Виталий Левченко: "Яширмайман, Хебайга қизиқишимиз бўлди, лекин..."

“Нефтчи” – “Насаф” (2:1) иштирокидаги учрашувдан кейинги матбуот анжуманининг иккинчи қисмида мезбонлар устози Виталий Левченко журналистларнинг саволларига жавоб қайтарди.

- Бугун биз лигадаги энг кучли жамоалардан бирига қарши майдонга тушдик. Номдор клубга қарши биз учун қийин учрашув бўлди. Доимий ўйин амалиётига эга бўлган жамоа билан ўйнаш оғирлигини билардик. Уларга қарши очиқ футбол намойиш этиш анча мураккаблигини ҳам билардик. Шу сабабли керакли жойларда ўзимизни тактикамизни қўллаб кўзланган мақсадга эришдик. Баъзи вазиятларда кўзланган мақсадимизга тўлиқ эриша олмадик. Энг асосийси, мухлисларимизга узоқ кутилган ғалабани олиб келдик.

- Владимир Назаровни ўзингиз танлаб олгансиз ва асосий таркибда тушяпти. Эндиликда у асосий таркибдан муқим жой оладими?

- Бу ерда ҳеч қандай муболаға йўқ, ўртада рақобат бор. Ким кучлилигини исботлса ва яхши тайёрланса ўша футболчи майдонга тушади. Ҳаммага маълум, қаердадир хато қилса рақобатда ютқазиб қўяди. Шунинг учун Владимир ҳам хато қилмасликка ҳаракат қиляпти, ўз устида ишлаяпти. Буни мен тўғри қабул қиламан. Футболда рақобатсиз тараққиётга эришиб бўлмайди. Бизда бундай соғлом рақобат борлигидан мамнунман.

- У биринчи узатмалардан хатоликка йўл қўйяпти...

- Бундай ҳолат техник хато ҳисобланади. Футболда баъзида бундай ҳолатлар учраб туради. Бунинг устида кўпроқ ишлаймиз. Машғулотларда яна кўриб чиқамиз. Бу ерда ҳеч қандай хавотирга ўрин йўқ. Ёш йигит ўз устида ишлаяпти. Янада кўпроқ ишласа етук дарвозабонлар қаторига кириб олади.

- Рубинг Хебайга “Нефтчи”дан қизиқиш бўлаётганлиги қанчалик рост?

- Албатта, матбуотни ҳамма кузатиб бораётган бўлса керак. “Андижон” клуби директори уни сотилмаслигини эълон қилди. Нархини баланд айтди ва кимни шу суммага қурби етса, марҳамат олиши мумкинлигини таъкидлади. Тўғри, яширмайман қизиқишимиз бўлди. Лекин бунчалик катта суммага сотиб ололмаймиз деб ҳисоблайман. Ўз имкониятимиз, бюджетимиздан келиб чиқиб иш кўрамиз. Агар қиммат нархга сотиб олсак, балки кейинги мавсумда бунча гол уролмас, маблағ осмонга учиб кетади. Шу боис ҳозирча имкониятимиздан келиб чиқиб, иш ташкил қиляпмиз. “Андижон” жамоасини ўзининг кучли футболчисининг нархини баланд қўйгани албатта бу ўзларининг иши. Саудия Арабистони, БАА, Қатар каби мамлакатларнинг бой клублари бундай ўйинчини сотиб олса балки тўғри бўлар.

- “Урал” билан ўйин режаларингизга қандай таъсир кўрсатади? Чунки у вақтда аксарият ўзбек жамоалари таътилга чиққан бўлади.

- Барча жамоалар қисқа танаффусга чиқишади. Бу ўйинлар бизнинг тайёргарлик жараёнимизни белгилаб беради. Мухлат давомида режа тузиб чиққанмиз ва шу режа бўйича тайёргарлик ишларини олиб борамиз. Ўйлайманки, Россиянинг “Урал” клуби билан ўртоқлик учрашувлари “Нефтчи”га ҳар томонлама фойда бўлади, деб ўйлайман. Россия премьер-лигаси вакилига қарши ўйин фарғоналик мухлисларга ҳақиқий совға бўлади.

- Мухлислар ҳақида фикрингиз?

- Улар ҳақида ижобий фикрдаман. Қачонки, сени тўхтамай қўллаб-қувватлашса бундай атмосферада маза қилиб ўйнайсан. Бундай муҳит ҳар қандай ўйинчи учун адреналин бўлади. Ишқибозларнинг тинимсиз олқиши натижасида футболчиларга қўшимча куч қўшилади. Шу боис ғалабаларда мухлисларнинг ўрни беқиёс. Улар бошидан охиригача қўллаб туришса йигитлар чарчоқ нималигини билишмайди. Бундай мухлислар олдида тўп суриш футболчиларни ғалабага бўлган ишончини оширади. Ишқибозларга респект! Қанча кўп келса, жамоамизнинг ғалаба қозониш имконияти кўпроқ бўлади.

- “Нефтчи” ортиқча шов-шувларсиз мавсумга киришди. Ҳозирда совринлар учун курашяпти. Иккинчи даврада қандай ўзгаришлар бўлади?

- Албатта, ҳаракат қиламиз. Ҳали чемпионат тугамади. Юқори ўринлар учун курашамиз. Бу борада бизга янги қонлар ҳам керак деб ўйлайман. Янги футболчилар келса, жамоага янги қон қуйилади. Бу борада ҳам тегишли ишларни олиб боряпмиз. Иккинчи даврага яхши кайфиятда кириб келамиз.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!