Вадим Абрамов футболга қайтгач нималар деди? (эксклюзив интервью)
Ads

Куни кеча Ўзбекистон футбол ассоциацияси юртимиздаги тажрибали мураббийлардан бири Вадим Абрамовни яна ўз иши билан шуғулланишига рухсат берди. Маълумки, ўтган йили “Нефтчи”ни бошқараётган пайтда унинг айрим билдирган фикрлари сабабли ЎФА номуайян муддатга футболдан четлатганди. Шундан бери Вадим Карленович ҳеч қаерда ишламаётганди. Ниҳоят, у яна катта футболга қайтмоқда. Шу боис SPORTS.uz муҳбири Абрамов билан боғланди.

- Салом, Вадим Карленович, аввало сизни катта футболга қайтишингиз билан табриклашимизга ижозат берсангиз.

- Раҳмат.

- Ўзбекистон футбол ассоциацияси мураббийлик ишига қайтишингиз учун рухсат берди. Адолат қарор топди. Бундай бўлишини кутганмидингиз?

- Йўқ, мен учун бу мутлақо кутилмаган сюрприз бўлди. Шундай сюрпризни ҳозирлаганлардан миннатдорман.

- Футболдан четда қолган пайтингизда ҳақлигингизни исботлаш мақсадида раҳбариятга хат билан мурожаат қилдингизми?

- Йўқ, ҳеч қандай хатни ёзмадим. Ёзишимдан нима фойда? Қолаверса, қайси қилмишим учун футболдан четлатилганимни ҳозиргача тушуна олмайман. Боз устига матбуотда шу масала юзасидан нималар ёзилганини билмадим. Ўтган вақт давомида бу хусусида ҳеч қандай изоҳ бермагандим. Ҳозир ҳам шундай йўл тутаман. Нима учун четлатилганимни тушунмадим. Айтишларича, футболчиларни ва бошқа ҳамкасбларимни ҳурмат қилишим керак экан. Умуман, бунинг сабабларини охиригача англаб ета олмадим. Ўзингиз айтинг, мен бирор-бир ўйинчи ёки ҳамкасбимни беҳурмат қилганманми? Бундан ташқари, ҳар хил майда-чуйдаларга эътибор берадиган кишилар сирасига кирмайман.

- Умид Аҳмаджонов билан учрашдингизми?

- Йўқ, учрашмадим. Қолаверса, уни олдин сира кўрмаганман. Айтиш мумкин бўлса, бир-биримизни умуман танимаймиз ҳам.

- Футболсиз вақтингизни қандай ўтказдингиз?

- Уйда, дам олиш билан ўтказдим. Мана, ҳозир ҳам уйдаман ва жаҳон чемпионати ўйинларини томоша қиляпман.

- Сизнинг охирги иш жойингиз “Нефтчи” клуби ҳисобланади. Ҳозиргача жамоа қониқарсиз натижалари билан ишқибозларининг ҳафсаласини пир қилиб келмоқда. “Нефтчи”даги ишингизни фаолиятингиз давомидаги энг омадсиз давр сифатида баҳолаш мумкинми?

- Мен жамоада иш бошлаган пайтимдаёқ “Нефтчи”ни қандай оёққа турғазиш мумкинлиги борасидаги режам билан ўртоқлашгандим. Боз устига клубни қабул қилиб олган пайтимда у жуда аянчли аҳволда эди. “Нефтчи”нинг олдинги обрўини тиклаш йўлида пухта режа ишлаб чиққандик. Аммо режани охиригача якунлаш насиб этмади. Жамоадан четлатилганимдан сўнг ҳам вазият яхши томонга ўзгармай қолгани ачинарли. Тўғриси, “Нефтчи”дан кетганимдан кейин клубнинг ишларини кузатмадим. Ўзимни қонун-қоидаларга риоя қиладиган инсон деб ҳисоблайман. Ишдан четлатишдими, демак, футболга аралашмаслигим керак эди. Шундай ҳам қилдим. Саволингизга келсак, жамоада олиб борган ишимни фаолиятимдаги муваффақиятсиз давр деб ҳисобламаган бўлардим.

- Вадим Карленович, сизда ҳозир таклифлар борми?

- Ҳозирча ҳеч қандай таклифлар билан мурожаат қилганлари йўқ.

- Умуман олганда, кейинги режаларингиз билан ўртоқлаша оласизми?

- Қанақа режалар? Ҳозирча ҳеч қандай ўзгариш йўқ. Таклифлар билан чиққанлар кузатилмаяпти. Уйимда дам олишни давом эттирмоқдаман.

- Лекин охирги янгиликдан сўнг сизга албатта таклифлар билан мурожаат қилишларига асло шубҳаланмаймиз...

- Бу масалада бирор нарса дейишим қийин. Ахир ўзимга-ўзим таклиф қила олмайман-ку?! Лекин тез орада бирор янгилик бўлиб қолар. Ўзим ҳам шундан умид қиляпман.

- Айтинг-чи, янги форматдаги Суперлига сизга ёқяптими? Ўйинларнинг савияси ошганми?

- Футболда ишламай қўйганим боис бу хусусида фикр билдиришим амримаҳол.

- Ҳарқалай четдан бўлса ҳам ўйинларни кузатаётгандирсиз?

- Йўқ, деярли кузатмадим. Фақат бир марта ОКМКнинг “Насаф”га қарши ўйинини томоша қилдим холос. Шунда ҳам учрашувнинг бир бўлимини кузатдим ва юмуш билан кўчага чиқиб кетдим. Кечирасиз, янги Суперлига ва унинг савияси борасида берган саволингизга тўлиқ жавоб қайтара олмайман. Футбол – бу машаққатли меҳнат деганидир. Бир кун ёки ярим йил давомида нимадир ўзгаришига ўзингиз ҳам ишонасизми? Жараён ўзгариши учун бир мунча вақт ўтиши керак бўлади.

- Агар сир бўлмаса, Россияда давом этаётган жаҳон биринчилигида қайси терма жамоага мухлислик қилмоқдасиз?

- Аввало чиройли футбол учун. Телевидениеда намойиш этилаётган учрашувларни кузатиб боряпман. Ўзим учун нимадир олишга ҳаракат қилмоқдаман. ТВда ўйинларни узлуксиз намойиш этаётган бизнинг бугунги кунимизда бу жуда қўл келади. Учрашувларни кузатиб борар экансиз, мутахассис сифатида ўзингиз учун ниманидир кашф этасиз.

- Жаҳон чемпионати финалини бевосита Москвада, “Лужники” стадионида кузатиш хоҳишингиз борми?

- Билмадим, бу саволингизга ҳам жавоб қайтаришим мушкул. Устига-устак тайинли иш билан банд бўлмаганим туфайли хоҳиш имкониятга тўғри келмайди.

- Агар ёдингизда бўлса, “Нефтчи”дан кетмасингиздан олдин айнан биз сиз билан суҳбатлашгандик. Буни қарангки, футболга қайтишингизга рухсат берилгач, яна гаплашиб турибмиз...

- Ҳа, эсладим. Бу жуда ёқимли, албатта. Лекин мени безовта қилаётган жиҳат ҳам йўқ эмас. Газетада суҳбат чоп этилгач, баъзи гапларим учун мени яна жазога тортишмасмикин, деган хавотир ҳам йўқ эмас. Чунки ўзбек тилида чоп этиладиган нашрларда гапларим қай тариқа таржима қилинганидан бехабар қоламан. Четлатилишимга нима сабаб бўлганини тушунтириш чоғида кескин фикр билдирганимни айтганлар ҳам бўлган. Ҳатто нотўғри фикр юритишимни юзимга солишган. Қизиқ, 55 ёшга кирган мендек одам шу чоққача қандай қилиб тўғри фикр юритишни билмаса?! Жуда ғалати.

- Айтган гапларингизни сал бошқача талқин қилишимиз мумкинлиги борасида биздан хавотир олмасангиз ҳам бўлади.

- Мен сизлардан эмас, балки кўпроқ ўзимдан хавотирланяпман. 55 ёшдаги мендек кишига тўғри фикрлашни ким ўргатаркин, дея баъзида ўйланиб қоламан. Суҳбатимиз якунида самимий табригингиз учун сизга яна бир бор миннатдорчилик билдириб қоламан.

- Суҳбатлашиш учун вақт ажратганингиздан биз ҳам миннатдормиз. Келгуси ишингизда омад тилаб қоламиз.

- Раҳмат.

Шуҳратбек Жўраев суҳбатлашди.