Веско Стешевич: "Биринчи таймда жамоам умуман ўйнамади"

Cоcа-Cоlа Суперлига 21-турида меҳмонда «Турон» билан дуранг ўйнаган «Металлург» клуби бош мураббийи Веско Стешевич биринчи таймдаги нурсиз ўйин, иккинчи таймдаги ўзгаришлар, сўнгги турлардаги очколар ва Йосович ҳақида фикр билдирди.

“Бугун турли хил таймлар гувоҳи бўлдик. Биринчи таймда жамоам умуман ўйнамади. Дастлабки таймда «Турон» бизни ҳар жабҳада енга олди. Уларнинг дарвозамизни ишғол этишларига шубҳа қолмаганди ва бу вақт масаласи эди. Бундай ўйинлар ҳам бўлади. Тўп учун курашда ва яккакурашларда ютқаздик. Деярли ўйнамадик. Биринчи бўлимдаги ўйинимизни айнан шундай аташ мумкин. Бунинг сабабларини таҳлил қилиб кўрамиз.

Танаффусда йигитлар билан гаплашиб олдик. Иккинчи таймга бошқача кайфиятда тушдик ва вазиятни ўнгладик. Бунинг учун йигитларга раҳмат айтаман.

Бизни қувонтираётган жиҳат шундаки, сўнгги тўрт ўйинда 10 очко олдик. Бу эса ажойиб натижа. Бугун ютишимиз ҳам, мағлуб бўлишимиз ҳам мумкин эди. Биринчи таймда Ортиқов битта вазиятда бизни хатто голдан қутқариб қолди. Шу боис дуранг балки адолатли натижа бўлгандир.

Йосович ҳозирда кичик жароҳатини даволатмоқда. Қисқа танаффусдан кейин машғулотларга қайтиши мумкин», - дейди Стешевич.

ЎзПФЛ матбуот хизмати.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!