Водий клубидан таклиф бўлдими? Футболни алдаб бўлмайди деганда нимани назарда тутди? Андрей Шипиловдан ўзгача жавоблар
Истеъфо – бу мураббийнинг ҳаётида чамбарчас боғлиқ. Кузатаётган бўлсангиз, чемпионатимиз бошлангач, тезда мураббийлар ўзгариши кузатилди. Улардан бири бевосита Андрей Шипилов билан боғлиқ бўлгани кўпчилик учун кутилмаган ҳолат бўлди, шундай эмасми?
Ҳолбуки, у “Металлург”ни уч йилдан зиёд вақт давомида бошқариб келган ва натижалар ҳам чакки эмасди. Жорий мавсумнинг илк турларида кейиноқ, Андрей Сергеевичга чиқиш эшиклари кўрсатилди. Натижада у юртимиздаги “нафақа”даги мураббийлар қаторига қўшилди. Лекин унинг яна ўз ишига қайтиши борасида ҳам гап-сўзлар йўқ эмас.
- Андрей Сергеевич, истеъфога чиқарилган мураббий учун энг оғриқли ҳолат нима?
- Бу масалада ҳамманинг ўз индивидуал қараши бор. Вазият шундан келиб чиққан ҳолда кўриниш ҳосил қилган.
- “Металлург”нинг ўйинини кузатиш сизга қизиқми?
- Мен шу вақт давомида АГМК ва “Пахтакор”нинг ўйинларини томоша қилдим. Шунингдек, энди “Насаф”нинг иштирокини ҳам сабрсизлик билан кутяпман. Умид қиламанки, барча жамоалар бизни яхши натижалар билан қувонтиради. Мен шунга қаттиқ умид боғлаганман.
- Сиз учун Ўзбекистоннинг энг кучли мураббийи ким?
- Буни изоҳсиз қолдираман.
- Мураббийлик ишингизда танаффус қилмоқчимисиз ёки тезроқ ишга қайтмоқчимисиз?
- Ҳаммаси ишлаш учун яратилган шарт-шароитларга чамбарчас боғлиқ. Жумладан, инфратузилма ҳамда молиявий имконият бу борада катта аҳамият касб этади. Раҳбариятнинг тушуниши бевосита жамоа олдига қўйиладиган вазифаларни белгилаб олишда қўл келади.
- Шундай гап-сўзлар пайдо бўлди: яъни, сизга “Андижон”дан таклиф бўлган?! Шу ростми?
- Бу борада айни чоғда бирор-бир изоҳ беришга ожизман. Мен муайян таклиф бўлмагунча бу масалани кўриб чиқиш ниятида эмасман. Мени шундай тарбиялашган: ишлашим мумкин бўлган жойда бошқалар меҳнат қилаётган экан, уларнинг ўрнига асло кўз тикмайман. Ваҳоланки, бизда бунинг умуман акси ўлароқ, бошқа киши ишлаётган жойга назар ташлаш, керак бўлса, уни сиқиб чиқариш каби салбий ҳолатлар кузатиб турилади. Энди бундай ҳолатлар оддий воқеа сифатида қабул қилинадиган бўлиб қолган.
- “Пахтакор”нинг Осиё Чемпионлар лигасида гуруҳда қолиб кетганига қандай муносабат билдирасиз?
- Бу жуда ачинарли ҳолат. Бундай вазиятга назар ташлаш кишини жуда қийнаб юборади. Шундай ҳолатлар юзага келса, жамоадаги етакчилар бир чеккага ўтиб томошабин бўлиб олишни маъқул кўрадилар. Улар шундай вазиятда худди жамоада йўқдек бўлиб қолишади. Бу “Пахтакор”нинг ички муаммолари бўлиб, ҳолат қандай тус олганидан мутлақо бехабарман. Қувонтираётган ягона нарса шуки, ёш футболчилар ўзларини намойиш этишга муваффақ бўлмоқдалар. Улар учун бу турнир ўзига яраша синов мактаби вазифасини бажариб берди. Энди бу йигитлар янада ўсишлари учун нима қилишлари кераклигини билиб олдилар.
- Суперлигада қайси жамоадан сюрприз кутяпсиз?
- Сюрпризлар бўлмайди. Ҳамма ўз ўрнида қолади. Футболни алдаб бўлмайди. Кимдир машғулотда чурқ этмай тишни-тишга қўйиб шуғулланса, яна кимдир шунчаки гап сотишдан ва вақтни беҳуда ўтказишдан бўшамайди. Дастлабки тоифадаги ўйинчилар эса албатта фаолиятлари давомида муваффақият қозонадилар.
Фикрлар