Усмон Тошев: "Навбаҳор" футболчисига 100 фоизли таклифлар борлигидан хабардорман"

25 март куни Тожикистон миллий терма жамоаси жаҳон чемпионати саралаши доирасида ўз майдонида Монголияни қабул қилиб жавобсиз учта гол уриб, уч очкони қўлга киритди.

Биласиз, Тожикистон миллий термасини ўзбекистонлик мутахассис Усмон Тошев бошқариб келяпти. Шунинг учун ҳам ён қўшнимизнинг ўйинлари ва натижаларига бефарқ эмасмиз. Табиийки, Тожикистоннинг кечаги ғалабаси маҳаллий ишқибозларнинг кайфиятини кўтарди. Усмон Тошев sports.uz мухбири билан мулоқот чоғида Монголияга қарши ўйин ҳақида гапирди.  

- Биринчи навбатда айтмоқчиманки, ўйин биз ўйлагандек кечди. Туркияга борганимда бу рақибнинг ўйинларини ҳам кўриб келгандим. Учрашувда тезкор гол урмоқчи эдик ва буни амалга оширдик. Шундан кейин футболчилар хотиржамроқ ўйнай бошлашди. Лекин гол ургач, орқага ўтдик. Тўғри, ҳозирги замонавий футболда икки тайм мобайнида босим уюштириш жуда қийин. Рақиб ҳам ҳаракат қилади, улар ҳам бизни ўрганишган. Голдан кейин қарши ҳужум асосида ўйнадик. Менга ёққани бизда жамоавий ўйин яхши шаклланиб боряпти. Бир-бирини тушунишлари ижобий. Олдинлари футболчи ўзи учун ўйнаётгандек бўларди. Келгусида жамоавий ўйинимизга тезкорликни қўшишимиз керак. Ҳимоядан ҳужумга ва ҳужумдан ҳимояга ҳаракатланишда тезкорроқ бўлишимиз талаб этилади. Буни бажара олишимиз мумкин, аммо айрим пайтларда буни амалга ошира олмайдилар. Бундай пайтда йигитларга маҳорат етишмайди. Халқаро ўйинлар орқали мана шундай камчиликларимизни тузатсак яхши бўларди. Аммо бундай учрашувлар кам. Пандемия сабабли етарлича ўйнай олмадик. Шунда ҳам бизга рақиблар топиб беришгани учун футбол федерация раҳбарларига раҳмат. Асосийси, бизда жамоавий ўйин пайдо бўляпти.

Турнир жадвалида Тожикистон олтита ўйинда 10 очко жамғариб иккинчи ўринда боряпти. Япония тўртта беллашувда 12 очко билан пешқадам. Учинчи ўринда бораётган Қирғизистон Тожикистон ортидан қувиб келмоқда. Усмон Тошев Тожикистоннинг гуруҳдан чиқиш имкониятлари хусусида шундай деди:

- Охирига бориб киритилган голлар ҳам таъсир қилади. Шунинг учун тўплар нисбатидаги плюс ва минусларни яхшилаш учун Монголияга кўпроқ гол урмоқчи эдик. Яхши вазиятларимиз бўлди. Барибир йигитлардаги ҳаяжон ўз таъсирини кўрсатди. Ҳаттоки, бўш дарвозага ҳам гол ура олмадик. Энди июнь ойида қолган ўйинлар марказлашган ҳолда бўлади. Насиб бўлса, ҳаммаси ўшанда ҳал этилади. Олдинда бизни Япония билан ўйин кутяпти. Бу жуда қийин ва шу билан бирга қизиқарли баҳс бўлади. Жамоамиз билан жиддий тайёрланамиз. Жамоавий ўйинимиз кучайиб боряпти. Шунингдек, Мьянмани албатта ютишимиз керак. Бунга бемалол кучимиз етади. Боз устига ўйинлар бир жойда бўлгани учун парвозлар, кутишлар бўлмайди. Бир жойда тайёрланамиз. Якунда қандай бўлишини кўрамиз. Қирғизистон ҳам, Мьянма ҳам қанақа натижалар қайд этишини вақт кўрсатади. Бизда иккита, уларда учта ўйин бор. Бизда вазият яхшироқ, етарлича ҳордиқ чиқариб, кейин яна ўйнаймиз. Албатта, Японияга қарши учрашув жуда муҳим ва оғир ўтади. Балки кейинчалик вазият ўзгариб кетиши ҳам ҳеч гап эмас. Ҳаттоки, Мьянманинг келмаслиги мумкин деб айтишяпти. У ердаги вазиятга кўра, мамлакатга ҳеч кимни киргизишмаяпти ва ҳеч ким чиқмаяпти.

Шунингдек, Тожикистоннинг Монголияга қарши ўйинида Суперлигамизда тўп сураётган тожик футболчиларидан “Бунёдкор” аъзоси Даврон Эргашев асосий таркибда ўйнади. Лекин “Навбаҳор” вакили Эхсони Паншанбе учрашувни ўтказиб юборди. Усмон Қудратович бунинг сабабини айтар экан, унинг “Навбаҳор”даги тақдирига ҳам тўхталиб ўтди.   

- Эхсони Паншанбени терма жамоадаги аввалги ўйинларида олган сариқ карточкалари тўпланиб қолганди. Шу сабабли Монголия билан учрашувни ўтказиб юборди. Шунга қарамай, биз уни термага чақирдик. Нима учун? Чунки Эхсонини ҳамма яхши кўради. Жуда тартибли футболчи, хушчақчақ ва одобли. Характери ҳам ажойиб. У жамоа ичидаги муҳитни янада яхшилай олади. Шунинг учун уни чақирдим. Машғулотларимизда бошидан охиригача қатнашиб, жамоамизга руҳий томондан ҳам ёрдам берди.

Паншанбени яхши биламан, унга 100 фоизли таклифлар борлигидан хабардорман. Аммо уни ҳозир “Навбаҳор” билан шартномаси бор. “Навбаҳор” яхши жамоа. Эхсони наманганликлар сафида яхши ўйнаяпти, чемпионатда гол ҳам урди. Клубда қолишни ёки кетишни ўзи ҳал қилади. Ҳар қандай ҳолатда ҳам у жуда яхши инсон. Ўқитувчилар оиласида катта бўлган. Паншанбенинг ишига аралаша олмайман, ҳаммасини ўзи билади. Муҳими, у мураббийларнинг кўрсатмаларига қулоқ солиб доимий ўйин амалиётига эга бўлса, терма жамоа учун ҳам фойдали бўлади, - дейди Тошев.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!