Хаби Алонсо: "Ҳа, мен "Реал"ни бошқаришдан завқ оляпман"
"Реал Мадрид" УЕФА Чемпионлар лигасининг 5-турида "Олимпиакос" билан тўқнаш келади. Ушбу беллашув олдидан "қироллик клуби"нинг бош мураббийи Хаби Алонсо матбуот анжуманида иштирок этиб, ўйин олдидан ўз фикрлари билан ўртоқлашди
— Сиз ростдан ҳам “Реал”да ишлашдан завқ оласизми?
— Бу жуда толиқтиради — бу очиқ-ойдин. Лекин бундай вазиятларга дуч келаётган биринчи мураббий мен эмасман. Бу ерда ҳеч қандай янгилик йўқ.
Бундай ҳолатлар билан яшашни билиш керак. Охирги ўйинлардан мамнун эмасмиз, лекин Лигада ва Чемпионлар Лигасида қандай ҳолатдамиз — буниям кўриб турибмиз. Ҳаммасини ҳисобга олсак, ҳа — мен бу ишдан завқ оляпман.
— “Реал Мадрид”ни бошқариш қийинми?
— Айнан кутганимдек бўлди — бу жуда катта меҳнат талаб қиладиган иш.
Баъзи вазиятларда тўлиқ диққат керак бўлади, бошқа пайтларда эса тезкор фикрлаш талаб этилади. Лекин мен бу жараённинг барча жиҳатларидан завқ оляпман.

— Жамоа ичидаги муҳитни бошқариш қай даражада муҳим?
— Бу ҳам тактика, ҳам жисмоний тайёргарлик каби муҳим. Бу ҳар бир жамоада зарур — “Реал”да ҳам, бошқа клубларда ҳам.
— Эртанги учрашув ҳақида?
— Бизга ғалаба таъмини қайта ҳис қилиш учун яхши ўйин керак. Яхши ўйнашимиз ва диққатни юқори сақлашимиз шарт. Бу ўйин бизнинг саралашдаги ҳолатимиз учун муҳим.

— “Реал Мадрид” — бу мураббийлар эмас, ўйинчилар клуби, деган фикрларга муносабатингиз?
— Ҳар қандай жамоада энг муҳим нарса — футболчилар. Уларининг сифати, хулқи ва тайёргарлиги. Биз уларни қўллаб-қувватлашимиз ва ёнида бўлишимиз керак.
— Ўйинчилар мураббий ишига халақит бериши мумкинми?
— Футболчиларга ҳар доим ҳурмат билан муносабатда бўлиш керак. Мен бу ҳақда очиқ гапирмайман. Чунки кийиниш хоналарининг табиати, футболчилар қандай босим остида экани ва ташқи овозларга қандай реакция қилиши тўғрисида яхши биламан.
Бундай вазиятлар диққатни йўқотмасликни ўргатади. Натижалар кутганимиздек эмаслигини тушунамиз, лекин бу бизни танлаган йўлдан қайтармаслиги керак.



Фикрлар