Усмон Тошев Тожикистоннинг Баҳрайн ҳамда БААга қарши ўйинларидан нима кутяпти?
Тожикистон миллий терма жамоаси 7 ва 12 ноябрь кунлари Дубайда Баҳрайн ҳамда БАА термаларига қарши назорат учрашувларида иштирок этади. Бош мураббий Усмон Тошев эса бўлажак ўйиндан нима кутаётганини ҳамда жамоасининг тайёргарлиги борасида sports.uz сайтига қуйидагиларни айтди:
- Бугун охирги машғулотимизни ўтказдик. Энди шу кечаси БААга жўнаб кетамиз. Машғулотларимиз яхши ўтди, ҳамма соғ-саломат, кайфият ажойиб. Тестларни топширдик, ҳаммасиники яхши. Фақат тўрт нафар ўйинчимиз бу йиғинимизда қатнаша олмайди. Иккитаси жароҳат олган, биттаси бетоб бўлиб қолди, четда ўйнаётган бир футболчимиз кела олмайди, фақат БААга қарши иккинчи ўйинга етиб келади.
Энди ушбу сафаримизга тўрт нафар ёш иқтидорли йигитларни олиб кетяпмиз. Баҳрайн ҳамда БААга қарши яхши ўйинлар кўрсатишга ҳаракат қиламиз. Ўзимизни услубда ишлаяпмиз ва агар ҳаммаси яхши бўлса, ютишга ҳаракат қиламиз.
Бу ҳам биз учун катта босқич. Чунки иккита яхши жамоа билан ўйнаймиз. Охирги марта Ўзбекистонга қарши майдонга тушгандик. Таътилдан кейин жиддий тайёргарлик кўряпмиз. Йигитлар йиғинга чарчамаган ҳолда янгича иштиёқ билан келишди. Сафардаги учрашувларда ўзимизни яна бир бор текшириб оламиз, - деди Усмон Қудратович.
Фикрлар