"ВАРселона" ёхуд “Барселона”

Ла Лиганинг қийин кечган учрашувида «Барселона» «Реал Вальядолид»ни сафарда 0-1 ҳисобида енгишга эришди.

«Кўк-анорранглилар»га тартибли «Вальядолид»ни ўз уйида енгиши анча мушкуллик туғдирди. Бироқ каталонияликлар ўз ҳисобларига керакли уч очкони ёздириб қўйишди. Хўш, ушбу беллашувнинг омадли ва омадсизлари ким?

Омадсиз: майдон

«Барса» ва «Вальядолид» ўйнашга мажбур бўлган бошқа ёмон стадион топилмаса керак. Яна элитага қайтган жамоанинг уй стадиони бир неча кун олдин таъмирдан чиққан эди. Бироқ стадион катта футбол стрессига ҳали тайёр эмаслиги кўриниб қолди.

Майса оддийгина босим уюштириш, ёки футболчи йўналишини ўзгартирганида, зарба берганида қўпорилиб кетаверди. Стадион ўз қобилиятини кўрсата оладиган футболчиларнинг сифатли футбол намойиш қилишларига катта тўғаноқ бўлди. Албатта бу кўпроқ «Барселона»га таъсир қилди. Бундай стадионлар дриблинг қилувчи футболчилар учун жуда хавфли ҳисобланади. Бахтга қарши бирорта футболчи жароҳат олмади. Пике эса ўйиндан кейинги интервьюсида стадионни алоҳида тилга олди: «Бундай стадионлар борлиги жуда уятли.»

Омадли: Усмон Дембеле

Якунда «Барселона»дан фақатгина битта ҳужумчи бундай стадионда ўз иқтидорини тўлиқ намойиш қила олди. У ҳам бўлса Дембеле эди. Франциялик вингер эркин югура олди, мувозанатни йўқотмасдан йўналишини ҳам ўзгартира олди. Шу сабабли ҳам «Барса»нинг учрашувдаги энг яхши футболчисига айланди.

Жаҳон Чемпиони бир соат давомида ҳужумнинг чап қанотидан ўрин эгаллади ва мезбон жамоанинг дарвозасига асосий таҳдид солган нуқта бўлди. Унда гол уриш учун кўплаб вазиятларга эга бўлди, буни шерикларига ҳам яратиб берди.

Алал-оқибат айнан Дембеле жамоасининг ягона голига муаллифлик қилди. Учрашувга қарийб бир соат тўлганида у анъанавий позицияси ўнг қанотга ўтказилди ва бу ўз натижасини берди.

Омадсиз: Лионель Месси

Сўнгги ўн йил давомида ҳимоячилар қандай қилиб Лео Мессининг дриблингини тўхтатиш мумкинлиги ҳақида бош қотиришди. Асьер Дел Орно тиззага тепиш йўлини танлаб кўрди, Моуриньо «автобус»дан фойдаланди. Бу баъзида ўз мевасини берди. «Реал» аргентиналик футболчини тўхтатиш учун барча йўлларни ишга солди. Аммо кўпи иш бермади. Бироқ «Вальядолид» Мессини тўхтатишнинг йўлини ниҳоят топди.

Мессининг дриблинги, финтлари, ўз гавдасини мувозанатда ушлаб туриши ва тезликни ошириши ёки секинлаштириши қисқа вақтга тўхтатиб қўйилди. Чунки унинг оёқлари остидаги майса бунга дош бера олмасди. Месси шунчаки дриблинг қила олмади. Бу худди роликли конкида югуриш йўлакчасида учиб кўришга ҳаракатга ўхшайди.

Албатта, Месси ғалаба билан якунига етган учрашувда ўз ҳиссасини қўша олди. Бироқ мезбонлар уни тўхтатишнинг энг яхши йўлини топди.

Омадли: Энес Унал

«Вальядолид» сафида ўз дебютини ўтказган Унал ўйинга катта таъсир ўтказа олди. Эндигина 21 ёшни қарши олган футболчи профессионал фаолиятида саккизинчи жамоаси либосида иштирок этишга улгурди.

Қийин шароитга қарамай, Унал ажойиб ўйин кўрсатди. У ўйин давомида каталонияликлар ҳимоячилари учун ҳақиқий бош оғриғи бўлди.

Омадсиз: Нелсон Семеду

Семедуни тушунсак бўлади. Португалиялик ўнг қанот ҳимоячиси чуқур ҳимояланадиган жамоаларга қарши ўйнаш тажрибасига умуман эга эмас. Бу биринчи турда «Алавес»га қарши ўйинда ҳам кўриниб қолган эди. Ўшанда ҳимоячи Серхи Роберто билан алмаштирилган эди.

Нега Семеду омадсиз? Сабаби оддий: чунки Роберто натижага таъсир қила олиш салоҳиятини у кўрсата олмайди.

Омадли: VAR (ВАР)

Ўйиннинг 91-дақиқаси ўтиб бораётган бир пайтда мезбонлар ҳужумчиси Кеко мувозанатни тенглаштиришга муваффақ бўлди. Бу «Вальядолид»нинг юқори дивизионга қайтганидан кейинги илк голи бўлиши мумкин эди. Бироқ гол инобатга олинмади.

Бу вазиятга ВАР тизими аралашди. Ўйин бошларида Суареснинг голи инобатга олинмагани каби Кеконинг голи ҳам ҳисобга олинмади. Боиси ҳужумчи ўйиндан ташқари ҳолатда қолиб кетганди. «Барселона» 2013-14-йилги ва 2016-17-йилги мавсумларни инобатга олинмаган икки гол туфайли Ла Лигани бой берган эди.

Каталонияликлар сал қолса ғалабани қўлдан чиқаришарди. Яхшиямки видео такрор тизими бу мавсумдан бошлаб Ла Лигада йўлга қўйилди. Олға «ВАРса»!

Эркинжон Ғайбуллаев тайёрлади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!