Виталий Ни: «Насаф»дан нима учун кетганимни тушунмадим
“Насаф” клубининг бугунги ҳолатидан барчанинг хабари бор. Молиявий муаммолар жамоани мушкул аҳволга тушириб қўйди. Ҳаттоки, у ерда кадрлар алмашинуви ҳам юз беррди. Ёдингизда бўлса, яқинда клуб бош менежери Шамиль Ярулиннинг ўрнига клуб академиясида директор бўлиб ишлаб келган украиналик Сергей Кучеренко тайинланганди. Шундан кейин эса “Насаф”да бир неча йиллардан бери садоқат билан меҳнат қилиб келган Виталий Ни ҳам истеъфога чиқарилди. Унинг ўрнини эса молдавиялик мутахассис Николай Минчев эгаллади. Лекин ҳозирча вазият ўзгаргани йўқ. Албатта, Ярулин билан Нининг клубга қўшган ҳиссасини инкор этиб бўлмайди. Улар йиллар давомида “Насаф”нинг мавқеини кўтариш учун меҳнат қилдилар. Лекин ҳаётда ўзгаришлар бўлиб туради. Шу нуқтаи назардан олиб қараганда, Виталий Николаевичнинг ҳам “Насаф”даги фаолиятига якун ясалди.
Виталий Нининг “Насаф”да кўрган-кечирганлари
- Афсуски, “Насаф” клуби ҳозирги вақтда молиявий қийинчиликни бошидан ўтказмоқда, - деб гап бошлади, Виталий Николаевич. - Тўғриси, бу жамоани бундай аҳволда кўриш шахсан мен учун жуда ҳам оғир. Клубнинг бундай ҳолатга тушиб қолиши шубҳасиз молиявий муаммолар билан боғлиқ. Лекин бу вазият “Насаф”да биринчи марта рўй бераётгани йўқ. Олдинлари ҳам шунга ўхшаш ҳолатлар бўлган. Масалан, 2000-2001 йиллари ва 2005-2006 йилларда ҳам молиявий муаммолар кўзга ташланганди. Лекин ўша пайтларда футболчилар клубга содиқлигини исботлаб бор эътиборини фақат ғалабаларга ва жамоанинг манфаатига қаратишганди. Ўшанда пул асосий ўринга чиқмаганди. Яъни, биз бунгача ҳам ҳозиргидек қийин шароитни босиб ўтганмиз. 2009 йилдан бошлаб “Насаф”га янги бош ҳомий бириктирилганидан кейингина клубда пул муаммоси йўқолди. Энди жамоа умуман бошқача қиёфа касб эта бошлаганди. Янги стадион ва янги академия қурилди. Клуб базаси ҳам идеал даражада барпо этилди. Тўғриси, “Насаф”нинг инфраструктураси ҳар томонлама пухта ишлаб чиқилганди. Шу боис бемалол айтишим мумкинки, жамоанинг инфраструктураси Ўзбекистондаги ягонаси эди. Стадион ҳақида эса гап бўлиши мумкин эмас. Бу чинакам футбол стадиони. Тўғри, ҳамма жойда ҳам стадионлар бор, аммо стадионнинг ҳам стадиондан фарқи бўлади. Бу ҳол эса асосан у ердаги шарт-шароитлар борасида фарқ қилади. Стадион дегани – бу фақат майдонда тўп тепиш билан баҳоланмайди. Унда ҳамма шароит бўлиши шарт. Айнан “Насаф”да бу борада муаммо топа олмайсиз. Айнан стадион масаласида ҳам “Насаф” бошқалардан олдинда эди. Ёдингизда бўлса, 2011 йили ОФК Кубогини ютгандик. Ўшанда ОФКдан юқори мартабали меҳмонлар ташриф буюришганди ва уларнинг қаторида 9 нафар ўз соҳасининг етакчи мутахассислари ҳам келишганди. Финал ўйинидан олдин улар бизнинг ишчилар билан ўзаро ҳамфикрликда ўйинга тайёргарлик кўришган. Демоқчиманки, “Насаф”да ҳамма ўз ишига профессионал даражада ёндашишни ўрганганди. Бизда халқаро тажриба ошиб бораверган. Ўшанда ОФК Кубоги финалини юқори савияда ўтказгандик. ОФКдагилар бизга қандай ишлаш кераклигини яхшилаб ўргатишганди. Шунингдек, Осиё Чемпионлар лигасида мунтазам қатнашдик ва ҳар йили стадионга ОФКдан мутахассислар келишарди. Эътиборлиси, ҳар бир келган меҳмон “Насаф”нинг стадионига юқори баҳо бериб кетишарди. У ерда мухлислар учун ҳам шароитлар жуда ажойиб даражада яратилгани уларни доимо хурсанд қиларди. Бир сўз билан айтганда, жамоамизда профессионализм жуда яхши шаклланганди. Ёдингизда бўлса, бу жамоанинг муваффақияти 2002 йилдан бошланганди. Ўшанда “Насаф” Осиё Кубок эгалари Кубогида иштирок этганди. Баҳром Ҳакимов бош мураббий эди, Норқул Даминов эса клуб раҳбари ҳисобланарди. БАА ва Эрондаги мусобақаларда “Насаф” ҳаммани ҳайрон қолдиргани ёдимда. Биз ярим финалга чиқиб кучли тўртликдан жой олгандик. Ўша мусобақадан сўнг “Насаф”нинг клублар рейтингидаги ўрни ҳам сезиларли даражада кўтарилганди. Ўша пайтда ҳаттоки Россия ва Украина клубларидан ҳам рейтингдан юқорироқда бўлгандик. Айнан ўша муваффақиятдан кейин 2011 йили қўлга киритилган ОФК Кубоги эса янги тарих яратилишига замин бўлганди. Ўзбекистон жамоаси илк бор ОФК Кубогини қўлга киритиб тарихдан жой олди. Буни ҳеч қачон унутиб бўлмайди. Бундан ташқари, клуб Ўзбекистон чемпионатида ҳам ҳамиша совринли ўринлар учун курашадиган бўлди. Осиё Чемпионлар лигасида ҳам гуруҳ босқичларида мунтазам қатнаша бошлади. Бу албатта меҳнатларимизнинг самараси эди. Албатта, бугунги кунга келиб мана шундай катта муваффиқиятларга эришган “Насаф”ни бундай аҳволда кўриш жуда алам қилади. “Пахтакор”, “Бунёдкор”, “Локомотив” сингари фаворитларга асосан “Насаф”гина муносиб қаршилик кўрсатиб келаётганди. Аммо бу йилги мавсумда ҳаммаси ачинарли тус олди. Жамоанинг кучли олтиликка кира олмасдан 9-ўринда эканлигини кўриш менга оғир. Ҳозирги пайтда таркибнинг 95 фоизи клуб академияси тарбияланувчилари ташкил қилади. Лекин бундай шароитда ишлаш Рўзиқул Бердиевга ҳам қийин бўляпти. Шунга қарамай, у маҳаллий ёшлар билан бўлса ҳам жамоани “ушлаб” туришга ҳаракат қиляпти. Лекин мен жамоанинг бундай вазиятга тушиб қолишини вақтинчалик ҳолат деб ҳисоблайман. Умид қиламанки, “Насаф” яна ўз мавқеига қайтади. Фақат бунинг учун бироз вақт керакка ўхшаяпти.
Клубдан нима учун кетди?
- Клубдан кетишимнинг сабабига келсак, ҳаммаси кутилмаганда содир бўлди, - дейди суҳбатдошимиз, - Аввалига клуб бош менежери Шамил Ярулиннинг кетганини эшитиб бундан ажабланиб қолдим. Мен Тошкентда эканлигимда Сергей Кучеренко раҳбарият томонидан Ярулиннинг ўрнига тасдиқланган экан. Кейин у билан кўришганимда ишдан бўшаш учун ариза ёзишимни сўради. Ана шунда мен иккинчи бор ажабландим. Чунки бу мен учун кутилмаган вазият эди ва бунга ҳали тайёр эмасдим. Майли, бу ҳаёт. Лекин нима учун кетганимнинг сабабини тушунмадим. Билсангиз, Сергей Кучеренко бунгача академия директори сифатида ишларди. Мен эса клуб спорт директори эдим. Назаримда, бунгача ўзаро иш жараёнида у мендан хафа бўлиб қолган. Лекин айнан қайси сабаб ва нима учунлигини билмайман. Ваҳоланки, қўлимдан келганича академияга ҳам ёрдам кўрсатиб келардим. Халқаро миқёсидаги турнирларга чиқишида амалий тарзда ёрдамлашардик. Масалан, 2009 йили “Машъал”да ҳам спорт директори бўлиб ишлагандим. Ўшанда Баҳром Давлатов менежер эди. Клуб академияси эса жуда яхши ҳолатда эди. У ерда иқтидорли болалар кўп эди. Мен ишимнинг кўп қисмини ушбу академияга ҳам қаратгандим. Ўшанда Баҳром Байжоновичга бундай иқтидорли ёшлар албатта халқаро мусобақаларда қатнашиши кераклигини айтгандим. Чунки бизникилар асосан Қарши ва Тошкентдаги турнирларга борарди холос. Шундан сўнг биз Қозоғистонга, Чимкент ва Жамбулга бориб халқаро мусобақада иштирок этдик. Кейин Россияга бордик ва шу тарзда ёшларимиз учун четга йўл очилди. Демоқчиманки, “Насаф” академиясидаги тарбияланувчиларни ҳам четга, тажриба ошириш учун халқаро мусобақаларга юборишни йўлга қўя олдик. Нима бўлганда ҳам “Насаф”га бефарқ эмасман ва жамоага фақат омад тилайман.
Босиб ўтган йўли
- 2001 йили “Насаф”га Баҳром Ҳакимов бош мураббий этиб тайинланганида мени ҳам ишга чақирганди ва шу билан ушбу клубдаги ҳаётим бошланган, - дея гапни давом эттирди Ни, - Кейин 2003 йили Қўқонга келдим у ерда Рустам Абдуллаев билан бирга ишладим, кейинчалик ўзим бош мураббийликка ўтдим. 2004 йилда эса ҳеч қаерда ишламадим, асосан дам олдим. 2005 йили Баҳром Ҳакимов Самарқандда “Динамо” клубида иш бошлаганидан кейин мен ва Зоҳид Нурматовни таклиф қилди ва у ерда ишга киришдик. Сўнг Ҳакимов яна “Насаф”га қайтиб борди ва мен билан Зоҳидни ҳам яна ёрдамчи мураббий сифатида олиб кетди. Кейинчалик Баҳром ака жамоадан кетди, аммо мен қолди. Сўнг Виктор Борисов билан бирга ишладик. Шунингдек, Эдгар Гесс ва Усмон Тошев ҳам ишлашди. Орада ўзим ҳам “Насаф”га вақтинчалик бош мураббийлик қилдим. Владимир Фомичёв келгач, у билан бирга фаолият олиб бордим. Дарвоқе, орада вилоят ҳокими раҳматли Нуриддин Зайниев мени биринчи лигада янги ташкил этилган “Динамо-01” жамоасида ишлаб ёрдам беришимни айтди ва ўша ерда ҳам меҳнат қилдим. 2009 йилда эса Баҳром Давлатов мени “Машъал”га таклиф этди. Юқорида айтганимдек, у ерда спорт директори лавозимида ишладим. Айнан шу йилдан бошлаб мен мураббийлик соҳасида эмас, балки энди бошқа лавозимда ишга киришдим. Сўнг Баҳром Байжанович “Насаф”га ўтгач, мени ҳам у ерга чақирди. Украиналик Анатолий Демьяненко билан бирга ишладик ва айтишим керакки, анча самарали ишлагандик. 2012 йили Шамиль Ярулин клуб менежери этиб тайинланганидан кейин мени спорт директори лавозимига тайинлади. Фақат шу йили январь ойида техник директори сифатида ишлай бошладим. Чунки ОФКнинг талабига кўра жамоадан шундай лавозим жорий этилган бўлиши лозим эди.
Шуҳратбек ЖЎРАЕВ суҳбатлашди.
Фикрлар