Вадим Абрамов "Навбаҳор" устидан қозонилган ғалабадан сўнг: Бугунги ўйин Фарғонадаги баҳсга ўхшаб кетди
Coca Cola Суперлиганинг 8-туридан ўрин олган «Бунёдкор» - «Навбаҳор» (3:1) учрашувидан кейин ўтказилган матбуот анжуманида мезбонлар бош мураббийи Вадим Абрамов иштирок этди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар берди.
- Бугун икки хил тайм кўрдик. Биринчи бўлим бизнинг устунлигимизда ўтди, танаффусдан сўнг тажрибали футболчилари бор «Навбаҳор» ўйинни назорат қилди. Танаффусгача учинчи голни уришимиз мумкин эди, лекин фойдалана олмадик. Иккинчи бўлимда ҳисоб қисқаргач йигитлар ўйин тақдирини ҳал қилган учинчи голни ура олишди.
Шундай вазиятда ўзларини ўнглаб, ғалаба тўпини киритишгани учун уларга миннатдорчилик билдираман. Фикримча, бугунги учрашув ўтган йили Фарғонада бўлган ўйинга ўхшаб кетди. Ўшанда ҳам биз биринчи таймда рақиб дарвозасини икки марта ишғол қилгандик. Танаффусдан сўнг мезбонлар бугунгидан фарқли равишда икки марта жавоб қайтаришганди. Якунда ғалабани илиб кетгандик. Бугун ҳам ҳисоб бошқачароқ бўлиши мумкин эди. Лекин ҳисоб 2:1 бўлиб турганида меҳмонлар эмас, биз гол урдик ва бу бизнинг омадимиз бўлди, - деди Вадим Абрамов.
Фикрлар