Велоспорт. Ольга Забелинская Сенат раисидан “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спортчи” кўкрак нишонини қабул қилиб олди

Бир неча йиллардан буён Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилиб келаётган маҳоратли велоспортчи Ольга Забелинская жорий йилнинг 30 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Мустақиллигимизнинг 31 йиллиги муносабати билан “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спортчи” фахрий унвони билан тақдирланган эди.

Узоқ вақт давомида Ольга чет элда машғулотлар ўтказиб, бир қатор халқаро мусобақаларда иштироки боис, мукофотни олишга улгурмаган эди. 27 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида Ольга Забелинскаяни махсус кўкрак нишони ҳамда Туркиянинг Конья шаҳрида бўлиб ўтган “Ислом бирдамлик ўйинлари”даги иштироки учун пул мукофоти билан тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Спортни ривожлантириш вазирлиги матбуот хизмати хабар тарқатмоқда.

Ушбу мукофотни Забелинскаяга Сенат Раиси, Ўзбекистон велоспорт федерасияси раиси Танзила Нарбаева топширди.

Эслатиб ўтамиз, V Ислом бирдамлиги ўйинларида велоспорт бўйича Ўзбекистон терма жамоаси жами 11 та – 3 та олтин, 4 та кумуш ва 4 та бронза медалини қўлга киритди. Олтин медалларнинг барчаси Забелинскаяга тегишли бўлиб, у велоспортда аёллар ўртасида очколар бўйича гуруҳ пойгаси, шосседа яккалик ва гуруҳ пойгаларида биринчи бўлганди.

Шу билан бирга, Ольга Токиода бўлиб ўтган Олимпиадада аёллар ўртасида мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилган ягона велоспортчи бўлганлигини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз.

Шунингдек, жорий йилнинг июн ойида Забелинская машҳур UCI — Jiro dʼItaliya профессионал пойгасида, июл ойида эса Tur de Franc пойгаларида ҳам қатнашди. 18-25 сентябрь кунлари эса Австралиянинг Вуллонгонг шаҳрида ўтказилган велошоссе бўйича Жаҳон чемпионатида ватанимиз шарафини ҳимоя қилди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!