Халқаро аралаш жанг санъатлари федерацияси (IMMAF) президенти ўзбекистонлик ММА вакилларига юқори баҳо берди
Хабарингиз бор, 24 август куни Қирғизистоннинг Бишкек шаҳрида ММА бўйича Ўзбекистон ҳамда Қирғизистон терма жамоалари ўзаро куч синашишди. Мазкур ўзига хос ўртоқлик учрашув ҳар икки мамлакат мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан ташкил этилди.
Маълумки, ушбу жанг оқшоми 10 та вазн тоифасида ҳаваскор йўналишида ва IMMAF қонун-қоидалари асосида ўтказилди. Натижа эса ҳамюртларимиз фойдасига 10:0 кўриниш олди.
Эътиборлиси ушбу турнирга Халқаро аралаш жанг санъатлари федерацияси (IMMAF) президенти Керрит Браун, бош директор Денсин Уайт ҳамда IMMAFнинг ривожланиш бўйича директори Андрей Мошанов ҳам ташриф буюрди.
Мазкур мутасадди шахслар Ўзбекистон делегацияси жумладан, Ўзбекистон ММА ассоциацияси биринчи вице-президенти Шерзод Тошматов билан ҳам учрашиб, Ўзбекистонда нуфузли турнирлар ўтказилиши борасида ўзига хос режалари билан ўртоқлашди.
Қолаверса, Ўзбекистонда ММА йўналиши жадал суръатларда ривожланиб бораётганлигини, жангчиларимизнинг салоҳияти юқори эканлиги ва ажойиб эпикировкалар танланганлигини ҳам алоҳида эътироф этиб ўтди.
Бундан кўриниб турибдики, Халқаро аралаш жанг санъатлари федерациясининг (IMMAF) ҳам Ўзбекистон ММА ассоциациясига ишончи юқори. Демак, тез орада IMMAF томонидан юртимизда ажойиб турнирлар ва жанг кечалари ташкил этилса, ажаб эмас!
Фикрлар