Вадим Абрамов: Қай даражада тайёргарлик кўрганимизни бўлажак ўйин кўрсатиб беради

22 январь куни «Бунёдкор» ўз майдонида Осиё Чемпионлар лигаси плей-офф босқичида Ироқнинг «Ал Завра» жамоаси билан куч синашади. «Қалдирғочлар» эса қишки йиғинни БААда олиб боришди ва бир қатор назорат учрашувларида ҳам иштирок этишди. Лекин «Бунёдкор» БААдан қайтиб келганидан кейин эртасига бош мураббий Вадим Абрамов олимпия терма жамоамизни қўллаб-қувватлаш учун чорак финалда БААга қарши ўйинни кўриш учун Таиландга жўнаб кетганди ва ўйиндан сўнг ортга қайтди. Олдинда эса унинг жамоасини чемпионлар лигасида муҳим ўйин кутмоқда. 

- Вадим Карленович, Осиё Чемпионлар лигаси плей-офф доирасида Ироқнинг «Ал Завра» жамоасига қарши ўйин олдидан БААдаги йиғин «Бунёдкор»га қандай устунлик бериши мумкин?

- Биз режа бўйича тайёргарлик кўряпмиз. БААдаги йиғинимиз давомида учта ўртоқлик учрашувида ўйнадик. Ушбу назорат ўйинлари ҳам бизга муҳим баҳсда ёрдам беради деб ўйлайман. Бизда янги жамоа шаклланяпти. Осиё Чемпионлар лигасида яхши иштирок этишимиз қанчалик муҳимлигини тушуниб турибмиз. Чунки халқаро майдонда муваффақиятли иштирок этган ҳолда Ўзбекистон клубларининг рейтингини кўтаришимиз керак. Айнан ўша рейтинг бўйича «Ал Завра» бизнинг асосий рақибимиз ҳисобланади. Мухлисларимизни хурсанд қилиб, асосий баҳсда ғалаба қозонишга ҳаракат қиламиз.

- Умуман олганда, қишки йиғинлар борасида муаммолар йўқми?

- Тайёргарлик борасида ҳаммасидан мамнунмиз. Шароитларимиз яхши, савияли рақиблар билан ўйнадик. Албатта, қай даражада тайёргарлик кўрганимизни бўлажак ўйин кўрсатиб беради.

- Сизни ва «Бунёдкор»ни олдинда ОЧЛ плей-офф босқичида муҳим ўйин кутиб турибди. Шунга қарамасдан Таиландга бориб олимпия терма жамоамиз ўйинини кўриб қайтдингиз. Ушбу сафарни амалга ошгани «Бунёдкор»даги режаларингизга жиддий таъсир кўрсатмайдими?

- Мен фақат битта ўйинга бордим. «Бунёдкор» билан эса асосий тайёргарликни кўриб бўлдик. Бунинг устига клубда ўз ёрдамчиларим бор. Улар менсиз ҳам машғулотларни эплашади. Ҳозирда клубимизда тикланиш жараёнлари кетмоқда. Ёрдамчи мураббийларим етарли билимга эгалар. Шунинг учун менсиз ҳам режа бўйича тайёргарликни олиб боришади. Бу борада ҳеч қандай муаммони кўрмаяпман.

- Жамоа етакчиларидан бири Хуршид Ғиёсовни тарк этгани ҳақида эшитдик. У қаерга йўл олди?

- Биздан бир қатор футболчиларимиз кетяпти ва у ҳам кетди. Адашмасам Хуршид Жанубий Кореянинг асосий лигасига эмас, балки биринчи лигасига кетяпти. Бу эса мени бироз хавотирга соляпти. Чунки нима бўлганда ҳам Ғиёсов терма жамоамизга номзод футболчи саналади. Бундай ўйинчимизнинг Корея биринчи лигасига кетгани чиндан ҳам хавотирга соляпти. Аммо мен унга тўсқинлик қила олмайман. Чунки бу ўзининг танлови.

- Лекин Хуршид Ғиёсовнинг кетиши «Бунёдкор» учун катта йўқотиш, шундайми?

- Ҳа, жамоамиз учун жиддий йўқотиш. Ҳар қандай ҳолатда ҳам асосий таркиб ўйинчиларнинг кетиши катта йўқотишга айланади. Лекин бу – футбол ва унда алмаштириб бўлмас ўйинчининг ўзи йўқ. Энди унинг ўрнида бошқа футболчидан фойдаланамиз. Бундан бошқа иложимиз ҳам йўқ. Бизни яна иккита ўйинчи ҳам тарк этган. Агарда Ғиёсов кучлироқ клубга кетаётган бўлганида мен уни қўллаб-қувватлаган бўлардим. Танловини тўғри тушунган бўлардим. Лекин боя айтганимдек, у Жанубий Кореянинг биринчи лигасига кетяпти. Буни эса олдинга қадам ташлаш деб ҳисобламайман.

-  «Пахтакор» жиддий трансферни амалга оширди. Умуман, янги мавсум яна «Пахтакор»нинг ҳукмронлиги остида ўтади, деган фикрларга қўшиласизми?

- Тўғри, «Пахтакор»га яхши савиядаги футболчилар ва легионерлар келишяпти. Бу бир томондан яхшики, агар чемпионатимизга қанча кўп савияли легионерлар келса, Суперлига савияси ҳам ошиб боради.

- «Қўқон-1912»дан Мурод Холмуҳаммедовни таклиф этиш сизнинг ташаббусингизмиди? Аввалига уни икки ойга ижарага олингани айтилди, кейин эса мавсум охиригача эканлиги маълум бўлди…

- Мурод Холмуҳаммедов масаласига келсак, у халқаро тажрибага эга бўлган футболчидир. У яхши ўйинчи бўлгани учун жамоамизни кучайтириш мақсадида олдик. Умид қиламанки, Мурод ҳам чемпионлар лигасида бизга ёрдам бера олади.

- Иқтидорли футболчи Жасур Жалолиддинов яқинда Италиянинг «Беневенто» клубида кўрикда бўлиб қайтди. Унинг кейинги тақдири нима бўлади? Жасурни Италия чемпионатида ўйнашга тайёр деб ўйлайсизми?

- Италия чемпионати ҳозир қанақалигини билмайман. Лекин бу футбол бўлгани учун ҳамма жойда бир хил бўлади. Менимча, унчалик катта фарқ бўлмаса керак. Ҳаммаси Жасурнинг ўзига боғлиқ. Лекин менинг фикримча, Жалолиддинов у ерга бироз эртароқ кетяпти. Аввал ўзимизнинг чемпионатда янада яхшироқ шаклланиши лозим. У ҳали ёш.

- Ҳозирги келиб қайси футболчилар билан шартномалар тузилди?

- Ҳамма билан шартнома тузилган ва «Бунёдкор»даги барча ўйинчиларни «заявка»дан ўтказганмиз. Жамоамизнинг йиғини ва таркибидан қониқдим. Таркиб яхши шакллантирилди.

- Дарвоқе, терма жамоамизнинг кейинги режаси нимадан иборат?

- 23 февралда Белоруссия терма жамоаси билан ўйнаймиз. Кейин Арманистонга қарши ўртоқлик учрашувини ўтказамиз. Ҳаммаси режа бўйича амалга ошади.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Azalshoh
20/01/2020 15:56
22-yanvar 15:15 da olimpiya terma jamoamiz Saudiyada qarshi yarim finalda maydonga tushadi.Bunyodkorning o'yini qachon?
&
Фк сурхон
20/01/2020 10:16
Абрамовга ОЛЛОХДАН куч қувват тилайман хуршид ғиёсов дуррак екан пул учун кетгани аниқ
&
Фк сурхон
20/01/2020 10:16
Абрамовга ОЛЛОХДАН куч қувват тилайман хуршид ғиёсов дуррак екан пул учун кетгани аниқ