
Винисиус "Реал" билан 2030 йилгача шартнома имзолади – маоши Мбаппеникидан кам эмас!
Мадриднинг "Реал" клуби ўз етакчиларидан бири – Винисиус Жуниор билан шартномани узайтирди. "Sport.es" нашрининг хабарига кўра, янги келишув 2030 йилгача амал қилади ва унинг молиявий шартлари клубнинг белгиланган 15 миллион евролик маош чегарасидан ошиб кетди.
Энди 24 ёшли бразилиялик ҳужумчи йилига 20 миллион евродан кўпроқ маош олади. Гарчи бу сумма 30 миллиондан ошмаса-да, у "Реал"нинг энг кўп маош олувчи футболчисига айланди. Ушбу мақомда Винисиус Килиан Мбаппе билан бир хил даражада туради.
Бундай қарор клуб учун оқибатсиз ўтмаслиги мумкин. Манбага кўра, энди бошқа юлдузлар ҳам Винисиуснинг даромадига қараб, ўз шартномаларини қайта кўриб чиқишни талаб қилиши мумкин. Шу боис, клуб раҳбарияти маош сиёсатига ўзгартириш киритиш масаласини муҳокама қилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Винисиуснинг аввалги шартномаси 2027 йилгача амал қилар эди.
Фикрлар