Виталий Левченко: "Биз турнир жадвалига эмас, йигитларимизга эътибор қаратамиз"
Суперлигада 15-тур ўйинлари давом эттирилди. "Нефтчи" жамоаси бу тур ўз майдонида "Динамо"ни қабул қилди ва 3:2 ҳисобида ғалаба қозонди. Беллашувдан сўнг мезбонлар бош мураббийи Виталий Левченко матбуот анжуманида иштирок этди.
- Биринчи навбатда йигитларга бугунги иштиёқ учун миннатдорчилик билдираман. Илк дақиқаларданоқ 10 киши бўлиб қолиш икки ҳисса оғир. Аслида 3 тадан кўпроқ гол уришимиз мумкин эди, бироқ натижадан қониқдим.
- "Насаф" билан бўлгани каби бу сафар ҳам бир киши кам бўлиб ҳаракат қилдинглар. Ўзбек футболи Левченкони шунга ўргатиб бормоқдами?
- Ҳар доим тенг таркиб билан ўйнашни истайсан, аммо айрим вазиятларда қарорни биз қабул қилмаймиз. Йигитлар тактик бехато ўйин кўрсатди ва рақибга биздан кўпроқ гол уриш имконини бермади. Сабр қилиб қарши ҳужумларда вазият яратишди. Бугун ғалаба учун иштиёқ баланд эди ва йигитлар буни уддалади.
- Жасур Жалолиддиновни БАА клубига кетиши мумкинлиги ҳақида фикрингиз?
- Бу саволга раҳбарият жавоб бериши тўғри бўлади. Биз айрим футболчилар кетиши мумкинлигини билган холда селекция ишларини амалга оширдик.
- Легионерлардан истаган натижани олдингизми? Янги келганлар ҳақида фикрингиз қандай?
- Афсуски легионерлар бизнинг иқлимда ўзини ёмон ҳис қилмоқда. Натижада, маҳаллий футболчилар ичида кўринмай қолишди. Ўйлашимча, исталган легионер Ўзбекистонда ўйнаб кета олмайди. Ҳаво исиб кетгач, легионерларимиз ўзини йўқотиб қўйди. Ҳозир айнан шу омилдан келиб чиқиб янги футболчиларни жалб этдик.
- "Нефтчи" яна совринли ўринлар учун курашадими?
- Имконият ҳар доим бор. Бизни вазифамиз майдонга чиқиб жанг қилиш. Якунда, ўтириб ким қанча очко жамғарганини кўриш мумкин. Биз турнир жадвалига эмас, йигитларимизга эътибор қаратамиз.
Фикрлар