Усмон Тошев: "Менинг қўпол хатоим бўлди"
Про-лига 19-турининг марказий учрашуви доирасидаги «Нурафшон» - «Динамо» (0:2) учрашувидан кейин бухороликлар устози Усмон Тошевнинг ўйин борасидаги фикрлари билан қизиқдик.
- Усмон Қудратович, жамоангиз бугун муҳим баҳсда мағлуб бўлди. Ўйин ҳақидаги фикрларингиз?
- Мени ҳайрон қолдиргани ўйин давомида жуда ёмон ҳаракат қилдик. Бу мени ўйлантирмоқда, ҳар ҳолда сўнгги икки кун давомида ҳам жамоа билан яхши кайфиятда яхши тайёргарлик кўрган эдик.
Албатта, бугун менинг ҳам қўпол хатоим бўлди, таркибда ўзгаришлар қилишда иккита хатога йўл қўйдим. Буларнинг барчаси ўйинимизга таъсир қилди ва ўйиннинг боришини ўзгартира олмадик. Дастлабки дақиқалардан ўйин тизгини рақиб томонида бўлди, «Динамо» яхши ўйин кўрсатди. Уларни бугунги ғалаба билан табриклайман. Энди жамоа бугун нега умуман ҳаракат қилмагани ҳақида бош қотирамиз.
- Марко Миличнинг биринчи бўлимдаёқ захирага олингани нима билан боғлиқ эди?
- У ўйинда ўзини ёмон ҳис қила бошлади. Шу боис уни алмаштиришга қарор қилдик. Ўйингача эса унда ҳаммаси жойида эди.
- Бу учрашувдан кейин 2-ўрин билан орадаги фарқ янада катталашди. «Нурафшон»нинг Суперлига йўлланмаси учун имкониятларини энди қандай баҳолайсиз?
- Олдинда яна 5 та ўйин бор, охиригача курашишда давом этамиз. Кейинги иккита ўйиндаёқ ғалаба қозониб, вазиятни ўзгартириш имконияти бор. Ҳамма нарса бўлиши мумкин. Шундай экан, охиригача курашишда давом этамиз.
“Динамо” матбуот хизмати.
Фикрлар