Устунлик "Навбаҳор"да, лекин Жиззахда қачондан бери ғалаба қозона олмаётганини биласизми?

Бугун Суперлиганинг 17-турдан қолдирилган иккита ўйин бўлиб ўтади. Жумладан, ОКМК – “Нефтчи” ҳамда “Сўғдиёна” – “Навбаҳор” қарама-қаршилигига гувоҳ бўламиз. Сабаби сизга яхши аён бўлса керак. ОКМК ҳамда “Навбаҳор” Осиё Чемпионлар лигаси плей-офф босқичида иштирок этишгани муносабати билан уларнинг чемпионатдаги ўйинлари 26 августга кўчирилганди. Шу боис энди бугун ўша муддатда кўчирилган иккита ўйин ўтказилади.

ОКМК ҳам, “Навбаҳор” ҳам ОЧЛ гуруҳ босқичига йўлланмани қўлга киритишди ва Суперлига баҳсларига кўтаринки кайфиятда етиб келдилар. Бугун Самвел Бабаян жамоасининг Жиззахда “Сўғдиёна”га қарши учрашуви олдидан бироз тўхталмоқчимиз. 24 август куни Жиззахдаги стадионда Ўзбекистон Суперкубоги ўтказилганидан яхши хабардорсиз. Унда “Насаф” “Пахтакор”ни 2:1 ҳисобида мағлуб этди. Энди Жиззахда яна бир чемпионатимиз фаворитларидан бири ўйнайди, бу сафар мезбонларга қарши.

нав суг1

Наманганликлар учун бу жуда муҳим. Боиси, чемпионлик йўлида жиддий курашаётганини биласиз. Гарчи ўз майдонида “Пахтакор”га имконият бой берилганига қарамасдан ҳали чемпионликдан умидини узишгани йўқ. Агар яна очко йўқотиладиган бўлса, олтин медалдан узоқлашиб бораверади. Буни Бабаян ва унинг жамоаси яхши тушуниб турибди. Аммо рақиб ҳам шунга яраша жиддий. “Сўғдиёна” Иван Бошкович бош мураббийлигида тобора чақилмас ёнғоққа айланиб боряпти. Ҳа, “Навбаҳор”га Жиззахда мезбонларни енгиш жуда қийин бўлади. Дуранг ҳам меҳмонлар учун қониқарли натижа ҳисобланмайди. Балки ОЧЛдаги муваффақиятли ғалаба фактори “Навбаҳор”га асосий куч ва руҳий қувват бағишлаши катта эҳтимол.

Эътиборингизни яна бир жиҳатга қаратмоқчимиз. Бу – жамоаларнинг ўзаро ўйинлар статистикаси билан боғлиқ ва унда эътиборимизни тортадиган ҳолат мавжуд. Чемпионат доирасида бу клублар 55 маротаба куч синашишган. Бугунгиси 56-ўйин бўлади. “Сўғдиёна” 21, “Навбаҳор”да 26 та ғалаба бор. 9 та учрашувда дуранг қайд этилган. Тўплар нисбати 62\92 наманганликлар фойдасига. Бу йилги мавсумнинг биринчи даврасида “Навбаҳор” ўз уйида жиззахликларни 3:0 ҳисобида тор-мор келтирган.

нав суг2

“Навбаҳор” учун “Сўғдиёна” мезбонлигидаги ўйинлар ёқимсиз анъанага айланиб қолганини биласизми? Гап шундаки, наманганликлар Жиззахда ғалаба қозонишга жуда қийналишади. “Навбаҳор” охирги марта қачон “Сўғдиёна” майдонидан уч очко билан қайтганини биласизми? Бунга 17 йил бўлди. 2006 йилнинг 5 август санасидаги баҳсда “Навбаҳор” Жиззахдан 2:0 ҳисобидаги ғалаба билан қайтган. Шундан бери ё дуранг ё мағлубият қайд этиб келинмоқда. Ҳа, бу катта муддат. Демак, Бабаян ва унинг жамоаси Жиззахдаги ғалабасиз серияга чек қўйиш учун ҳам икки ҳисса куч билан тўп суришлари аниқ.

“Сўғдиёна” Бошкович келгач, анча ўзгарганини ҳамма пайқади. Айниқса, ёшлар ва тажрибали футболчиларни уйғунлаштира олди. Бежизга клуб раҳбарияти мураббий билан шартнома муддатини узайтиргани йўқ. Демак, унга ишонч катта ва режалар ҳам катта. Албатта, мезбонлар ҳам кучли рақибига қарши энг яхши ўйинини кўрсатиш пайида бўлади. Шубҳасиз, ўйинга қизиқиш юқори. Наманганлик мухлислар ҳам юқори кайфиятда ва буни Жиззахда ҳам давом эттиришларидан умидворлар. Кўрамиз, “Навбаҳор” Жиззахда 17 йиллик нохуш анъанасига чек қўя оладими ёки “Сўғдиёна” ўз уйида очко тортиб олишда давом этадими? Учрашувни ўтказиб юборманг. Бугун соат 19:30 да бошланади.

Шуҳратбек Жўраев.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
jamolidin
26/08/2023 12:15
durang bulardi tahminan
Норов Абдужалил
26/08/2023 09:43
Уйинлар кайси каналлардан олиб берилади.
Islombek jo`raboyev
26/08/2023 10:07
Sport tv ,dunyo buylab