Вадим Абрамов: Балки терма жамоага мураббий бўлганим "Бунёдкор"нинг ўйинларига салбий таъсир кўрсатаётгандир

Ўзбекистон Суперлигаси 21-туридан ўрин олган "Бунёдкор" ҳамда "Бухоро" (1:1) жамоалари ўртасидаги ўйиндан сўнг мезбонлар бош мураббийи Вадим Абрамов учрашув борасидаги ўз фикрларини билдириб ўтди.

"Рақибни менсимадик дея олмайман, шунчаки, «Бухоро» кутганимиздек ҳимоявий ўйин намойиш қилди, деярли барча футболчилар орқа чизиқда ўйнади. Биз тўп назоратини тўлиқ ўз қўлимизда ушлаб турган бўлсакда, ҳеч бир ўйинчимиз етакчиликни ўз қўлига олишни истамади. Қолаверса, жамоа етакчилари ҳам ўз имконияти даражасида тўп сургани йўқ. Сўнгги ўйинларда индивидуал хатолар сабабли ўз дарвозамиздан тўп олиб чиқяпмиз.

Жамоамизда қандайдир «спад» бўляпти. Саралаш ўйинлари сабабли юзага келган танаффусдан кейин футболчиларимиз ўзига ўхшамаяпти. Ўйлайманки, терма жамоа туфайли бўладиган навбатдаги танаффус бизнинг фойдамизга хизмат қилади. Балки мени терма жамоага бош мураббий бўлгани футболчиларга руҳий таъсир қилаётгандир, яна билмадим. Чунки бугун ҳам йигитларда қандайдир ишонч сезмадим, футболчилар таваккал қилишни истамади", - деб Абрамовнинг сўзларини келтириб ўтди клуб расмий сайти.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!