Вадим Корнилов: "Ҳасанбой Дўсматовни чемпионлик даражасига олиб чиқиш имкониятимиз бор"

  • 3 апрель, 2021, 09:49
  • 0
  • Бокс

Бугун, "Ҳумо Арена"да бир қатор боксчиларимиз ўз жангларини ўтказади. Уларнинг деярли барчаси "Мир Бокса" промоутерлик компанияси билан шартномага эга ва энди, ҳамкорликни йўлга қўймоқчи бўлганлари ҳам мавжуд. 

Албатта, уларнинг фаолиятида россиялик менежер Вадим Корниловнинг хизматларини ҳам таъкидлаб ўтиш лозим. Ушбу бокс мутахассиси айни вақтда юртимизга ташриф буюрган. Биз кеча ташкил қилинган "Face to Face" маросими вақтида ушбу профессионал бокс оламида аста-секин ном қозониб бораётган Корниловга баъзи бир саволар билан мурожаат қилдик. 

- Миразиз Мирзахалилов ҳамда Иқболжон Холдоров ҳали "Мир Бокса" билан расман шартнома имзолагани йўқ. Айтингчи, ушбу жангдан сўнг, бу иш амалга ошадими?

- Миразиз борасида айтадиган бўлсак, у ҳали Олимпиадага бориши керак. Бу борада Сакен Полатов билан ҳали гаплашадиган масалалар бор. Бу жанг унинг учун шунчаки профессионал боксда ўзини синаб кўриш холос. Барчаси Олимпиададан кейин ҳал бўлади. Иқболжон Холдоровга келсак, у билан боғлиқ ишлар бошланиб кетган. Яъни, у мазкур жангдан кейин АҚШга йўл олиши мумкин. Шартномаси деярли ҳал бўлиш арафасида, деб айтишим мумкин. 

-Исроил Мадримов WBA йўналишида рейтинг етакчиси ва мажбурий даъвогар ҳисобланади. У WBAнинг қайси чемпионлик камари учун жанг қилади. Эрисланди Лара вазн тоифасини кўтармоқда. Демак, унга тегишли бўлган WBA Regular камари вакант қолади. Катта эҳтимол билан ушбу камар учун рингга кўтариладими?

- Амалдаги чемпион Эрисланди Лара ўрта вазнда чемпионлик учун рингга чиқаётгани билан бу вазндаги камарини ташлаб кетиш-кетмаслиги аниқ эмас. Шу боис олдиндан бир нарса деб бўлмайди. Лекин биз ҳам қараб турганимиз йўқ. Чемпионлик жангини ташкил қилиш имкониятларини кўриб чиқяпмиз. Ҳозир асосий номзод франциялик Мишель Соро бўлиб турибди.

Лекин бир нарсани ҳисобга олишингиз керак, Исроил яқинда жиддий операцияни бошидан ўтказди. Эртанги жангига бир ойгина тайёрлана олди. Кўп вақти тикланишга кетди. Биринчи навбатда уни эртага жуда жиддий рақиб кутиб турибди. Жароҳатдан кейин қанчалик ўзини кўрсата олиши муҳим. Шунга қараб, биз ҳам келгуси режаларни тузамиз.Бизга қолса, шошмаганимиз маъқул, чунки жароҳатдан кейин унинг ҳолати қандай бўлиши муҳим.

- Балки, сентябрь-октябрда шундай режалар мавжуддир?

- Бу қийин масала. Менимча, бир йил ичида бўлиши керак бу жанг. Асосийси ўша жангга тайёр етиб бориш.

- Шаҳрам Ғиёсовнинг чемпионлик жангларида рингга кўтарилиши борасида нима дея оласиз?

- Унга ҳам Исроил Мадримовнинг вазиятини мисол қилиб кўрсатишим мумкин. У охирги жангларини жуда қисқа вақтда ўтказди. Шунинг учун бироз камчиликлар кўзга ташланди. Шу сабабли, 3-4 ойда битта жанг қилиб, унга кўпроқ ўз устида ишлаш ва дам олиш имкониятини бермоқчимиз. Чунки, бундан кейин янада кучли рақиблар дуч келади ва унга буни янада теранроқ хис қилиш имкониятини бермоқчимиз. Эҳтимол, 1 йил вақт керак бўлар... Асосийси аста-секин чемпионлик жанглари учун ҳаракат қиламоқдамиз.

- Ҳасанбой Дўсматов билан ҳам Исроил Мадримов, Бектемир Мелиқўзиев, Шаҳрам Ғиёсов ва Муроджон Аҳмадалиевга ўхшаш режалар борми? Яъни, бошқа нуфузли промоушенлар билан ҳамкорлик масаласини назарда тутмоқдаман?

- Биз ўзимиз таклиф қилмаймиз. Бизга таклиф билан чиқишади. Аслида, Дўсматовни чемпионлик даражасига олиб чиқишга ўзимизни ҳам қурбимиз етади. 

- Баҳодир Жалолов Лу Дибеллага тегишли промоутерлик компанияси билан шартномага эга. Бироқ, "Мир Бокса"нинг машғулотлар лагерида шуғулланади. Эҳтимол у билан боғлиқ қўшма ҳамкорлик ҳам бордир?

- Йўқ. У Лу Дибелла билан шартномага эга. Машғулотларни бизда ўтказаверади. Чунки, мен унинг алоҳида менежери сифатида ишлайман.

Лу Дибелла билан қанақадир муаммолар туғилмайдими?

- Ҳозирча йўқ. 

- Вақт ажрата олганингиз учун ва ажойиб жавоблар учун раҳмат!

- Эътибор учун миннатдорман!

 

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!