Виктор Жалилов: "Барқарорлик етишмаслиги панд берди"

Coca-Cola Суперлига 26-туридан ўрин олган “Навбаҳор” – “Қўқон-1912” учрашувидан кейин мезбонлар бош мураббийи Виктор Жалилов ўйин ҳақидаги фикрларини билдириб ўтди.

- Мураббий сифатида бу ўйин албатта, мен учун жуда оғир ўтди. Тезкор гол ўтказиб юбордик. Кейинчалик ўйин тизгинини қўлга олдик, гол ҳам урдик, кейинчалик кўплаб вазиятлар яратишимизга қарамай, улардан фойдалана олмадик. Иккинчи бўлимда эса мувозанатни йўқотишимиз оқибатида рақиб иккита тўп киритди. Қаердадир футболчилардаги чарчоқ ўз сўзини айтди, қаердадир эътиборсизлик панд берди. Лекин йигитлар борларини беришга ҳаракат қилишди, футболда шунақа ҳолатлар ҳам бўлиб туради. Ваҳоланки, иккинчи бўлимда ҳам бир нечта имкониятларга эга бўлдик, баъзи вазиятларда “Қўқон-1912” дарвозабони яхши ҳаракат қилган бўлса, айрим ҳолларда гол уриш учун футболчиларимизга бироз маҳорат етишмади. Умумий ҳисобда ҳужумлар ва зарбалар сони бўйича рақибдан устунликка эришдик. Аммо футболда ҳар доим ҳам кўп ҳужум қилган жамоа ғалаба қозонавермайди. Қайсидир маънода, бугун омад ҳам қўқонликлар томонида бўлди.

- “Навбаҳор”нинг жорий мавсумдаги иштироки ҳақида нима дея оласиз?

- Биласизми, агар биринчи даврадан келиб чиқиб фикр юритсак, жамоамиз гўё тўфонга тушиб қолган кемага ўхшарди. Бир ўйинда ғалаба қозонсак, бирида ўз майдонимизда очко йўқотдик, кейин эса меҳмондаги учрашувларда очко олдик. Барқарорлик етишмади. Иккинчи даврада эса ўйинда мувозанатни тиклашга эришдик, “кема” ҳам тўғри йўлига тушиб, равон “сузиш”да давом этди. Афсуски, қайсидир паллаларда айнан барқарорликнинг етишмаслиги панд берди. Бу йилги чемпионат жамоа учун йўқотишли бўлди, демаган бўлардим, мавсумдан негативга қараганда кўпроқ позитив олдик. Ўйинларни таҳлил қиламиз, қаерда ижобий жиҳатлар бор, қаерда камчиликлар мавжуд, шундан келиб чиқиб, келгуси мавсумга тайёргарлик олиб борамиз.

- Иккинчи бўлимда нега яхши ўйин кўрсатиб турган Эҳсони Паншанбе алмаштирилди? Ўша вазиятда кўп имкониятлардан фойдалана олмаган Забиҳилло Ўринбоевни нега ўйиндан олмадингиз?

- Ҳужумлар ва стандартлар пайти ҳаводаги яккакурашларда қатнашиши учун Забиҳиллони майдонда қолдирдик. Ўринбоев фаоллик кўрсатди, фақат сўнгги паллада унга омад етишмади. Учрашув охирида унинг ҳам чарчаганини сезгач, ўрнига бошқа футболчини туширдик. Паншанбенинг алмаштирилишига сабаб шу.

“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!