Вараннинг кейинги “иш жойи” қаер бўлиши мумкин? (Эркин Ғайбуллаев блоги)

Амалдаги Жаҳон чемпиони Испания футболидаги барча совринларни ютиб бўлди. Икки марта Ла Лига, бир марта Қирол Кубоги, нақ тўрт марта ЕЧЛ бош совринлари билан бирга учта Супер Кубоклар унинг музейини тўлдириб турибди.

Шу туфайли Варан янги чақириқларни қабул қилса ажабмас. Эндигина 25 ёшга тўлган ҳимоячи катта футболда анча ютуқларга эришди.

Зинедин Зиданнинг яқинда клубга қайта мураббий этиб тайинланиши ортидан “Реал” келаётган ёзни анча қайноқ ўтказиши ойдинлашди. Мадридликлар ҳатто Варанга рақобатчини имзолашга ҳам улгуришди. Улар “Порту”дан умидли Эдер Милитаони олиб келишади.

Француз ОАВ эса марказий ҳимоячи янги клуб қидиришни бошлаб юборганини таъкидлашмоқда. Агарда бу ҳақиқат бўлса, қайси клублар унинг янги иш жойи бўлиши мумкин?

“Орзу”

“Пари Сен-Жермен”

Нефт бошқарадиган клуб франциялик футболчи учун энг яхши вариант бўлса ажабмас. Гарчи уларнинг ЕЧЛдаги ишлари ҳеч ўхшамаётган бўлсада, ҳар йили парижликлар Чемпионлар Лигасида иштирок этиб келишмоқда.

Иқтидорли мураббий Томас Тухелнинг келиши ҳам уларга ёрдам бермади. Немис мутахассиси “МЮ” тўсиғидан ўта олмади.

Бу Варанга она ватанига қайтиб қитъанинг нуфузли турнирида ғолиб чиқишига ёрдам беришга ундаса ажабмас. “Қаймоқранглилар” билан тўрт маротаба бу совринга эга чиққан ҳимоячи пойтахт клубини янги даражага олиб чиқишга қодир.

“Ювентус”

Леонардо Бонуччи ва Жоржо Кьеллинилар бир неча йиллик юқори ўйинларидан кейин келгуси мавсумда захирага тушиб қолишлари мумкин. Икки ҳимоячи мос равишда 35 ва 32 ёшни қарши олишади.

Массимилиано Аллегри эса ёш, истеъдодли ҳимоячилар билан уларнинг ўрнини тўлдириб қолишни исташи турган гап.

Унинг ўтишини ватандоши Лилиан Тьюрамнинг 2001-йилда “Парма”дан “Ювентус”га ўтишига ўхшатиш мумкин. Варан ҳам ҳамюрти сингари Алп тоғларида қаҳрамонга айланиши учун барча имкониятлар етарли.

Варан Лилиан Тюрам (7-ўрин) ва Марсель Десайи (10-дан) кейин “Олтин тўп”нинг кучли ўнлигига кирган илк француз ҳимоячиси ҳисобланади. Бу эса унинг салоҳиятидан дарак беради.

Ҳақиқат

“Манчестер Юнайтед”

“Қизил иблислар”нинг собиқ мураббийи Жозе Моуриньо ўтган ёзда “Реал” вакилини сотиб олиш истагини яширмаганди. Бироқ ижрочи директор Эд Вудворд буни амалга оширишни истамади ва мураббий билан ораларидаги муносабат ёмонлашишига олиб келди. Натижада португалиялик мураббий ўз лавозимини шармандали тарзда тарк этди.

Аммо март ойига келиб клубнинг ҳимоя чизиғидаги муаммолар тузалиб кетмаганини кўрсатмоқда. Шу туфайли бирорта номдор ҳимоячини олиб келишса ажабмас.

Франциялик футболчи 2011-йилдаёқ “Ланс”дан “Олд Траффорд”га кўчиб ўтиши мумкин эди. Бироқ ёш ҳимоячи ўшанда “Реал” вариантини афзал кўрганди. “МЮ” эса Фил Жонс танловида тўхтаганди.

2014-йилда эса ундан нега “Манчестер Юнайтед” эмас, “қироллик клуби”ни танлагани ҳақида сўрашди. Ҳимоячи “МЮ”? Улар мени ўрнимга Фил Жонсни имзолашди” – дея жавоб қайтарганди. Айни вақтда инглиз жамоасининг вақтинчалик бош мураббийи Оле Гуннар Сульшер ҳимоячига қайта қизиқиш билдириши мумкин. У декабр ойида клубни қабул қилиб олганидан кейин вақтинчалик ишини доимийга айлантириб олишни жуда-жуда истайди. Бунинг учун ёзда клубнинг заиф нуқталарини “кучайтириб” олиши керак бўлади.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!