Виктор Кумиков тўрт нафар футболчининг ўйинидан қониқмади

“Андижон” – “Сўғдиёна” (0:0) ўртасидаги ўйиндан кейин мезбонлар бош мураббийи Виктор Кумиков ўз фикрларини билдирди.

- Бугун гол уриш ҳеч бир жамоага насиб қилмади. Иккала клубнинг вазифалари бор. “Сўғдиёна” медаллар учун, биз эса лигада қолиш учун ҳаракат қиляпмиз. Ўйиндан олдин бизда йўқотишлар бор эди. Азамат Исроилов ва Абдуғани Камолов ёрдам бера олмадилар. Масалан, Исроилов бетоб, нима бўлганини билмадим, у уйига кетган. Камолов эса жароҳат олган.

Энди чемпионатда танаффус бўлади, унгача улар сафга қайтишса керак. Агар ҳамма таркибда бўлганида балки Усмоналиевни дастлабки дақиқалардан ҳужумга қўярдик. Кўрган бўлсангиз, кейинчалик уни барибир ҳужумга ўтказдик. Шу сабабли олдинги чизиқда Усмоналиев билан Забелин ўйнади. Хуллас, таваккал қилдик. Биринчи бўлимда имкониятлар бўлмади, аммо иккинчи бўлимда вазиятлар ярата олдик. Афсуски, гол ура олмадик. Бир сўз билан айтганда, дуранг ўйинга мос тушди.

Жамоамнинг тайёргарлигидан қониққанман. Лекин Бахтиёр Қосимов, Муҳаммадкарим Тоиров, Владислав Васильев, Фарҳод Соҳибжонов каби футболчиларнинг ўйинидан қониқмадим. Ярим ҳимоячиларимиз тўғри паслар бера олмади. Мана, Усмоналиев ҳужумга ўтиб, курашди, ҳаракат қилди. Жарима майдони ичида бир нималар қилишга интилди. Кўп вазиятларда биз худди тўрт футболчисиз ўйнагандек бўлдик. Ўйинда бурилиш қилиш учун ўзгаришлар ҳам қилдик. Гол уриш учун бироз тажриба ҳам етишмади. Умуман олганда, жамоа ёмон эмас. Бизни олдинда “Локомотив”, “Насаф”, АГМК каби клубларга қарши ўйинлар кутяпти. Охирги турда “Турон”га қарши ўйнаймиз. Ўша учрашувга қадар ҳаммасини ҳал қилишимиз керак ва муаммоларимизни бартараф этишимиз талаб этилади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!