Вадим Абрамов: Ҳамма ҳам пенальти тепишни истамайди

Фарғонанинг “Нефтчи” жамоаси Олий лиганинг 16-турида Ғузорнинг “Шўртан” жамоасини қабул қилди. Ўйинда кучлар тенг келди. Беллашувдан кейин ўтказилган матбуот анжуманида фарғоналиклар бош мураббийи Вадим Абрамов ўйин ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтди. Бу ҳақда клуб расмий сайти хабар бермоқда.

– Негадир йигитлар уй ўйинларида ўзларини ижобий кўрсата олишмаяпти. Афсуски, бугун кутган натижамизга эриша олмадик. Фикримча, футболчилар махаллий мухлислар олдида масъулятни ўта чуқур ҳис этиб, эркин ҳаракат қила олмаяптилар. Хавфли вазиятлар кам содир этдик. Натижа ҳам шунга яраша бўлди.

– Музаффар Музаффаров пенальтини аниқ амалга ошира олмади. Ўша вазиятда унга нима етишмади деб ўйлайсиз? Умуман вазиятга қандай баҳо берасиз ?

–Ўйин вақтида пенальтини ҳамма футболчи ҳам тепишга журъат эта олмайди. Музаффар ёш бўлишига қарамай кўп ҳолларда пенальти тепишдек масъулятли вазифани ўз бўйнига олади. Бироқ бугун унинг омади келмади. Бундай ҳол ҳаммада ҳам бўлади. Бу футбол.

– Вадим Карленович, нега биринчи бўлимдан сўнг Мансур Саидовни заҳирага олдингиз?

– Биринчи бўлимда майдон марказида бўшлиқ юзага келди. Яъни Саидовнинг ўйини қовушмади ва баҳсни кучайтира олмади. Шу сабабли уни заҳирага олдим. Балки унинг ёши ҳам ўз сўзини айтаётгандир.

– Пенальтини ярим ҳимоячи тепди. Бу вазифа кўпроқ ҳужумчига тегишли эмасми ? Айниқса Мўйдин Мамазулумов катта шижоат билан турганди.

– Яна такрорлаб айтаман, пенальти вақтида ҳамма ҳам вазифани бўйнига олмайди. Балки муаммо ҳам шундадир.

– Ҳимоя чизиғида муаммолар кўзга ташланяпти. Негадир ҳимоячилар бир-бирини яхши тушунмагандек тасаввур уйғотди?

– Бу фикрга тўлиқ қўшилмайман. Жамоа таркиби янги. Шу сабабли ўйин борасида камчиликлар мавжуд. Ўйиндан-ўйинга жамоа кучайиб боради.

– “Шўртан” ҳақида нима дейсиз?

– Хар бир жамоа рақибга қараб тактика тузади. Бугун биз ғузорликларни қарши ҳужумга ўтишига имкон бермаслигимиз керак эди. Лекин бундай бўлмади. Тўп узатишдаги кўплаб хатолар ўйин тизгинига салбий таъсир ўтказди.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!