Усмон Тошев "Истиқлол" - "Ал-Ҳилол" (4:1) ўйини ҳақида: бу мен учун сенсация эмас!

“Истиқлол” - “Ал-Ҳилол” учрашувида қайд этилган 4:1 ҳисобини ҳеч ким кутмаганди-а? Тожик клуби бу ерга шунчаки келмаганини исботлаяпти. Унинг қўлга киритган ғалабаси хусусида Тожикистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Усмон Тошев sports.uz сайтига ўз фикрларини билдирди.

- Мен гапимдан қайтмайман. Олдин айтганимдек, футболни ҳамма жойда тушунишади, ўйнашни билишади. Фақат маҳорат кимгадир етишади, кимгадир йўқ. “Истиқлол”нинг “Ал-Ҳилол”га қарши ўйини Тожикистонда футболга эътибор тилда ёки газетада эмас, амалда ўсаётганининг исботи.

Осиёнинг кучли жамоаси дарвозасига тўртта гол уриш осон эмас. Балки кўпчилик буни тўсатдан бўлди, деб айтишлари мумкин. Лекин мен бундай ўйламайман. Қолган иккита ўйин қандай бўлишини билмайман. Аммо ортда қолган ўйинлар шуни кўрсатяптики, Тожикистонда бошқача футбол шаклланяпти. Ишонч пайдо бўлган.

“Истиқлол”нинг бундай ғалабасидан хурсандман, бироқ АГМКнинг мағлубиятидан хафа бўлдим. Бу жамоа ютади, деб ўйлагандим. Ёдингизда бўлса, бошида “Истиқлол” билан АГМКнинг кейинги босқичга чиқишини жуда истаётганим хусусида гапиргандим. Олдинда яна иккита учрашув қолди. Барчага омад тилайман.

“Истиқлол”нинг ғалабаси мен учун сенсация эмас. Жамоадаги футболчиларни яхши биламан. Ҳа, Тожикистонда бунчалик кучли клублар ҳали кўп эмас. Лекин аста-секин кўпайиб боради. Муҳими, улар футбол ўйнай олишларини ҳаммага кўрсатишяпти. “Истиқлол”даги 10 нафар ўйинчи терма жамоада мен билан ишлайди. Шунинг учун уларнинг ўйинларини кузатяпман. Асосийси, футболчиларда ғолибона руҳ кучайган, ўйинидан қониқдим.

Яна қайтараман, бу ғалаба мен учун сенсация эмас. Тўғри, учрашувдан аввал, қандай ҳисобда ғалаба қозонишини айта олмасдим. Лекин яхши ўйин бўлишини билардим. Айрим пайтларда омадга ҳам бориб тақалади. Ўйиндан аввал, “Истиқлол” йигитларига қандай гапларни айтганим ҳозир керак эмас. Асосийси, биз биргаликда Тожикистон футболининг ўсишига ҳаракат қиляпмиз, - дейди Тошев.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Турсун Ғани
26/04/2021 00:41
АГМК ВА ИСТИҚЛОЛ 2 КУЛИБ ГУРУҲДАН КЕНГИ БОСҚИЧГА ЧИҚСА ЗЎР БЎЛАРДИДА. МАРКАЗИЙ ОСИЁ ВАКИЛЛАРИ ЎЗИГА ҲОС БИР ФУРОР КЎТАГАН БЎЛАРДИЛАР. ШУНДАЙ БЎЛСА ҲАМ РОЗИ ЭДИК.
УСМОН ТОШЕВ БУХОРОГА ҚАЧОН ҚАЙТАСИЗ ЖАМОАМИЗНИ ҚАЙТА ОЁҚҚА ТУРҒИЗАРМИДИЗ. ПРО ЛИГАДА ЮРИБДИ СОБИҚ ЖАМОАНГИЗ. БИЗ УЧУН СИЗ КЕЛИБ ФУТБОЛНИ БИЗДА РИВОЖЛАНТИРСАНГИЗ ЯҲШИ ЭДИ...