Виталий Левченко: "Пахтакор"нинг "Динамо"га қарши ўйинини чуқур таҳлил қилгандик"
Cоcа-Cоlа Суперлига 15-тури доирасида сафарда “Пахтакор”ни мағлуб этган “Нефтчи” клуби бош мураббийи Виталий Левченко ғалаба, рақибнинг кучли томонлари, босим ва жамоага янги қўшилганлар ҳақида фикр билдирди.
“Бизни қийин ўйин кутиб турганини билардик. “Пахтакор”нинг “Динамо”га қарши Кубок доирасидаги ўйинини чуқур таҳлил қилдик. Уларни ўргандик. Бугун йигитлар берилган кўрсатмаларни тўлиқ бажаришга муваффақ бўлишди. Ўйин охиридаги рақиб босимига чидаб беришди. Ўйлайманки, бугун ҳақли ғалабага эришдик”
“Рақибнинг аввалги ўйинини ўрганганимизда улар асосан вертикал паслар орқали ўйнаётгани, қанотлардан икки нафар ҳужумчисига паслар бўлаётганини кўрдик. Бунга қаттиқ тайёргарлик кўрдик ва уларнинг барча ҳужумларини қайтаришга эришдик. Футболчилар имкон қадар рақибга имконият қолдирмасликка ҳаракат қилишди.
Ҳозир жадвалдаги ўрнимизга қарамаяпмиз. Чемпионлик пойгаси? Ҳамон пойгадамиз. Ҳали пойгадан чиқиб кетмадик. Олдимизда ҳали етакчиларга қарши баҳслар бор. Қолаверса, турнир жадвалининг пастги қисмида бораётган жамоалар ҳали ҳар бир очко учун курашадилар. Айтишим мумкинки, бизга ҳам, бизга қарши ўйнайдиган жамоаларга ҳам осон бўлмайди.
Айрим ўйинларда омад ҳам келаётгани муҳим. Футболда омад кучлиларга кулиб боқади. Олдиндан қайси ўринни эгаллашимиз мумкинлиги ҳақида фикр билдира олмайман. Ҳали барчаси олдинда ва чемпионатимиз энди қизимоқда.
Жамоадаги айрим етакчи футболчиларнинг кетгани ўйинимизга у қадар таъсир қилмади. Жамоанинг ўзагини сақлаб қолдик. Қолаверса, янги келган футболчилар жамоамизга киришиб кета оладилар дея оламан”, - деди Левченко.
Фикрлар