«ВАРчестер Юнайтед»: инглиз ҳакамлари «қизил иблислар»га ён босиши ростми?

Жорий мавсумдан АПЛда янги ВАР системаси тўлиқ амал қила бошлади. Энг катта аудиторияга эга чемпионатлардан бири ҳисобланган «туманли альбион» биринчилигида тортишувли вазиятлар шу билан барҳам топиши керакдек эди. Аммо ушбу тизим устида ҳам инсон омили бошқарувчилик вазифасини ўтаётгани баҳсли ҳолатларга сабаб бўлмоқда. Ўз навбатида, ҳакамлар ҳам видеотакрорлардан фойдаланиш имкониятига эга бўла туриб, баъзи тушунарсиз қарорларни қабул қилмоқда.
Манкунианларнинг ашаддий рақиблари эса ВАРни МЮга ён босишда айбламоқда. Хўш, ушбу мавсум Сульшер шогирдлари ютиб олган 16 та пенальти асослимиди? Биргаликда ёдга оламиз.

1. 1-тур: «Манчестер Юнайтед» - «Челси» 4:0

Курт Зума жарима майдонига тезлик билан кириб келган Рэшфордни очиқчасига тўхтатиб қолди. Англиялик футболчи тўпни ўнгга олишга улгурганди. «Челси» ҳимоячиси ҳалақит бермаган тақдирда, кейинги ҳаракат зарба билан якунланиши мумкин эди. Энтони Тейлор дарҳол 11 метрлик нуқтага ишора қилди.

Бизнингча: пенальти бор

1_1
2. 2-тур: «Вулверхэмптон» - «Манчестер Юнайтед» 1:1

Иккинчи турда ҳам манчестерликлар фойдасига пенальти берилди. Конор Коуди тўп билан уни ортда қолдиришни деярли уддалаган Погба йўлига оёқ қўйди. Франциялик хавбек йиқилди. Ўз хатосини тушунган ҳимоячи ҳакамга эътироз ҳам билдирмади, биринчи бўлиб ўзи жарима майдонини бўшатиб қўйди. Пенальтидан эса жабрланувчи унумли фойдалана олмади. Руи Патрисиу вазият қаҳрамони.

Бизнингча: пенальти бор

2_3
3. 3-тур: «Манчестер Юнайтед» - «Кристал Пэлас» 1:2

Учта турда 3 та пенальти! Бу гал Мактоминэй жарима майдончасида тўхтатиб қолинди. Рэшфорд томонидан тўхтатиб берилган тўпни учиб келаётган Скотт олиб кетиши керак эди. Бундай тезликда кетаётган футболчига арзимаган тегиниш мувозанатнинг йўқотилишига сабаб бўлиш мумкин. Худди шу ишни Лука Миливоевич амалга оширди. Рэшфорд эса 11 метрлик зарбани дарвоза устуни томон йўллади.

Бизнингча: пенальти бор

3_2
4. 5-тур: «Манчестер Юнайтед» - «Лестер» 1:0

4-турда МЮ пенальти тепмаганидан қувониб турган рақибларнинг хурсандчиликлари «Лестер»га қарши баҳснинг 8-дақиқасида пучга чиқди. Чоудурининг суст ҳаракати сабабли Перейра тўпни жарима майдони ичига қайтарди. Рэшфорд эса сониянинг қанчадир улушигагина Сеюнжудан тезроқ ҳаракат қилди. Оқибатда, туркиялик ҳимоячининг тўпга чўзган оёғига Маркус қоқилиб, жарима майдонидан чиқиб кетгунча юмалади.
Мартин Аткинсон пенальти белгилади. Жабрланувчининг ўзи уни аниқ амалга ошириб, ҳисобни очди.

Бизнингча: пенальти бор

4_2
5. 10-тур: «Норвич» - «Манчестер Юнайтед» 1:3

Аслида, Стюарт Атуэлл тўғри қарор чиқарган эди. У Бэн Годфрей ва Дениэль Жеймснинг тўп учун олиб борган курашини яққол кўриб турганди. Аммо ВАР ҳакамга сигнал бериб, пенальти борлиги ҳақида айтди. Биз одатда премьер-лигани яккакурашларга имкон берувчи чемпионат сифатида биламиз. Англиялик ҳакамлар шу каби ҳолат майдон марказида бўлган тақдирда ҳуштак чалишмасди. Пенальти учун эса ушбу эпизодда сабаблар жуда камлик қиларди. «Канарейкалар» бахтига Тим Крул Рэшфорднинг зарбасини қайтаришга эришди.

Бизнингча: пенальти йўқ

5_2
6. 10-тур: «Норвич» - «Манчестер Юнайтед» 1:3

Бир ўйинда иккита пенальти. Аммо бу гал ҳаммаси жойида. Тодд Кантуэлл Фреднинг у қадар хавфли бўлмаган зарбаси йўлини қўли билан намойишкорона қайтарди. Тим Крул эса оддий вазиятдан 10 та гол ўтказса ўтказадики, пенальтидан тепилган тўпларни қўйиб юбормайди.

Бизнингча: пенальти бор

6_3

7. Лига Кубоги: «Челси» - «Манчестер Юнайтед» 1:2

«Челси»га қарши иккинчи беллашувда ҳам «қизил иблислар» пенальти билан рағбатлантирилди. Дениэль Жеймс жарима майдони ичида йиқилиб тушди. Аслида, ҳам ушбу вазиятга бундан ортиқ баҳо бериб бўлмайди. Маркос Алонсо 21 ёшли футболчи билан елкама-елка курашга киришди. Бу каби ҳолатлар Англияда эътиборсиз қолдириларди. Бош ҳакам вазиятни кўрмай қолган бўлиши мумкин. Аммо ВАР-чи?!

Бизнингча: пенальти йўқ

7_3

8. 15-тур: «Манчестер Юнайтед» - «Тоттенхэм» 2:1

«Челси»га қарши ўйинда ҳам айнан Пол Тирней манчестерликарга пенальти қўйиб берганди. Бу гал Лондоннинг бошқа бир клуби уиганлик ҳакам томонидан ранжитилди. Бироқ, Сиссоко ростдан ҳам Рэшфорднинг оёғини босиб олганди. ВАР текширувисиз ҳам пенальти борлиги кундек равшан эди.

Бизнингча: пенальти бор

8_2
9. 16-тур: «Манчестер Сити» - «Манчестер Юнайтед» 1:2

Энтони Тейлор Рэшфордга ишлатилган қўполликни беэътибор қолдирди. Аммо ВАР кейинроқ унинг қулоқчинларига қоидабузарлик бўлгани ҳақида хабар берди. Бернарду Силва ортдан рақибининг таянч оёғига зарба берди. Келгуси ҳаракати дарвозага зарба бўладиган ҳужумчига қарши ишлатилган бундай қўполлик кечирилмайди.

Бизнингча: пенальти бор

9_1

10. 22-тур: «Манчестер Юнайтед» - «Норвич» 4:0

Рэшфорд манкунианлар сафидаги юбилей 200-учрашувида дубль қайд этишга эришди. Улардан бирини пенальтидан, кимсан Тим Крул дарвозасига йўллашга муваффақ бўлди. Эътиборлиси, дарвозабоннинг ўзи Брендон Уильямсга нисбатан қўполлик ишлатиб, бунга бош сабабчи бўлди.

Бизнингча: пенальти бор

10_1

11. Лига Кубоги: «Транмер» - «Манчестер Юнайтед» 0:6

Бунгача ҳам 5 та гол уриб бўлган манчестерликлар 6-голни пенальтидан киритадиган бўлишди. Чонг дарвозабон томонидан йиқитилди. 11 метрлик нуқтадан эса Мейсон Гринвуд тўпни дарвозага йўллади.

Бизнингча: пенальти бор

11_1
12. 27-тур: «Манчестер Юнайтед» - «Уотфорд» 3:0

Бен Фостернинг ўзи ҳам ўйиндан сўнг тўпга кеч қолганини тан олди. Бруну Фернандеш ўзи ишлаб олган пенальтини ажойиб тарзда ижро этди.

Бизнингча: пенальти бор

12
13. 30-тур: «Тоттенхэм» - «Манчестер Юнайтед» 1:1

Эрик Дайер «Тоттенхэм»нинг ажойиб ўйинини бузиб қўйди. Ҳа, Погбани ўтказиб юбормаслиги шарт эди. Лекин франциялик футболчи ундан осонликча ўтиб кетди. Кейин эса «шпорлар» вакили уни очиқчасига қўллари билан итариб юборди. Фернандеш пенальти тепишда адашмаяпти.

Бизнингча: пенальти бор

13

14. 33-тур: «Манчестер Юнайтед» - «Борнмут» 5:2

«Борнмут» футболчиси шериклари хатосининг қурбонига айланди. Юқоридан келаётган тўпга иккала жамоадан ҳам бир нечта футболчи сакради. Ортдан келаётган Жек Симпсон эса тўпни кўрмай қолди ва унинг қўли пенальтига сабабчи бўлди. Афсуски, қўл ҳавода муаллақ турарди ва тўп йўналиши контакт сабаб ўзгариб кетди.

Бизнингча: пенальти бор

14

15. 34-тур: «Астон Вилла» - «Манчестер Юнайтед» 0:3

Йилнинг энг тушунарсиз қарори! Ҳа, Фернандеш қаергадир қадам қўйиши керак эди. Лекин у босган ерда Эзри Консанинг оёғи тургани пенальтига сабаб бўла олмайди. Устига устак «шерлар» ҳимоячиси атайин фол ишлатиб қўйишдан чўчиб, ўзини олиб қочаётган ва катта қийинчилик билан табиий инерциясини ҳам енгган эди. Тўғри, ўша вазиятда ВАР биздан кўра тезроқ ишлашга мажбур бўлганди. Аммо нима бўлган тақдирда ҳам улар профессионал ҳакамлар. «Вилла Парк» эгалари ушбу қароргача яхшигина ҳужумлар уюштираётган эдилар. Натижада, видеотакрорлар уларнинг шашти сўнишида бош айбдорга айланиб қолди.

Бизнингча: пенальти йўқ

15

16. «Манчестер Юнайтед» - «Челси» 1:3

«Аристократлар»га қарши 4 учрашувнинг 3 тасида «қизил иблислар» пенальти тепди. Тушундингиз-а, ким ВАРдан норозилигини?! Бироқ бу сафар ҳакамлар қарорида жон бор. Хадсон-Одои ўз жарима майдони ичида ҳимоячиларга ёрдам бераман деб, «қовун туширди». Марсьяль жамоаси учун овутувчи голга айланган пенальтини ишлаб берди.

Бизнингча: пенальти бор

16

Абдулвосид Валихонов тайёрлади

Афсонавий “Милан”: зафарлар, инқироз, муаммо ва ечимлар

SPORTS.uz талқинида Ла Лига рамзий терма жамоаси

Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter)