Усмон Тошев: Мақсадимиз йўлида хеч нима баҳона бўла олмайди

Биринчи лига фаворитларидан бири саналган “Андижон” клуби катта иштиёқ билан иккинчи даврага киришганди. Гулистонда “Янгиер” мағлуб этилгач, Тошкентда “NBU-Осиё”га кутилмаганда ютқазиб қўйгани кўпчиликни ажаблантириб қўйгани рост. Айниқса, иккинчи давра арафасида таркибнинг етарли даражада кучайтирилгани олий лигага қайтиш имкониятини янада ошираётгандек эди. Лекин кўриниб турибдики, биринчи лигада ҳам савия ва интрига борган сари ўсиб бормоқда. Шунинг эвазига бошқа жамоалар ҳам етакчига муносиб қаршлик кўрсатиш учун жон-жаҳдлари билан курашмоқдалар. 
Тан олиш керакки, “Андижон” жамоасининг имкониятни бой бергани маҳаллий ишқибозларни ранжитди. Лекин шунга қарамасдан улар ҳамон жамоага ишонч кўзи билан қарамоқдалар. Жамоа аъзолари эса мазкур мағлубият тасодиф эканлигини исботлашмоқчи ва қолган ўйинларда максимал натижаларни қўлга киритиб, кўзланган мақсадига эришиш учун охиригача курашишга бел боғлашган. Айни пайтда “Андижон” жамоаси катта иштиёқ билан машғулотларни давом эттирмоқда. Куни кеча бош мураббий Усмон Тошев жамоасининг мағлубияти ва яна айрим масалаларда ўз фикрларини билдириб ўтди. 

-  “Андижон”нинг “NBU-Осиё” жамоасига ютқазиб қўйиши кўпчилик учун кутилмаган натижа бўлиб туюлди. Бош мураббий сифатида айтинг-чи, мазкур учрашувдан олган таассурот ва таҳлилларингиз қандай кўринишда бўлмоқда?

-  Биласизми, бундан олдинги “Янгиер”га қарши ўтказган ўйинимиз ҳам яхши чиққанди деб айтмаган бўлардим. Ўшанда ҳам биз турли муаммоларга дуч келгандик. Лекин мен қадам босган йўлимиз қийин эканлигини билардим. Биз пала-партиш эмас, балки аниқ ва асосланган қонун-қоидалар бўйича ўйин намойиш этишга ҳаракат қиляпмиз. Чунки эртанги кунимизни ҳам ўйлаяпмиз. “Янгиер” билан ўйинда голни қийинчилик билан урдик. Аммо биз ўша голни тўсатдан урганимиз йўқ. Яъни, олдиндан ишлаб чиқилган режа асосида рақиб дарвозасини ишғол этдик. Шуниси одамни хурсанд қилади. Ҳали ўйинимизда кўп ишларни бажаришимиз керакми, деган саволга “NBU-Осиё”га қарши беллашувда жавоб олдим. Ўша ўйин кўрсатиб бердики, бизда ҳали ўйиннинг тартиб-интизоми бўйича сустроқ. Футболчилар ўз вазифаларини ҳатто 4 баҳога ҳам бажара олмаяптилар. Бу билан мен қайсидир ўйинчини ёмон деб айта олмайман. Шуни яхши биламанки, ҳар бир рақиб бизга қарши икки ҳисса қўшимча куч билан ўйнаб ўзини кўрсатишга астойдил ҳаракат қилмоқда. Биласизми, биринчи лигадаги футболчилар хоҳласангиз ҳам, хоҳламасангиз ҳам “Андижон” билан ўйинда ўзини роса кўрсатгиси келади, бу табиий ҳол. Яна бир гап: биз ўша “NBU-Осиё” билан учрашувнинг бошдиёқ кутилмаганда ўз дарвозамиздан тўп ўтказиб юбордик ва кейинчалик ўзимиз гол уришнинг уддасидан чиқа олмай қолдик. Ҳа, дарвозага яқин бордик, аммо ўзимиз истагандек голли вазиятларни етарли даражада ташкил қила олмадик. Энди машғулотларимизда яна нималар устида ишлашимиз кераклиги кўринди. Албатта, ўша куни ғалаба қозонишни жуда-жуда хоҳлагандик. Ҳар бир йўқотган очкоимиз эса бизга таъсир қилади. Биз олий лигага фақат 1-ўринни эгаллаб чиқмоқчимиз. Шундай экан, жамоадаги ҳамма ушбу масъулиятни жуда яхши тушунишади. Демак, биз фақат охиригача курашамиз. Мақсадимиз йўлида ҳеч нима баҳона бўла олмайди. Ўзимиз хато қилдикми, буни фақат ўзимиз тўғрилашимиз керак. Олдимизда ҳали ўйинлар кўп. Лекин очко йўқотишга мутлақо ҳаққимиз йўқ. Негаки, рақибларимиз ютишяпти ва биздан узоқлашиб кетишига йўл қўймаслигимиз керак. Акс ҳолда уларга етиб олиш қийинлашиб қолади. Биз вазиятнинг ечимини топиш бўйича ишлаяпмиз, ўйлаяпмиз. 

-  Бугунги кунда анча ҳавотирга тушиб қолган мухлисларга нима деган бўлардингиз?

-  Сафардаги иккала ўйинимизда ҳам мухлисларимиз бизни жуда яхши қўллаб-қувватладилар. Бунинг учун улардан миннатдорман. Биламан, мағлубият уларни хафа қилди. Лекин ишқибозларимиз жамоага тўлиқ ишонишлари керак. Табиийки, улар биринчи ўринни эгаллашимизни хоҳлашяпти. Биз ҳам худди шуни истаяпмиз. Бунга шубҳа бўлиши мумкин эмас. Шунинг учун ҳаммамиз бир куч бўлиб охиригача курашамиз. Ишқибозларимиз жамоани бўшашиб қолишига йўл қўймайдилар. Чунки кўриб турибманки, улар астойдил, юракдан жамоани қўллаб-қувватлашяпти. Мағлубият ҳеч кимга ёқмайди. Бундай пайтда жамоага оғирроқ бўлади. Ахир ҳар бир ўйинчи “Андижон”ни олий лигага олиб чиқишни ич-ичидан истаяпти. Шунинг учун биз ишлашда давом этамиз. Мавсум ўрталарида ёки охирларида жуда яхши кайфиятда бўламиз. Аслида эса бундай мағлубиятли вазиятлар ҳар бир жамоада бўлади. Масалан, куни кеча иккита қиролларга хос бўлган жамоалар – “Барселона” билан “Реал” тўқнаш келишди ва иккаласида ҳам “Барса” ютқазди. Футболда эса бундай ҳолатлар бўлиб туриши табиий ҳол. Лекин айни пайтда биздаги вазият шуниси билан бироз оғирроқки, биринчи ўриндаги жамоа билан ўртамиздаги очколар фарқи каттароқ. Айнан мана шу вазият ишқибозларимизни ташвишлантиряпти. Агарда ўртадаги фарқ бир-икки очкони ташкил қилганида бу муаммо ҳисобланмасди. Ҳозирги вазият эса мухлисларни ҳаяжонга солиши турган гап. Аммо бу билан чемпионат тугаб қолгани йўқ. Бошқа хато қилмаслик учун нималар қилиш кераклиги ҳақида ўйлаш керак. Муҳими, жамоада ишонч катта. Шундай экан, ҳали ҳаммаси яхши бўлади. Биласизми, иккинчи жаҳон урушида немислар 5000 километр йўл босиб СССР ҳудудига кириб келишига 40 километр масофа қолганди. Ўшанда немислар ҳар томонлама кучли эди. Лекин СССР ўша қийин пайтда бирлаша олгани ва руҳий томондан устун бўлгани учун аста-секин рақибни мағлуб эта олганди. Бунга ўхшаган мисоллар кўп. Бизда яхши футболчилар бор. Аммо руҳий томондан асло “синмаслигимиз” керак. Шунинг учун охиригача ишлаймиз. Биласизми, Россия биринчи дивизионида шундай пайтлар бўлганки, охирги олтита ўйинда бир очкони қўлга киритишса премъер-лигага чиқадиган клуб ўша бир очкони ололмай қолиб кетган ҳолатлари ҳам бўлган. 

-  Демак, муҳими ишонч...

-  Албатта, ишонч! Биз бутун жамоамиз. Ютганда ҳам, ютқазганда ҳам бирга бўлиб, бир куч бўлиб курашиш бу энг кераклиси. Нафақат клуб билан мухлислар, балки рахбарият, матбуот, ҳомийлар ҳамма-ҳаммамиз бир жамоа, бир оила бўлишимиз жуда муҳим. Эртага “Андижон” олий лигага чиқса, буни мен, сиз ёки бошқаси эмас, бутун жамоа бажарган бўлади. Бу эса вилоят учун ҳам катта ютуқ бўлади.

-  Кўриниб турибдики, кайфиятингиз яхши...

-  Албатта. Кайфиятим бузилмайди. Агарда тушкунликка тушиб, кайфиятсиз юрсам бу футболчиларга ўтади. Мен эса бундай бўлишини истамайман. Олдинга тик қараб, ишонч билан ҳаракат қилишда давом этамиз.

Шуҳратбек ЖЎРАЕВ суҳбатлашди.

Минбар

Барча блоглар