Бразилиялик юлдуз Шомуродовга “ҳужум”га ўтди

CHERY AUTO

Ўзбекистонлик футбол ишқибозлари Элдор Шомуродов ва Аббосбек Файзуллаев туфайли бу мавсум Туркия Суперлигаси баҳларини алоҳида эътибор ва қизиқиш билан кузатиб бормоқда.

Tecno

Ҳар икки легионеримизни ўз сафида жамлаган “Истанбул Башакшеҳир” жамоаси ҳамюртларимиз ёрдамида Европа кубокларига йўлланма олиш учун курашни давом эттирмоқда. Немис футболида пишган ёш мураббий Нури Шахин қўл остидаги жамоа охирги бешта учрашувдан тўрттасида зафар қучди ва биттаси чемпионлик учун даъвогарлик қилаётган “Фенербаҳче” билан дуранг ўйнади.

Бу натижалар истанбулликларни Еврокубокларга йўлланма берадиган кучли тўртликка анча яқинлаштирди.

Энг муҳими эса, “Рома”дан “Башакшеҳир”га кўчиб ўтган Элдор Шомуродов Суперлига учун ҳақиқий кашфиёт ва сенсация бўлди. 30 ёшли легионеримиз 17 турдан иборат бўлган биринчи даврани 12 та гол билан чемпионат тўпурари мақомида якунлади.

Иккинчи давранинг биринчи ўйинида ҳам Элдор “Фотиҳ Карагюмрбк” дарвозасини бир бор ишғол қилиб, голлари сонини 13 тага етказган ҳолда пешқадамлик мавқеини мустаҳкамлади. Бироқ чемпионат “Олтин бутса”сини қўлга киритиш Шомуродовга осон бўлмайдиган кўринади.

Элдор тўпурарлар пойгаси етакчисилиги учун шу пайтгача “Трабзонспор” ҳужумчиси Поль Онуачу билан баҳслашиб келаётган эди. Туркия чемпионатига Англиянинг “Саугемптон” клубидан олиб келинган нигериялик легионер Африка Миллатлар лигасига кетгани боис, сўнгги учрашувларда қатнашгани йўқ ва табиийки кўрсаткичлари ҳам ўзгармаган.

Энди Шомуродов кўзлаётган “Олтин бутса”га бошқа даъвогар пайдо бўлди. Бразилиялик Талиска “Фенербаҳче”нинг асосий гол қуролига айланди. 2026 йилнинг биринчи ўйинидаёқ тажрибали тўпурар “Аланьяспор” дарвозасига бир жуфт тўп киритди ва тўпурарлар пойгасидаги голлари сонини 11 тага етказиб, иккинчи ўринда бораётган Поль Онуачу билан тенглашиб олди.

Шомуродовга мухлислик қилаётган футбол ишқибозлари учун хавотирли томони шундаки, Талиска бирданига кўп гол ура бошлади. Охирги учта учрашувда рақиблар дарвозасини беш бор ишғол қилди.

Элдор эса, барқарор тарзда асосан битта гол билан кифояланмоқда. Жорий мавсумда ҳужумчимиз фақат битта ўйинда дубль қайд этди. Янги рақобатчи Талиска эса, учта учрашувда иккитадан тўп киритган.

Айни пайтда Туркия чемпионати тўпурарлари баҳсида Элдор Шомуродов 13 та гол билан яққол пешқадам бўлиб турибди. Унинг ортидан иккитадан кам гол урган Поль Онуачу ва Талиска бормоқда.

Бироқ бу учликни таъқиб қилаётган кейинги гуруҳларда “Трабзонспор”дан Фелипе Аугусто, Эрнест Мучи,  “Галатасарой”дан Мауро Икарди, “Коньяспор”дан Умут Найир, “Фенербаҳче”дан Марко Асенсио, Юссеф Эн-Несири, “Газиантеп”дан Муҳаммад Байо, “Бешиктош”дан Тэмми Абрахам каби машҳур чарм тўп усталари ва улар исталган пайтда юқори ўринларга кўтарилиб олиш салоҳиятига эга.

Элдор Шомуродов етакчилигидаги “Истанбул Башакшеҳир” жамоаси Суперлиганинг 19-турида “Кайсериспор” жамоаси меҳмони бўлади. 25 январга белгиланган бу баҳсда 30 ёшли легионеримиздан яна гол кутамиз. Зеро, “Кайсериспор” биринчи даврада Элдор тўп кирита олмаган камсонли жамоалардан бири ҳисобланади.

Ҳусановнинг тарафдорлари кўпайиб кетди

Экспертлар Ҳусановнинг дербидаги ўйинига қандай хулоса берди?
Нури Шахин яна гол урган Шомуродов ҳақида нималар деди?
Ҳусанов бўлмаганида шарманданг чиқарди!

 

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!