қарши ҳужум...ҳаммаси қўл остингизда қандай футболчилар борлигига боғлиқ.

Терма жамоалар тўғрисида

-  Энг яхши терма жамоа? Масалан, Германияни оладиган бўлсак, уларда руҳий устунлик кучли. Уларда қандай ўйин бўлмасин доим ғалаба қозониш учун иштиёқи керагидан ортиқ. Шу боис тартиб биринчи ўринда. Италия, Испания каби терма жамоаларда ҳам ўзига яраша ўйин услуби бор. Агар 0:2 ҳисобида ютқазаётган бўлса ҳам ҳеч қачон шошма-шошарликка йўл қўймайди. Вазият қандай бўлмасин охиригача олдиндан ишлаб чиқилган тактика ва режа асосида ҳаракат қилади. Бу ҳам бир маҳорат. Керак пайтда эса мураббий футболчиларни алмаштиради ёки схемани ўзгартириши мумкин. Тартибли ўйнаб ҳам ютқазадиган бўлса, ўша ўйинни таҳлил қилиш ва хатоларни аниқ билиш осон бўлади. Бугунги кундаги футболда пала-партиш ўйин йўқолиб боряпти. Ҳаттоки, Бангладеш, Непал, Филиппин каби терма жамоалар ҳам футболни қандай ўйнаш кераклигини билишади. Баъзида эшитиб қоламан, у ёки бу жамоа билан ўйнамаслик, керак дейишади. Бу эса хато хулоса.

Кучли мураббийлар ким?

-  Европадаги барча мураббийларнинг ишини кузатиш қизиқарли. Пандемия сабабли бирор жойга бора олмадик, семинарлар ҳам йўқ. Унинг услуби тўғри, буники нотўғри деган гапларни энди ҳеч ким айтмаяпти. Масалан, Испанияда ишлаётган Зиданнинг услубини кўрсангиз, бу жуда қизиқарли. Балки унинг иш услубини ўзимизда қўлламоқчи бўлсак, тўғри келмаслиги мумкин. Чунки шароитлар, об-ҳаво бошқача, футболчиларнинг овқатланиши, ётиб-туриши ҳам фарқ қилади. Биласизми, топ-мураббийларнинг дунёқараши ҳамда ишлаш тартиблари бир-бириникидан унчалик узоқ эмас. Фақат ўшаларнинг машғулотда ўз ишига ёндашуви ижодий бўляпти. Мана, ҳозир бўлажак мураббийларга “В” лицензияси бўйича ўқув-курсларини ўтяпман. Майли, Клопп, Моуриньо, Гвардиола, Анчелотти каби мутахассисларнинг ишини кўринглар, лекин улардан кўчирманглар, шунчаки ўқиб ўрганинглар ва ўзинглар шундан хулоса чиқаринглар, Ўзбекистоннинг шароитига мослаб ишлашни билинглар, дея тушунтириб келяпман. Улар нима учун топ-мураббийлар? Сабаби ҳамма вақт ўз устида ишлайди. Лицензияси бўлса ҳам шкафига қўйиб, менинг лицензиям бор, демайди. Мураббийлар ҳамиша ҳаракатда. Биз ҳам шу йўлдан борсак яхши бўлади. Бизда шароитлар ҳам ажойиб. Қачонки, мураббийлар ўз устида ишласагина бир нарса бўлади. Натижа қила олиши мумкин. Мен қайси мураббий билан ишлашни истардим? Шу ҳақида ўйламабман. Лекин доим ўзингиздан кучли мураббийни танлашингиз керак. Агар ўзингизга ўхшаганини олсангиз бир-бирингиздан нимани ўрганасиз? Шунақанги тандем ёки штаб бўлиши керакки, бир-биридан кучли мураббийлар жамланса, бу ажойиб бўлади.

Куман “Барса”га тўғри келадими?

-  Мен ҳам Куман “Барселона”га тўғри келадими ёки йўқми, деган саволни кўп ўйладим. Ҳа, у яхши футболчи бўлган. Унинг ишини кузатиш қизиқ. “Барса”дек клубга ким келса ҳам бу топ-жамоа. “Барселона”, “Реал”, “Ливерпуль”, “Манчестер Юнайтед”га ўхшаган клубларнинг оқими жуда тез. Агар шу оқимга тўғри ёндаша олса, мураббий ишлаб кета олади. Мабодо, оқимга мослаша олмаса, сизни оқизиб юборади. Топ-клубларда шундайки, мураббий кўзни очса ҳам, кўзини юмса ҳам сизга қарайди. Бундай жамоаларга ўта юқори даражадаги эътибор билан муносабатда бўлишади. Оддий ички муҳитнинг ўзига мослашиш ва унга бардош беришнинг ўзи қийин. Шунинг учун бу каби катта клубларда анча-мунча мураббийнинг ишлаши мураккаб. Агар Европанинг бироз ўртамиёна жамоаларида бўлса, у ерда ишлаб кетса бўлади. Чунки эътибор ўта юқори даражада бўлмаслиги мумкин. Айтмоқчиманки, топ-клубларга мослашиш мураббийларга қийинроқ. Балки Куман “Барса”да ишлаб кетар, ахир ўзи ҳам қаерга келаётганини билган, ўйлаган, таҳлил қилган.

Мураббий Мессига мослашиши керакми?

-  Албатта, Месси билан тил топишиш керак, бу ҳам оддий масала эмас. Бизнинг шароитимизда мураббий келиб бирор футболчи билан мослашиши керак, деган тушунча йўқ. Европада эса бошқача. Энди мураббий клубга келиб Месси билан мослашиши керак, дейиляпти, агар шунақа бўлса. Улар учун бу аслида нормаль ҳолат. Месси ҳам профессионал. Аксинча Месси Куманга ёрдам бериши керак. Чунки у катта ўйинчи, ҳамма нарсаси бор. Агар дунёқараши Куманники билан бир хил бўлса, хотиржамлик билан ҳамжихат бўлиб ишлай оладилар. Мабодо, Куман “Барса”да умуман бошқача тактикани жорий қилса, унда оғир бўлади. Негаки, у ерда неча йиллардан бери жамоанинг ўз услуби мавжуд.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!