Усмон Тошев: Тактик жиҳатдан ҳеч кимга ютқазмаймиз, ҳатто Японияга ҳам!

Ҳамюртимиз Усмон Тошевнинг Тожикистон миллий терма жамоаси бош мураббийи сифатидаги фаолияти давом этмоқда. Шу боис унинг у ердаги ҳаёти ва фаолиятини кузатиб бориш биз учун ҳам қизиқ туюлмоқда. Жаҳон чемпионати саралаш баҳслари учун астойдил тайёргарлик кўраётган ён қўшниларимиз Усмон Қудратовичга ишонч билдиришмоқда. Шу сабабли Тошевни олдинда жуда муҳим ва жиддий ўйинлар кутмоқда.  

Мусобақа ҳақида

Ҳиндистоннинг Аҳмадобод шаҳрида Ҳиндистон, Тожикистон, КХДР ва Сурия терма жамоалари иштирокида халқаро мусобақа бўлиб ўтди. Усмон Тошев жамоаси эса финалда иштирок этди. Мураббий дастлаб турнир таассуротлари ҳақида гапирди.

- Турнир биз учун жуда яхши ўтди. Биз у ерга нима учун бордик? Фақат тайёргарлик кўриш учун. Бундай вазиятда ютиш ёки ютқазишнинг фарқи йўқ эди. Муҳими, биз Ҳиндистонда учта жамоа билан ўйин ўтказдик. Лекин у ерда айрим муаммоларга дуч келдик. Масалан, маҳаллий об-ҳавоси бизга бироз ҳалақит берди. Жуда иссиқ, намлик юқори экан. Бундан ташқари, овқат масаласида жуда қийналдик. Маҳаллий овқати бизнинг йигитларга ёқмади. Ўзимизга керакли таомни эса улар тайёрлай олишмади. Лекин “Ҳаят” меҳмонхонасида яшадик ва у ерда шароитлар яхши. Фақат маҳаллий овқати билан об-ҳавоси бизга тўғри келмади. Умуман олганда, жамоамиз яхши ўйнади. Фақат финалдаги учрашувда бизга тезлик етишмади ва кучимиз ҳам етмай қолди. КХДР футболчилари эса жисмоний томондан яхши тайёрланишган экан, бақувват. Улар иккинчи қаватдан ҳам яхши ўйин кўрсатишди. Лекин бизникилар ҳам ҳаводаги тўп учун курашларнинг аксариятида яхши ўйнашди. Аммо биз дарвозамиздан кулгули гол ўтказиб юбордик. Рикошет орқали дарвозамиз ишғол этилди. Лекин биз у ерга тўлиқ таркиб билан бора олмагандик. Айрим футболчиларимиз жароҳат олишганди ва бир қатор ёшларни олиб бордик. Жамоамизда бироз бўлса-да, ўйин бор. Бу мусобақанинг бизга фойдаси кўп тегди.

IMG_7231

Қуръа ҳақида

ЖЧ-2022 саралашининг иккинчи босқичида Тожикистон терма жамоаси “F» гуруҳида Япония, Қирғизистон, Мьянма ва Монголия билан беллашади. Бу борада бош мураббий шундай деди:

- Қуръа ташланган пайтда биз Ҳиндистонда эдик. Биласиз, биз учинчи саватчада эдик. 1- ва 2-саватчада эса кучли жамоалар бор эди. Шунинг учун ҳар қандай ҳолатда ҳам кучли рақиблар билан бир гуруҳдан жой олишимизни билардик. Лекин биз учун ҳамма рақиблар бир. Барибир барчаси билан ўйнаш керак. Кимни ютсангиз ҳам фақат уч очкодан берилади. Япония ҳаммадан кучли. Бундай жамоага қарши ўйнаш эса жуда қизиқ бўлади. Ҳар бир ўйин биз учун катта мактаб вазифасини бажаради. Япония, Қирғизистон, Мьянма, Монголия...ҳаммаси ҳар хил жойдаги жамоалар. Улар билан ўйнаш чиндан ҳам қизиқарли кечади.

2-ўрин учун имконият хусусида

Ушбу гуруҳда Япония яққол фаворит. Шу боис 2-ўрин учун асосий кураш Қирғизистон билан Тожикистон ўртасида кечиши кутилмоқда. Усмон Тошев ҳам бу фикрга қўшилди.

- Ҳар кимнинг ўз фикри бор. Лекин чиндан ҳам 2-ўрин учун Қирғизистон билан Тожикистон курашади деган гаплар ҳақиқатга яқин. Лекин биз ким билан бўлмасин фақат яхши ўйнашга ҳаракат қиламиз. Масалан, Монголияни ҳеч ким билмайди. У ерда футбол энди-энди бошланяпти. Мисол учун Японияга қарши ўйинда биз олдиндан таслим бўлмаймиз ва шунчаки ўйинни уларга топшириб қўймаймиз. Биламанки, уларга ҳам осон бўлмайди. Ўзим ҳам бу ўйинларни кутяпман.

Мураббий учун ЖЧ саралашидаги дастлабки синов

Усмон Тошев бош мураббий сифатида илк бор жаҳон чемпионати саралаш баҳсларида дебютини ўтказади. Шу боис бу унинг учун ҳам жуда муҳим босқич ҳисобланади. Бу масала бўйича қуйидагича изоҳ билдирди.

- Иштиёқимиз кучли. Август ойида Европада ўйин ўтказмоқчимиз. Бу борада рақиб истаяпмиз. Албатта, улар рейтинг бўйича кучлироқ жамоаларни танлашади. Лекин барибир Европа жамоаси билан ўйнамоқчимиз. Бундай катта мусобақа олдидан менда фақат спорт тамойилларига асосланган ҳаяжон бор, аммо қўрқув йўқ. Лекин биз тактик томондан ҳеч кимга ютқазмаймиз, ҳатто Японияга ҳам. Аммо кучимиз қаергача етади, жисмоний тайёргарлигимиз қандайлигини ўйинлар кўрсатиб беради.

Усмон Тошев2_1

Ўзбекистон терма жамоаси ва унинг гуруҳи тўғрисида

Шунингдек, Ўзбекистон миллий терма жамоасининг рақиблари ҳақида ҳам фикрлар билдирилмоқда. Тошев ҳам терма жамоамизга бефарқ бўлмагани учун ушбу масала бўйича ҳам ўзининг қарашларини билдириб ўтди.

- Ўзбекистон терма жамоаси яхши таркибга эга ва кучли. Ҳамма Ўзбекистонни жаҳон чемпионатига чиқишини кутяпти. Мен ҳам Ўзбекистоннинг рақибларини ютиб мундиалга йўл олишини хоҳлаяпман. Ўйлайманки, Ўзбекистон бу гуруҳдан ҳотиржамлик билан кейинги босқичга чиқади. Лекин рақибларга доим ҳурмат билан ёндашиш лозим. Ўзбекистоннинг жаҳон чемпионатига чиқиш вақти келди. Бунинг учун катта тайёргарлик кўриляпти.

Тошев тожикистонликларга ваъда бера оладими?

Тожикистонлик мухлисларнинг терма жамоасидан умидлари катта. Шу боис улар Усмон Тошевга ҳам умид кўзи билан қарамоқдалар. Хўш, мураббий тожикистонликларга қандайдир ваъда бера оладими?

- Ҳеч кимга бирор нимани ваъда бера олмайди. Биз фолбин эмасмиз. Аслида мени у ерда ишлашимнинг ўзи катта ваъда. Тожикистонга нима учун келганимни биламан-ку. Дам олишга борганим йўқ. У ерда кўришиш учун амаким ёки тоғам йўқ. Билиб турибманки, олдимизга гуруҳдан чиқиш вазифаси қўйилади. Биз ҳаракат қиламиз ва курашамиз. Бироқ мураббийнинг бир ўзи ҳеч нима қила олмайди. Агар ютсак ҳаммамиз ютган бўламиз. Ютқазсак эса фақат мураббий ютқазади. Лекин ваъда бериш нима? Агар ваъда берсам, мен бошқача ишлайманми? Биринчи навбатда ўзим хоҳлайман муваффақиятларга эришишни. Ютсам биринчи навбатда ишимга баҳо беришади. Агар гуруҳдан чиқа олмасак, ўзимга минус бўлади. Буларни жуда яхши тушуниб турибман.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
TFT
02/08/2019 13:52
Омад.Кушнилар хам узбекистонлик мураббий бн ЖЧга чиксин.
Кахрамонжон Сафаров
05/08/2019 16:01
Сизга омад , агар кушниларимиз Киргизистон билан биргаликда бошка ракибларни догда колдириб ЖЧ га чикиб борсаларинг бу ёгдан Узбегим йигитлари чикиб борса кандай ёкимли ва ахойиб СЕНЦАЦИЯ булар эди омад хаммамизга хамрохбулсин, Туркманистонга хам омад ёр булсин Урта Осиё командалари ОЛГАааа